date
views 3 618

Навальнийга суиқасд уюштирган ФХХ ходимлари номи ошкор қилинди

Навальнийга суиқасд уюштирган ФХХ ходимлари номи ошкор қилинди
Фото: Максим Шеметов / Reuters / Scanpix / LETA
Bellingcat бошчилигидаги журналистлар гуруҳи Навальнийни заҳарлаш иши бўйича чуқур суриштирув ўтказиб, аввало телефон суҳбатларини тинглашнинг уддасидан чиққан. Кўплаб телефон суҳбатлари таҳлиллари орқали журналистлар ФХХ ходимлари Алексей Навальнийни кўп вақт давомида таъқиб қилишган. 2020 йил август ойида Навальний Сибирга боришидан бир неча ҳафта олдин махсус тезкор гуруҳ ходимлари фосфорорганик токсин бўйича мутахассислар билан гаплашган. Bellingcat'нинг хулосасига кўра, бу ходимларнинг барчаси Россия ФХХнинг «криминалистлари»дан бўлган. Бу гуруҳни 34 435 гуруҳи деб ҳам аташади. Суриштирув хулосасига кўра, айнан шу саккиз нафар тезкор ходим Навальний заҳарланишидан бир неча соат олдин ҳам уни таъқиб қилган.

Улар ким эди?
Bellingcat, Der Spiegel ва CNN биргаликда ўтказган суриштирувда Навальнийни заҳарлашда иштирок этгани айтилаётган ФХХ тезкор гуруҳи вакилларининг исмлари ҳам эълон қилинган.

Алексей Александров (тезкор гуруҳдаги исми «Алексей Фролов»). У Москва тиббиёт институтини тамомлаган ва аввалига тез ёрдамда, кейинчалик ҳарбий врач сифатида ишлай бошлаган. 2013 йилдан буён Россия ФХХда ишлаб келаётган Алексей Александров Навальний заҳарланган куни Томскда бўлган, лекин турли исмлар билан саёҳат қилиб, ҳар хил телефонлардан фойдаланган. У тезкор гуруҳнинг асосий вакили бўлгани айтилмоқда.

Иван Осипов. У баъзан Иван Спиридонов исми билан ҳам саёҳат қилган. Бу шахс ҳам мутахассислиги бўйича шифокор. Осипов 2012 йилдан «ВКонтакте»да ёзишни бас қилган ва катта эҳтимол билан шу вақтдан ФХХга ишга ўтган.

Владимир Пеняев. ФХХ криминалистика институтига ишга киришдан аввал ФХХ чегара қўшинлари сафида хизмат қилган. Маълум бўлишича, у Навальний билан битта кўп қаватли уйда яшаган. Заҳарланиш воқеасидан кейин манзилини ўзгартирган ва Лубянка кўчасига кўчган. Бу кўчада ФХХнинг бош биноси жойлашган.

Шунингдек, суриштирувда Александров, Осипов ва Пеняев билан бирга ишлагани тахмин қилинаётган бошқа ходимларнинг ҳам номлари келтирилган. Улардан бири Олег Таякин. У одатда бошқа ходимларнинг марказ билан алоқасини назорат қилган. Эътиборли жиҳати, у ҳам касби бўйича шифокор ва ФХХ криминалистика институтида ишлайди.

Яна бир гумондор Константин Кудрявцев бўлиб, у Шихандаги ҳарбий қисмда хизмат қилган. Айнан шу ерда собиқ иттифоқ даврида кимёвий қурол ишлаб чиқилган. Юз минглаб телефон қўнғироқларини таҳлил қилган журналистлар операция бошида полковник Станислав Макшаков турган деган хулосага келишган. Бу инсон асли олим ва Шихан-1 шаҳарчасидаги ёпиқ ҳарбий органик синтез институтида тадқиқотлар олиб борган. Бу лабораторияда янги турдаги кимёвий қуроллар ишлаб чиқарилгани айтилади.

