22:53 / 04.11.2020
2 679

АҚШдаги сайловлар: ғолиб йўқ, фарқ кичик, буёғига нима бўлади?

АҚШдаги сайловлар: ғолиб йўқ, фарқ кичик, буёғига нима бўлади?
Фото: EPA/Vostock-photo
Кўплаб таҳлилчилар ва америкаликлар бир хулосада якдил: Байден ишлари яхшимас, Трамп эса прогнозларни йўққа чиқарди.

Номзодлар кутилганидек одатда республикачилар ёки демократларга овоз бериши маълум бўлган штатларда ғолиб бўлишди. Кураш тақдири «иккиланувчи» штатларда - Жоржия, Пенсильвания, Мичиган ва Шимолий Каролинада ҳал бўлади. Флорида, Техас ва Оҳайо ҳам шу каби тебранувчи штатлар сирасидан эди, аммо бу штатларда Дональд Трамп ғолиб чиқиши аниқ бўлиб улгурди.

Ёқимсиз сюрпризлар
Флорида учун кураш жуда қизғин кечди, бу штатда етакчилик деярли ҳар дақиқада ўзгариб турди, аммо Байденга штатнинг йирик округларидан бири Майами-Дейддагиларнинг овози етишмади, унинг штабидагилар ушбу округнинг қўллаб-қувватловидан умид қилишганди.

Трамп эса кутилмаганда Флоридада испан тилли гуруҳларнинг овозларига эга чиқди, келиб чиқишига кўра Кубадан бўлганлар яшайдиган ҳудудларда у устунликка эришди.

Аммо Трампни ҳам ёқимсиз сюрприз кутиб турарди: одатда республикачиларники бўлган Аризона бу сафар Байденни маъқул кўрди. Бу штатда якуний натижалар маълум эмас, аммо «Ассошиэйтед пресс» таҳлилчилари бу ерда демократлар ғалаба қозонганига шубҳа қилмаяпти.

Аризона демократ президент учун 1996 йилдан буён овоз бермаган, аммо Байден шу штатда истиқомат қилувчи, келиб чиқишига кўра лотин америкалик бўлган ёшларнинг овозларига эга чиқишга урғу қаратди ва фаол кампания олиб борди.

Аризонадаги ғалаба унга 11 нафар делегат овозини олиб келади.

Трамп Олий суд билан таҳдид қилмоқда
Овозларни тўлиқ ҳисоблаш жараёни кўп вақтга чўзилиши мумкин. Айрим штатлар почта орқали юборилган овозларни ҳисоблашни бошламаган, айрим ҳудудларда овозларни ҳисоблаш 20 ноябрга қадар чўзилиши мумкин.

Аммо Дональд Трамп тонгда ўзини ғолиб деб эълон қилди ва Олий суд орқали овозларни ҳисоблашни тўхтатишга эришмоқчилигини айтди. Унинг фикрича, сайлов комиссияси почта орқали келган бюллетенлар натижасини рўкач қилган ҳолда сайлов натижаларини истаганча ўзгартириши мумкин.

Сир эмаски, сайлов кунидан бир неча ҳафта олдин почта орқали асосан демократлар овоз беришди. Республикачилар дарҳол бу усулда овоз бериш ишончсизлик туғдириши ва фирибгарликка йўл очиши мумкинлигини айтиб чиқишди.

Аммо почта орқали овоз бериш қонуний ҳисобланади. Тўғри, аввал бундан фойдаланиш учун маълум талаблар қўйилар эди. Бу сафарги сайловларда эса коронавирус пандемияси туфайли почта орқали овоз бериш оммалашди.

BBC’нинг Шимолий Америка бўйича муҳаррири Энтони Зуркернинг фикрича, Трампнинг талаби кутилмаган ҳол эмас. У бир неча ҳафта мобайнида агар сайлов натижалари дурангга яқин бўлса, демократларни фирибгарликда ва ўзининг овозларини ўғирлашда айблашини айтиб келди.

«Бу барча қўрққан сценарий эди. АҚШ президенти овозларни санаш жараёнини таҳдид остида қолдирди. Бу жараён муддатидан илгари ёки почта орқали овоз бериш ҳозиргидек оммабоп бўлмаган йилларда ҳам сайловдан кейин бир неча кунга чўзилган.

Трампнинг баёнотидан кейин вице-президент Майк Пенс унинг сўзларини юмшатишга уринди. Овозларни санаш жараёни ниҳоясига етмагунча, ғолиб чиққанликларини эълон қилишдан бош тортди.

