14:38 / 28.09.2020
1 337

Шерзод Шерматов нима учун Тожикистонда мактаб қурилганини тушунтирди

Шерзод Шерматов нима учун Тожикистонда мактаб қурилганини тушунтирди
Тожикистон Республикаси, Сўғд вилояти, Спитамен ноҳиясида шу вақтга қадар 32 та мактаб бор эди. Ўзбекистон Республикаси томонидан беғараз қуриб берилган мактаб 33-си бўлди. Кеча мана шу мактабнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон томонидан халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.

Аввало икки оғиз мактаб жойлашган ҳудуд ҳақида. Турсун Ўлжабоев номидаги маҳалла янгидан бунёд этила бошлаган бўлиб, илгари бу ерлар дала-дашт жой эди. Уч-тўрт йил муқаддам мана шу лалми жойлардан аҳолига уй қуриш учун текинга ер ажратиб берила бошланди. Ҳозир маҳаллада бўш ер деярли қолмаган. Фақат бир муаммо — мактаб етишмаётган эди.

2018-2019 йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича ишлаб чиқилган «Йўл харитаси»га мувофиқ сўғдликларга совға ўлароқ ушбу мактаб қуриб битирилди.

Мактабга кирсангиз, ҳавасингиз келади. Замон талаблари асосида бунёд этилган таълим масканида сифатли таълим олиш учун барча имкониятлар яратилган. Мактаб физика, кимё, астрономия, биология, чизмачилик бўйича ихтисослаштирилган фанлардан амалий машғулотларни, шунингдек, ўғил болаларни металл ва ёғочни қайта ишлаш, қизларни уй хўжалиги, ошпазлик санъати ва ҳунармандчилиги бўйича меҳнат кўникмаларига ўргатиш учун индивидуал шартларга биноан амалга оширилди. Мактаб ёпиқ спорт зали, очиқ стадион, замонавий кутубхона билан тўлиқ жиҳозланган.

Энди бу мактабда ўзбек ва тожик тилларида дарс ўтилади. Шунингдек инглиз тилига ҳам урғу берилиши кўзда тутилган.
Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайлангани ҳамоно ташқи сиёсатда устивор йўналиш сифатида қўшни давлатлар билан алоқани яхшилаш ҳаракатларини бошлаган эди. Шу мақсад йўлида барча қўшни давлатлар, шу жумладан Тожикистон билан алоқалар кучайтирилди. Ўзингиз яхши биласиз, чегаралар очилди, иқтисодий ва маданий ҳамкорлик кучайди. Мана шу ҳамкорликнинг асоси сифатида ушбу мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилганини айтиш мумкин. Чунки таълим — узоқ муддатли ҳамкорликнинг пойдевори бўлиши лозим.

Мактаб билан танишиш вақтида ўқувчиларни кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Улар турли тилларда бемалол гапиришларидан кўнглим кўтарилди. Тарихан олиб қараганда ҳам бизнинг ҳудудларимиздан Абу Али Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва бошқа алломалар етишиб чиққан. Биз улар билан фахрланамиз ва келажакда мана шу мактабдан ҳам дунё танийдиган олимлар етишиб чиқишини ният қиламиз
, — дейди Шерзод Шерматов.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)