ВВС исми қайд этилган одамларни билиш-билмаслиги борасида Алексей Навальнияда сўров юборган, лекин сиёсатчи уларнинг бирортасини танимаслигини маълум қилган.

Сибирда нима бўлган эди?
Журналистлар воқеалар ривожини қуйидагича тиклашга уринишди.

Алексей Навальний 13 август куни Новосибирскка боради. Ўша куни у ерга Александров, Осипов ва Панаев ҳам боради. Навальний ва гуруҳи Новосибирскдан Томскка борганда, бу уч киши ҳам уларнинг ортидан ҳаракатланади. Кейин Навальний Москвага қайтиш учун чипта сотиб олганда, Александров, Осипов ва Панаев ҳам пойтахтга чипта олади.

Тезкор гуруҳ ходимлари айниқса 19 август куни тунда Москва билан кўп ёзишишади. Катта эҳтимол билан Навальний айнан шу тунда заҳарланган. Ўша куни Навальний Томскдаги кичик дарёга чўмилгани боради ва кечки соат 23:00ларда жамоаси билан учрашади. Журналистларнинг маълум қилишича, ўша вақтда тезкор гуруҳ вакиллари бир неча марта Москвага телефон қилган ва улардан бири телефонда гаплашган вақтида Навальний яшаган меҳмонхонадан бир неча дақиқалик йўлда бўлган. Шунингдек, Москва билан бир нечта смс алмашилган. Кейинги куни эрталаб соат олтида ҳам ходимлардан бири Москвага смс юборади. Бу вақтда Навальний меҳмонхонадан чиқиб аэропорт томонга кетган бўлган.

«ФХХ криминалистика институти»
Суриштирув давомида тез-тез ёдга олинган ФХХ криминалистика институти расман суд-медэкспертиза ва портлаш бўйича суриштирувлар ўтказиш билан шуғулланади. Бироқ бу ерда ишлаб кетган агентларнинг айтишича, марказ таркибида яширинча лаборатория ҳам бор. КГБ собиқ генерали Олег Калугиннинг айтишича, бу яширинча лабораторияда ишлаб чиқилган рицин моддаси 1979 йилда Лондонда болгариялик ёзувчи Георгий Марковни соябон воситасида ўлдиришда ишлатилган.

Айни дамда АҚШда яшаётган ва исми сир қолишини истаган собиқ КГБ офицерининг Bellingcat'га маълум қилишича, оғу ишлаб чиқариш бўйича КГБнинг асосий лабораторияси Москва жанубида жойлашган. Телефон суҳбатлари таҳлилига кўра юқорида номи зикр этилган инсонлар кўп вақтини айнан ўша ҳудудда ўтказган.

Bellingcat хулосасига кўра, бу яширин лабораторияда камида 15 нафар тезкор ходим (оперативниклар) ишлайди ва улардан камида саккиз нафари Навальнийни заҳарлашда қатнашган. Шунингдек, суриштирувда Навальнийни бундан олдин камида яна бир марта заҳарлашга уринишгани аниқланган. Яъни 2020 йил июлда сиёсатчи хотини Юлия билан Калилинградга кетаётганда уларга суиқасд уюштирилган.

Bellingcat ўз суриштирувида «қора бозор»дан олинган маълумотлардан фойдаланганини ҳам ёзган. Шунингдек, суриштирув охирида айтишича, «қора бозор»дан олинган маълумотлар аниқ бўлиши учун бошқа манбалар билан ҳам солиштирилган. ВВС бу суриштирув бўйича Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковга мурожаат қилган, лекин жавоб бўлмаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Песков кейинги икки кун давомида одатий брифингларни тўхтатиб туради. Суриштирувлар ОАВда эълон қилингач, бўлажак брифингларда асосан шу масала бўйича саволлар берилиши кутилаётганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Навальнийга суиқасд уюштирган ФХХ ходимлари номи ошкор қилинди