Бу сиёсий ноаниқлик даврида Америка раҳбарининг кутилган хатти-ҳаракатларига кўпроқ мос келади. Аммо зиён етказиб бўлинди. Ғолиб чиқиш-чиқмаслигидан қатъи назар, Трамп бу сайловларга соя ташлаб бўлди. Бу эса АҚШ демократиясининг бутун механизмини савол остига қўяди», дея ёзди Зуркер.

Қайси штатлар президент ким бўлишини аниқлайди?
Трамп ва Байден ўртасидаги кураш ҳали тугамайди. Қуйида бу сайлов тақдири қаерда ҳал бўлиши ва ҳозир нимага эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида.

Дональд Трамп Флорида, Оҳайо ва Техас каби муҳим штатларда ғолиб чиқишни уддалади, аммо у иккинчи муддатга сайланиш учун яна бир неча муҳим штатларда ғалаба қилиши керак. Байденда ҳам ғалаба учун бир неча йўналишлар бор.

Овозларни ҳисоблаш давом этаётган муҳим штатлар:
  • Аризона (11 делегат). Анъанага кўра республикачи штат, бу йил эса ғолибни аниқлаш учун муҳим майдонга айланди. Овозларнинг 99 фоизи ҳисоблаб чиқилган ҳолатда Байден олдинда бормоқда - 51 фоиз. Кўплаб нашрлар у бу штатда устун келганига шубҳа йўқлигини ёзмоқда. Аммо ҳали кутиш керак.
  • Жоржия (16). Республикачиларнинг яна бир таянч штати, аммо бу сафарги сайловда бу штат ҳам иккиланувчи штатлардан бирига айланди. Айни вақтда, овозларнинг 90 фоиздан ортиғи ҳисоблаб чиқилган вақтда Трамп 50 фоиздан ортиқроқ овоз билан бироз олдинда бормоқда, аммо Атланта ва шаҳар атрофидаги бюллетенлар ҳисоблаб чиқилмаган.
  • Невада (6). Байден бу штатда кутилганидан қийинроқ рақобатга дуч келди. Айни вақтда у арзимас фарқ билан олдинда бормоқда - овозларнинг 86 фоизи ҳисобланган, 49,3 фоизга 48,7 фоиз.
  • Висконсин (10). Ўрта Ғарбдаги асосий кураш майдони. Штат 20 йил мобайнида демократларни қўллаб келган, фақат 2016 йилда Трамп учун овоз берган. Ҳозирда бу штатда овозларнинг 97 фоизи ҳисоблаб чиқилган, Байден кичик устунликка эга - 49,5 фоизга 48,8 фоиз.
  • Мичиган (16). Сўнгги соатларда Мичиганда ҳам Байден олдинга чиқиб олгани ҳақида хабарлар келди. Аммо бу ҳаммаси ҳал бўлди дегани эмас. 90 фоиз овоз ҳисобланган ҳолатда унинг устунлиги 49,3 фоизга 49,1 фоиз.
  • Пенсильвания (20). Бу штатда сайлов тақдири ҳал бўлиши мумкин. Бу ерда Трамп анча илгарилаб кетган, аммо ҳали почта орқали юборилган кўп сонли бюллетенлар ҳисоблаб чиқилмаган, якуний натижалар жумагача аниқ бўлмаслиги мумкин.

Шимолий Каролинада ҳам 15 делегат бор. Бу штат республикачиларники ва амалда ҳам бу ўз исботини топмоқда - 95 фоиз овоз ҳисобланган ҳолатда Трамп 50 фоиздан ортиқ овозга эга. Шунингдек, Мэн (4) ва Аляскада (3) овозлар ҳисобланиши давом этмоқда, бу штатларнинг биринчиси демократларни, иккинчиси республикачиларни қўллаб-қувватлайди.

Айни вақтгача Байден 224 овозни нақд қилиб бўлган, Трампда 213 овоз. Президентликка сайланиш учун 270 овоз талаб этилади.

Овозлар ҳисоблаб бўлинмаган, лекин Байден устунлик қилаётган штатлар - Аризона, Невада, Мэн, Висконсин ва Мичиган унга жами 47 овоз бериши мумкин, бу эса у якунда 271 овоз олишини таъминлайди.

Трамп эса кейинги тўрт йилда ҳам Оқ уйда қолиши учун Жоржия, Шимолий Каролина, Пенсильвания ва Аляскадан (жами 54) ташқари яна бир штатда ғолиб бўлиши талаб этилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШдаги сайловлар: ғолиб йўқ, фарқ кичик, буёғига нима бўлади?