14:00 / 13.02.2021
636

Reuters: Йил бошидан буён Навальний жамоасига 300 минг доллар биткоин хайрия қилинди

Reuters: Йил бошидан буён Навальний жамоасига 300 минг доллар биткоин хайрия қилинди
Фото: Forbes
Мухолифатчи Алексей Навальнийнинг жамоаси 2021 йил 1 январдан 11 февралгача хайрия тарзида 6 242 биткоин қабул қилган. Бу криптовалютасининг ҳозирги курси бўйича 300 минг долларни ташкил этади, дея хабар қилмоқда Reuters.

Таъкидланишича, бу миқдор Навальний шериклари томонидан 2020 йилда қабул қилиб олинган биткоинлар қийматидан ҳам юқори.

Навальний штаби раҳбари Леонид Волков январь ойида хайрия маблағлари декабрга нисбатан икки бараварга ошганини айтди, аммо қанча пул келиб тушганлиги ва уларнинг қанчаси биткоинда эканлигига аниқлик киритмади. Волков хайрия миқдорини 300 минг долларга баҳолаш нотўғри эканлигини таъкидлади, чунки уларнинг аксарияти криптовалюта курси анча паст бўлганида қилинган.

Биткоиндаги энг катта хайрия Навальний Россияга қайтган куннинг эртасига (1 биткоин), шунингдек, 23 январдаги намойишлар арафасида ва намойишдан сўнг (0,86 ва 1 биткоин) ўтказилди. «Бизга жуда катта миқдорда хайрия қилишди. Аксарият оддий одамлар хайрия қилган», – деди Волков.

Маълумот учун, Навальнийнинг штаби 2016 йилдан бери криптовалютада хайрия маблағларини қабул қила бошлаган. Уларнинг ҳамёнларига 658 дан ортиқ биткоин тушган. Бу ҳозирги курс бўйича тахминан 31 миллион долларни ташкил этади.

Волковнинг таъкидлашича, биткоинлардаги хайрияларнинг умумий миқдори келтирилган миқдорнинг учдан бирига тенг.
Нашр томонидан ушбу хабар тайёрланаётган пайтда Навальний жамоасининг электрон ҳамёнида 1493 биткоин бўлган.

Навальний жамоаси, шунингдек, тўловларни банк ва карта ўтказмалари ҳамда PayPal орқали қабул қилади. Волковнинг таъкидлашича, Биткоин хайрияси одатда жами маблағларнинг тахминан 10 фоизини ташкил қилади. «Аммо январь ойида бундай бўлмаган», – дея қўшимча қилди у.

Cоиндеcк криптовалюта биржаси маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Биткоиннинг долларга нисбатан курси 47 340 долларни ташкил қилмоқда. Tesla электромобиллар ишлаб чиқарувчиси 8 февраль куни биткоинга 1,5 миллиард доллар сармоя киритганини ва келажакда криптовалютани ўз маҳсулоти учун тўлов сифатида қабул қилишини эълон қилганидан кейин бу кўрсаткич сезиларли даражада ошган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)