15:45 / 10.12.2020
4 496

Энди аввалгидай бўлмайди: дунёни ўзгартираётган беш омил

Энди аввалгидай бўлмайди: дунёни ўзгартираётган беш омил
Биз яшаётган ҳозирги дунёда инсониятга бу қадар кенг имкониятлар берилмаган. Бундан минг йиллар аввал афсоналарда зикр этилган учар гилам, ойнайи жаҳон, ҳеч ўчмас шамчироқ ҳозир биз учун етиб бўлмас орзу эмас – биз самолёт, телевизор, электр чироқлардан кундалик ҳаётимизда бемалол фойдалана оламиз.

Энди инсон умрини узайтириш ҳам муаммо эмас: вабо, ўлат, чечак, ичтерлама каби касалликларнинг давоси бундан 100 йиллар аввал топилган; ҳатто саратонга чалинган беморнинг ҳам умрини ривожланган тиббиёт билан маълум муддатга узайтирса бўлади. 2020 йилда бутун инсониятни умидсизликка тушуриб, ҳақиқий пандемияга айланган COVID-19 га қарши ҳам тез кунларда вакцина пайдо бўлади ва барчамиз озми-кўпми нормал ҳаётга қайтамиз.

Аммо муқаррар савол эшик қоқиб турибди: биз яшаётган ҳаёт пандемиядан сўнг аввалги ҳолатида қоладими?
Шу нарса аниқки, COVID-19 пандемияси жамият ва иқтисодиёт учун узоқ даврларга чўзилувчи ўзгаришларга сабаб бўлади. Инсоният босқичма-босқич ўтаётган баъзи жараёнлар карантин сабабли табиий равишда тезлашиб кетди.

Visual Capitalist лойиҳаси пандемия тезлаштирган бешта асосий тенденцияни ҳам муҳокама мавзусига айлантирган.

Гаджетларга сарфланадиган вақт
Биз ҳозир электрон механизмларсиз ҳаётимизни тасаввур қилолмаймиз. Ҳеч бўлмаганда телефонсиз 1 соатлик ҳаётингизни тасаввур қилиб кўринг: имконсиз эмас, албатта, лекин нормал ҳаётга ҳам ўхшамайди, шундай эмасми?

Одамларнинг гаджетлар билан ўтадиган вақти доимий равишда ошиб бориш жараёни коронавирус пайдо бўлишидан аввал ҳам бўлган (2008 йилдан 2018 йилгача бу кўрсаткич 12 баравар ошган). Пандемия вақтида ҳамма, айниқса, болалар ва ўспиринлар уйда бўлгани боис монитор ёки экранга қадалган нигоҳлар сони ҳамда ўтказиладиган вақт ҳажми ошиши, албатта, табиий ҳол. Пандемия олдидан кунига тўрт ёки ундан кўп вақтини электрон мосламалар билан ўтказадиган 18 ёшгача бўлганлар 21% ни ташкил қилган бўлса, пандемиядан сўнг бу кўрсаткич икки бараварга ошган (44%). Шу сабаб халқаро интернет-трафик ҳажми фойдаланувчилари доимий ошиб бормоқда.

Пандемиядан видео ўйинлар бозори ҳам анча фойда кўрган – баҳордан бошлаб бу соҳада даромадлар кескин ошиб, сотувлар адади анча кенгайган.

Нашрнинг таҳмин қилишича, кўпчилик иш ёки ўқиш жойларига қайтгач гаджетлар билан ўтказиладиган вақт карантиндан олдинги ҳолатига қайтиши мумкин.

Онлайн тижоратни ривожлантириш ва контактсиз тўлов усулларига ўтиш
COVID-19 инсонларни эски одатлардан воз кечишга мажбурламоқда ва дунёни контактсиз тўлов усулларига тезроқ ўтишга ундамоқда. Бу жараён онлайн сотувлар ривожида сезиларли таъсир қиляпти. Пандемия мобил ҳамёнларга ва контактсиз карталарга ўтишни тезлаштиради. Visual Capitalist 2020 йилни онлайн савдо соҳасида бурилиш даври сифатида эътироф этади.

Глобаллашув чўққиси
Глобаллашув молиявий инқироздан кейин 1980 йилларнинг ўрталарига қадар пасайиб кетди. COVID-19 даврида ҳам ЯИМ га нисбатан глобал савдо ҳолати инқироз давридагидан кескин фарқ қилмаяпти.

Пандемия савдо-сотиққа таъсир қилгани аниқ ва гарчи унинг узоқ муддатли оқибатлари ҳақида таҳмин қилишга ҳали эрта бўлсада, глобаллашувнинг ахборот компоненти глобал иқтисодий жумбоқнинг янада муҳим қисмига айланган.

Коронавирус бутун дунёга тарқалишидан аввал ҳам хизматларнинг глобал савдоси товарлар тижоратидан 60 фоизга тезроқ ўсди ва 2019 йилда 13.4 триллион долларга баҳоланди.

Даромадлар хилма-хиллигининг ўсиши дунёдаги энг бой ва камбағал одамлар ўртасидаги даромад фарқининг ўсиш жараёни бир неча ўн йиллар давомида сақланиб қолмоқда, лекин бу тенгсизликни COVID-19 келтириб чиқарган иқтисодий шоклар янада тезлаштирди.

Пандемия, айниқса, ёш авлодга салбий таъсир кўрсатди: айнан шу одамлар коронавируснинг иқтисодий оқибатларидан азият чекиш эҳтимоли кўпроқ. Боиси 18-24 ёшдаги одамларнинг деярли ярми умуман ҳеч қандай шахсий жамғармага эга бўлмагани сабабли ушбу гуруҳ даромадлар узилишларини қоплаш лаёқатига эга эмас.

COVID-19 туфайли карантин чоралари иқтисодиётга қанча узоқ таъсир этса, пандемиядан зарар кўрган соҳаларда иш билан банд бўлганлар даромадлари ўртасидаги фарқ шунчалик катта бўлади.

COVID-19 оддий аҳолининг турмуш шароитини сезиларли даражада ёмонлаштириши билан бирга миллиардерларнинг фаровонлигига деярли таъсир кўрсатмаган.

Масофадаги ишлаш
2019 йилдан бошлаб узоқдан ишлашга қарши бўлган компанияларнинг ярмидан кўпи «аниқ ўрнатилган тартиб»ни қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда. Чунки ҳозирги вазият иш услубини ўзгартириб, эксклюзив иш юритиш сиёсатини қўллашни тақазо этади.

Масофадан туриб ишлаш ва тақсимланган жамоалар бўйича қимматли тажриба биз ўрганиб қолган офис ҳаётига кескин таъсир кўрсатишини ва бутун «офис тизими»ни ўзгартиришини башорат қилинмоқда. Ушбу тахмин ўзини аллақачон оқлаган ҳам: кўчмас мулкнинг глобал тижорат инвестициялари 2020 йилнинг учинчи чорагида 48 фоизга камайган.

Минглаб одамлар масофадан ишлаш мумкин бўлгани боис қиммат шаҳарлардан арзон шаҳарларга кўчиб ўтишмоқда.

Азиза Ҳазратқулова тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Энди аввалгидай бўлмайди: дунёни ўзгартираётган беш омил