11:13 / 23.12.2020
2 057

«Навальний эффекти». Россия тузган қора рўйхатга кимлар киргани маълум бўлди

«Навальний эффекти». Россия тузган қора рўйхатга кимлар киргани маълум бўлди
Россия ташқи ишлар вазирлиги.
Фото: РБК

Россия ташқи ишлар вазирлиги Германия, Франция ҳамда Швеция дипломатик ваколатхоналари раҳбарларини суҳбатга чақирди. Расмий Москва мазкур давлатларнинг мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши бўйича позициясидан норози. Учрашувда Россия томонидан Германия, Франция ҳамда Швециянинг бир қатор юқори мартабали мулозимлари қора рўйхатга киритилгани маълум қилинган.

Аввал хабар берганимиздек, россиялик таниқли сиёсатчи, амалдаги ҳукуматнинг кескин танқидчиси Алексей Навальний жорий йил 20 август куни Томскдан Москвага учиш пайти самолётда ҳушидан кетган. Самолёт Омск аэропортига фавқулодда қўндирилган. Комага тушиб қолган сиёсатчи Омск шифохонасида 2 кун даволанган, сўнгра 22 август тонгида махсус учоқда Германия пойтахти Берлиндаги Charite шифохонасига олиб кетилган.

Европа мамлакатлари мухолиф ҳаракат етакчиси бўлган А.Навальний «Новичок» туркумидаги кимёвий модда билан заҳарланган дея хулоса берди. Европа иттифоқи кенгаши мазкур ҳодиса муносабати билан жорий йил 15 октябрь куни Россияга нисбатан санкциялар жорий этди. Санкция рўйхатига Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) раҳбари Александр Бортников, Президент маъмурияти раҳбарининг 1-ўринбосари Сергей Кириенко, мудофаа вазири ўринбосари Алексей Криворучко ва бошқалар киритилган.

Номи ушбу рўйхатга тиркалган мулозимларнинг ЕИ ҳудудига кириши ва молиявий операциялар ўтказиши тақиқланади, шунингдек, уларга тегишли маблағлар музлатилади. Индивидуал жазо чоралари билан бирга Россия органик кимё илмий-тадқиқот институтига ҳам тақиқ жорий этилган.

Россия ТИВга кўра, ушбу жазо чораларини амалга киритишда Германия, Франция ҳамда Швеция жонбозлик кўрсатди. Вазирлик санкцияларни номақбул деб атаган ва бу борада муносиб жавоб берилаётганини таъкидлаган.

«Коммерсант» нашри манбаларига кўра, Россия томони жорий этган «қора рўйхат»га Германия канцлери ҳамда Франция президенти маъмуриятининг юқори мартабали мулозимлари, ушбу давлатлар мудофаа вазирликлари амалдорлари ҳамда Алексей Навальний ва унга тегишли ашёларни текширган лаборатория раҳбарлари киритилган.

Жорий йил 14 декабрь куни The Insider, Bellingcat ҳамда CNN Навальнийнинг заҳарланишига доир текширув натижаларини эълон қилди. Текширув хулосасига кўра, мухолифатчини ФХХ вакиллари заҳарламоқчи бўлган.

21 декабрь куни суиқасддан омон қолган Навальнийнинг ўзи ФХХ ходими экани тахмин қилинаётган Константин Кудрявцев билан бўлган суҳбатни чоп этди.

К.Кудрявцев The Insider, Bellingcat ҳамда CNN ўтказган текширувда А.Навальнийни кузатиш гуруҳидаги ходимлардан бири сифатида қайд этилган. Эҳтимолий қотили билан телефон орқали суҳбатда мухолифатчи ўзини Россия Хавфсизлик кенгаши котибининг ёрдамчиси деб таништирган ва суиқасд тафсилотларини суриштирган. Хавфсизлик тизими раҳбарияти вакили билан суҳбатлашяпман деб ўйлаган К.Кудрявцев суиқасдга доир махфий тафсилотларни сўзлаб берган.

ФХХ «Навальний ҳамда ФХХ ходими суҳбати» сохта эканини маълум қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Навальний эффекти». Россия тузган қора рўйхатга кимлар киргани маълум бўлди