13:25 / 21.11.2020
1 840

Исроилликлар Трамп қайта сайланиши учун оммавий ибодат қилган эди. Хўш, Байдендан ҳадиксирашнинг сабаби нима?

Исроилликлар Трамп қайта сайланиши учун оммавий ибодат қилган эди. Хўш, Байдендан ҳадиксирашнинг сабаби нима?
Дональд Трамп Қуддус шаҳридаги ҳолокост қурбонлари хотира ёдгорлигида нутқ сўзламоқда. 2017 йил 23 май.
Фото: «Reuters»

Жорий йил 4 ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайлови арафасида исроилликлар амалдаги раҳбар Дональд Трампнинг навбатдаги муддатда қолиши учун оммавий ибодат қилган, «Навбатдаги 4 йил!» шиори остида тадбирлар ўтказган эди.

Аммо сайлов натижалари исроилликларнинг дуолари ижобат бўлмаганини кўрсатмоқда. Хўш, Исроил раҳбариятининг Трампга фавқулодда хайрихоҳлиги, демократлар вакили, сайланган президент Жо Байденга андак бадхоҳлиги сабаби нимада?

Сўнгги 4 йил Исроил учун орзуларнинг ушалиш даври бўлди. Қўшма Штатлар президентлари орасида бошқа бирортаси Дональд Трамп каби яҳудий давлати манфаатларини жидду жаҳд билан ҳимоя қилмаган эди.

Қуддус шаҳрининг мақоми масаласи Фаластин ҳамда Исроил ўртасидаги жиддий зиддиятларга доялик қилаётгани маълум. Президент Трамп Қуддусни Исроилнинг бўлинмас пойтахти деб тан олди ҳамда Қўшма Штатлар элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчирди.

Жорий йил 28 январь куни Д.Трамп томонидан Фаластин–Исроил зиддиятини бартараф этиш бўйича эълон қилинган ва муболағали тарзда «Аср келишуви» деб аталган ташаббусда ҳам Қуддус яхлит ҳолда Исроил пойтахти деб эълон қилинган. Мазкур битимда фаластинликлардан Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилини Исроил юрисдикциясида деб тан олиш ҳам талаб этилган.

Трамп маъмурияти илгари сурган ташаббус Фаластин томонидан кескин рад этилди. Араб давлатлари лигаси ҳам «аср келишуви» фақат Исроил манфаатларини ифодалагани боис, уни қабул қилиб бўлмаслигини қатъий маълум қилди. «Аср келишуви» икки томонлама зиддиятнинг асосий қурбони Фаластин иштирокисиз қабул қилинган, тинчлик режасидан ҳатто Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича етакчи сиёсий кучлар – БМТ, Евроиттифоқ ва Россия ҳам хабардор қилинмаган.

Трамп ўтган 4 йил ичида Фаластин ҳукуматига молиявий кўмак ҳажмини кескин қисқартирди, БМТнинг Фаластин қочқинларига ёрдам берувчи агентлигини молиялаштиришни эса тўхтатди.

Трамп маъмуриятининг саъй-ҳаракати билан БАА ҳамда Баҳрайн давлатлари Исроил билан дипломатик алоқа ўрнатди. Судан ҳам бунга тайёр эканини расман маълум қилди. Фаластинликлар ҳақ-ҳуқуқини поймол этишда айбланувчи давлат сўнгги бир неча ўн йилликлар давомида араб оламида фақат Иордания ҳамда Миср билан дипломатик алоқа ўрнатишга муваффақ бўлган эди, холос.

Бош вазир Бинямин Нетаняҳу таъбири билан айтганда, Исроил Барак Обама даврида барча геосиёсий масалаларда буткул мудофаа сиёсатини юритишга мажбур бўлган эди. Трамп бошқаруви даврида эса расмий Тель-Авивнинг Фаластинга нисбатан кўплаб айбларидан кўз юмилди.

Шу боис ҳам янги сайланган президент Жо Байден сипогина, қисқагина табрик йўллаган Бинямин Нетаняҳу Оқ уйни тарк этаётган иттифоқчиси Д.Трампга Америка–Исроил муносабатларини «мисли кўрилмаган даражага кўтаргани учун» қуюқ миннатдорлик билдирди. Юксак эҳтиром рамзи сифатида Исроилдаги бир неча кўча ва майдонга Дональд Трамп номи берилди.

Исроил маъмурияти Оқ уйда хўжайин алмашувини хавотир ва ҳадик билан кузатаётгани бежиз эмас. Чунки демократлар етакчиси Жо Байден Исроил–Фаластин зиддияти борасида Трампдан фарқли ўлароқ фақат бир томоннинг манфаатларини ҳимоя қилмайди.

Исроил томони хавотирланаётган яна бир жиҳат – Жо Байден президент Трамп томонидан рад этилган Эрон билан ядро битимига яна қайтиши мумкин. Бу эса яҳудий маъмурияти наздида Эронга ядро қуролига эга бўлиш йўлида очиқ имкон бериш билан баробардир.

Оқ уйнинг янги соҳиби Жо Байден Саудия Арабистон, БАА каби араб давлатлари билан ҳам робиталарни қайта кўриб чиқиши кутилмоқда. Исроил маъмурияти бу борадаги ўзгаришларни-да ҳадик билан кузатиши тайин.

Алқисса, Жо Байден Қўшма Штатларнинг Яқин Шарқдаги сиёсатига жиддий таҳрир киритиши кутилмоқда. Ўзгаришлар эса айни пайтда қулай позицияни эгаллаб турган давлатлар манфаатига у қадар тўғри келмаслиги мумкин.

С.Салим тайёрлади
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)