08:44 / 10.02.2021
1 829

Мьянма бош қўмондони нима сабабдан давлат тўнтарилиши содир бўлганини тушунтирди

Мьянма бош қўмондони нима сабабдан давлат тўнтарилиши содир бўлганини тушунтирди
Фото: AP Photo
Мьянма Қуролли Кучлари бош қўмондони генерал Мин Аун Хлайн халққа мурожаат қилиб, мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олиш сабабларини тушунтирди, деб хабар бермоқда Reuters.

Мин Аун Хлайннинг сўзларига кўра, 2020 йилда бўлиб ўтган мамлакатдаги сайловлар пайтида қонунбузарликлар содир бўлгани учун ҳарбийлар ҳокимиятни ўз қўлларига олишга қарор қилган. Генералнинг айтишича, ҳарбийларнинг сайловлардаги фирибгарликни текшириш бўйича талабларига сайлов комиссияси, президент ва парламент жавоб беришдан бош тортган. Шу муносабат билан ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллашга ва демократия номидан фавқулодда ҳолат жорий этишга қарор қилган.

Мин Аун Хлайн олдинги ҳукуматнинг иқтисодий сиёсати сақланиб қолишини ва Мьянма хорижий капитал учун очиқ бўлиб қолишини таъкидлади.

«Давлат учун масъулиятни вақтинча ўз зиммамизга олганимизда мамлакатнинг ташқи, иқтисодий ҳамда ҳукумат сиёсатида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмайди. Биз аввалгидек йўл тутамиз», — дея сўзини якунлаган генерал.

Генерал, шунингдек, Мьянма конституциясини ҳимоя қилишга ва эркин ҳамда адолатли демократик сайловлардан сўнг ҳокимиятни топширишга ваъда берди. Бироқ у мамлакатда бўлиб ўтаётган норозилик ҳаракатларига изоҳ бермади.

Маълумот учун, Мьянмада ҳокимият ҳарбийлар қўлига ўтганидан сўнг норозилик намойишлари бўлиб ўтаётган эди. Аввалроқ бу намойишлар тинч, ҳеч қандай ҳибсга олишларсиз ўтаётгани хабар қилинди.

Лекин 9 февраль куни «ТАСС» нашрининг хабар қилишича, Мьянманинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Мандалай полицияси ҳарбийларнинг ҳокимият тепасига келишига қарши намойишларда 20—30 кишини ҳибсга олган.

Таъкидланишича, намойишчиларни тарқатиш учун сув пуркагичлардан фойдаланилган. Reuters хабарига кўра, 27 киши ҳибсга олинган, улардан бири журналист экани айтилмоқда. Норозилик намойишлари иштирокчилари шаҳарда беш кишидан кўп одамнинг йиғилишларига қўйилган тақиқни бузишда айбланмоқда.

Бундан аввал Мьянмада интернет ишлашида носозликлар кузатилгани ҳамда мамлакатда «Спутник V» вакцинаси рўйхатдан ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мьянма бош қўмондони нима сабабдан давлат тўнтарилиши содир бўлганини тушунтирди