21:47 / 25.10.2020
4 274

Илҳом Алиев Озарбайжоннинг асосий қурол етказиб берувчиси кимлигини айтди

Илҳом Алиев Озарбайжоннинг асосий қурол етказиб берувчиси кимлигини айтди
Фото: «President.az»
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Франциянинг Le Figaro газетасига берган интервьюсида Россия мамлакат учун асосий қурол етказиб берувчи эканлигини маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«Биз қуролларни кўплаб мамлакатлардан сотиб оламиз. Энг кўп ҳарбий техникани Туркия ҳам, Исроил ҳам эмас, Россия бизга етказиб беради. Аммо Арманистондан фарқли ўлароқ, биз Россиядан сотиб олинган қурол-яроғ учун пул тўлаймиз. Арманистон қуролни Россиядан бепул олади. Биз қуролларни, шунингдек, Эрон, Украина ва Беларусдан ҳам оламиз. Албатта, бугунги кунда бизда армиямизга ҳудудий яхлитлигимизни қайта тиклашда ёрдам берувчи замонавий қурол-яроғ сотиб олиш имконияти бор», — деди Алиев.

Давлат раҳбари, шунингдек, Озарбайжон ўз ҳудудий яхлитлигини ўзи мустақил тиклаётганини таъкидлади.

«Табиийки, бизнинг минтақада ҳар қандай мамлакат қурол сотиб олади. Дунёдаги барча мамлакатлар ҳам ўзини қурол-яроғ билан 10 фоиз таъминлай олмайди. Шундай экан, бу ерда ғалати нарсанинг ўзи йўқ. Албатта, биз қурол учун пул тўлаймиз, яхши қурол сотиб оламиз ва у бизга жойларда ёрдам бермоқда. Бироқ ҳудудлар истилодан дронлар ёрдамида озод этилаётгани йўқ. Ҳудудлар у ерда ўз бурчларини ўтаётган аскарлар, одамлар томонидан озод қилинмоқда.

Октябрь ўрталарида Алиев арманистонлик бизнесменлар мамлакатга қурол ва ёлланма жангчиларни контрабанда йўли билан Россиядан олиб кираётганини айтган эди. Озарбайжон президенти сўзларига кўра, арманистонлик бизнесменлар, шу жумладан, Самвел Карапетян ва Ара Абрамян шу мақсадлар учун 30-40 миллион доллар турадиган Ил-76 самолётини сотиб олган.

Аммо «РБК»га берган интервьюсида Россия арманлар иттифоқи президенти Ара Абрамян Арманистонга қурол етказиб бериш айбловларини рад этиб, бизнесменлар фақат гуманитар ёрдам билан шуғулланаётганини айтганди.

Аввалроқ Бокудаги АҚШ элчихонаси Озарбайжон пойтахтида террорчилик ҳужумлари уюштирилиши ҳамда АҚШ фуқаролари ва чет элликлар ўғирлаб кетилиши мумкинлиги ҳақида ишончли маълумотни қўлга киритган эди.

Эслатиб ўтамиз, Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар тинчликка эришиш учун қилинган иккита уринишга қарамасдан, 27 сентябрдан буён давом этмоқда. Озарбайжон ва Арманистон 10 октябрь куни соат 12:00 дан бошлаб Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олганди. Аммо шу куни кейинроқ Арманистон ва Озарбайжон Мудофаа вазирликлари бир-бирини Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш режимини бузишда айблади.

19 октябрда Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғдаги можаро бўйича музокаралар ўтказишга тайёрлигини маълум қилган. Кейинроқ Пашинян Тоғли Қорабоғда Россия учун бевосита хавф солувчи Сурия террорчилик гуруҳлари жангарилари бўлганлиги учун Москва у ерда аксилтеррорчилик операцияларини ўтказиш учун асосга эга эканлигини айтган.

Туркия эса Боку илтимос қилса, «иккиланмасдан» Озарбайжонга аскарларини жўнатиши ва ҳарбий кўмак беришини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Илҳом Алиев Озарбайжоннинг асосий қурол етказиб берувчиси кимлигини айтди