
Фото: Дмитрий Азаров / Коммерсантъ
Россия президенти Владимир Путин Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинянни Москвага учрашувга таклиф қилди. Уч томонлама учрашув 11 январда бўлиб ўтади. Томонлар Тоғли Қорабоғ бўйича ярашув келишувининг амалга оширилиши қандай бораётганини муҳокама қилишади.
Кремл матбуот хизматининг хабар беришича, Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар натижасида жабрланган ҳудудлар аҳолисига ёрдам кўрсатиш, савдо-иқтисодий ва транспорт алоқаларини тиклаш ва ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, Путиннинг Алиев ва Пашинян билан алоҳида учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Пашиняннинг матбуот котиби Мане Геворгяннинг Facebook’да таъкидлашича, Арманистон учун учрашувда ҳарбий асирлар ва бедарак йўқолганлар масаласини кўтариш муҳим ҳисобланади.
“Арманистон учун асирларни қайтариш, озарбойжонликлар позициялари ортида қолган аскарларимиз билан боғлиқ қидирув-қутқарув амалиёти, ҳалок бўлганлар жасадларини излаш, бедарак йўқолганлар тақдири масалалари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Арманистон Москвадаги учрашувда бу масалаларнинг муҳокама қилинишини муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайди”, деб ёзган Геворгян.
Тоғли Қорабоғда 2020 йил сентябр охирида Озарбойжон ва Арманистон ўртасида ҳарбий ихтилоф авж олганди. Ноябрда томонлар Россия кўмагида ярашув келишувини имзолаганди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар