13:39 / 22.12.2020
1 030

Россия ФХХ Навальнийнинг ўз қотили билан суҳбати акс этган ёзувни сохта деб атади

Россия ФХХ Навальнийнинг ўз қотили билан суҳбати акс этган ёзувни сохта деб атади
Видеодан кадр
Алексей Навальний томонидан, гўёки, уни заҳарлаган одам билан телефон орқали суҳбати акс этган ёзув қалбаки. Эълон қилинган телефон суҳбати юзасидан текширув ташкил қилинди, деб ёзади Meduza Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Жамоатчилик билан алоқалар маркази (ЖАМ)га таяниб.

«Телефон суҳбати акс этган видеоролик қалбаки. Абонент рақамини ўзгартириб қўйиш усулидан фойдаланиш — хорижий махсус хизматларда кўп қўлланиладиган йўл, бу илгари Россияга қарши акцияларда бир неча марта ишга солинган, у суҳбатнинг ҳақиқий иштирокчиларини аниқлаш имкониятини йўққа чиқаради», — дейилади хабарда.

ФХХ ЖАМда қўшимча қилишларича, ФХХ ходимларининг Навальнийнинг заҳарланишидаги эҳтимолий иштироки юзасидан текширув Россия махсус хизматларига қарши қаратилган режали провокация ҳисобланади.

«Навальний томонидан интернет тармоғига жойлаштирилган, гўёки, унга қарши олиб борилган ҳаракатлар юзасидан ‘текширув’ Россия ФХХ ва унинг ходимларини обрўсизлантиришга қаратилган режалаштирилган провокация ҳисобланади, буни эса чет эл махсус хизматларининг ташкиллаштирилган ва техник кўмагисиз амалга ошириш имкони йўқ», — дейилади хабарда.

14 декабрь куни Навальнийнинг заҳарлангани бўйича The Insider, Bellingcat ва CNN’нинг Der Spiegel иштирокида ҳамкорликда ўтказилган текширув натижалари эълон қилинди. Тергов муаллифлари сиёсатчига суиқасд Томскда ФХХ криминалистика институти ниқоби остида ҳаракат қилган ФХХ махфий бўлимининг саккиз нафар тезкор ходими томонидан амалга оширилган, деган хулосага келди. Тергов ҳужжатида суиқасд тафсилотлари ҳам, унда иштирок этган ФХХ ходимларининг исм-шарифлари ҳам ошкор қилинди, улардан бири Константин Кудрявцев бўлиб чиқди.

Алексей Навальнийнинг иддаолари ортидан Владимир Путин ҳам воқеага ўз муносабатини билдирди.
«Берлин клиникасидаги ўша беморга келсак, мен кўп марта айтганман, фақат баъзи нарсаларни такрорлашим мумкин. Кеча Песков менга бу ҳақдаги сўнгги уйдирмалар ва бизнинг махсус хизматчиларимиз маълумоти ҳақида хабар берди. Бу қандайдир тергов эмас, бу Америка махсус хизматларининг материалларини легаллаштириш. Бизнинг махсус хизматларимиз буни билади ва маъқул топса, телефондан фойдаланади», — деди у. Путиннинг фикрича, «Берлин клиникасидаги бемор» Америка махсус хизматлари кўмагидан фойдаланади, Россия махсус хизмат ходимларига эса уни ўлдиришга ҳожат йўқ эди.

21 декабрь куни россиялик сиёсатчи Алексей Навальний «Мен ўз қотилимга телефон қилдим. У тан олди» номли видеороликни эълон қилди. Видеода Навальнийнинг айтишича, у ўзининг заҳарланиши ортида Федерал хавфсизлик хизматининг гуруҳи тургани ҳақидаги суриштирувни эълон қилишдан олдин гуруҳ аъзоларидан бири — Константин Кудрявцев билан гаплашган ва Кудрявцев Навальнийни ўлдиришга ҳаракат қилинганини тасдиқлаган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Россия ФХХ Навальнийнинг ўз қотили билан суҳбати акс этган ёзувни сохта деб атади