Украина ҳужумлари ортидан Россияда генераллар алмаштирилди

Россия ҳарбий тизимида навбатдаги йирик кадрлар ўзгариши содир бўлди. Россия президенти Владимир Путин қарорига кўра, генерал-полковник Виктор Афзалов мамлакат ҳаво-космик кучлари қўмондони лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Россия оммавий ахборот воситалари хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, Афзалов 2023 йилдан буён ушбу лавозимда фаолият юритиб келаётган эди. У бу вазифага Сергей Суровикин ўрнига тайинланганди. Энди эса унинг ўрнини генерал-полковник Александр Чайко эгаллади.
РБК нашри манбаларига кўра, Александр Чайко аввал ҳарбий-ҳаво кучлари бош қўмондони сифатида ишлаб келган ва Россия армиясида катта тажрибага эга ҳисобланади.
54 ёшли генерал Москва вилоятида туғилган. У Москва олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини тамомлаган бўлиб, ҳарбий фаолиятини разведка взводи командири сифатида бошлаган. Кейинчалик турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб, Ғарбий ҳарбий округнинг 1-танк армияси қўмондони даражасигача кўтарилган.
Шунингдек, Александр Чайко 2001 йилда М.В. Фрунзе номидаги Қуролли кучлар умумқўшин академиясини, 2012 йилда эса Бош штаб Ҳарбий академиясини тугатган.
2019 йилда у қуруқлик қўшинлари бош қўмондонининг биринчи ўринбосари ва Бош штаб бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланган. Ўша йили генерал Сурияга хизмат сафарига юборилиб, у ерда 2021 йил июнигача Россия ҳарбий гуруҳига раҳбарлик қилган.
«Известия» нашри маълумотларига кўра, Александр Чайко 2020 йилда Россия Қаҳрамони унвони билан тақдирланган.
Айрим таҳлилчилар ва ОАВ вакиллари фикрича, ушбу кадрлар алмашинуви Украина қуролли кучлари томонидан Россия ҳудудидаги стратегик объектларга амалга оширилаётган дрон ҳужумлари фаоллашгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Хусусан, сўнгги ойларда Россиянинг ёқилғи-энергетика инфратузилмаси бир неча бор ҳужумга учради. Март ойида Болтиқбўйи портларига берилган зарбалар нефть етказиб бериш жараёнларига таъсир қилгани айтилмоқда.
Апрель ойида эса Россиядаги тўққизта нефтни қайта ишлаш заводига қарши жами 20 та ҳужум қайд этилган. Манбаларга кўра, уларнинг бештасида ишлаб чиқариш жараёнлари вақтинча тўхтаб қолган.
Айниқса, Туапсе шаҳридаги объектлар бир неча марта зарба остида қолгани, шунингдек, Перм ҳудудидаги «Транснефт» ва «Пермнефтеоргсинтез» корхоналарига ҳам ҳужум қилингани катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ҳозирча Россия расмийлари кадрлар ўзгариши айнан ушбу воқеалар билан боғлиқ экани ҳақида расман баёнот бермаган. Бироқ таҳлилчилар мамлакат ҳарбий тизимидаги бундай ўзгаришлар ортида хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги босим кучайгани ётганини тахмин қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!