10:51 / 18.02.2021
522

McDonald’s беш йил ичида биринча марта қадоқлар дизайнини ўзгартиради

McDonald’s беш йил ичида биринча марта қадоқлар дизайнини ўзгартиради
Фото: McDonald’s
Дунёнинг энг катта фастфуд тармоғи McDonald’s беш йил ичида биринчи марта бургерлар, газаклар ва ичимликлар учун қадоқлар дизайнини ўзгартиради. Бу ҳақда қадоқ дизайнини ишлаб чиққан Pearlfisher агентлиги хабар берди.

«Янгиланган дизайн ёрқин графикалар билан брендга қувонч ва енгиллик ҳиссини беради», — дейилади хабарда.

Дизайнерлар қадоқдаги катта ёзувлардан воз кечишга қарор қилди. Бунинг ўрнига графиклар пайдо бўлди. Масалан, филе-о-фиш (балиқ котлетли бургер) қадоғида денгиз тўлқинлари акс этган, картошка-фри қадоғининг эса ички қисмида ўзгаришлар бўлиб, унда картошка бўлаклари тасвирланган.

«Янги қадоқ ёрқин визуал тизимни яратган. Ҳар бир ўрам ва қоғоз ёрқин, қувноқ ва содда», — дея таъкидлади Pearlfisher агентлиги.

Агентликнинг креатив директори Мэтт Сиа Creative Review билан суҳбатда айтишича, дизайнерларнинг вазифаси менюнинг ҳар бир пунктида қандай алоҳида жиҳатлар борлигини аниқлаш ва буни бошқаларга ҳам кўрсатиб берувчи тизимни шакллантириш эди. Агентлик қадоқда функционал, ёрқин, эстетик жиҳатдан минимал ва қувонч улашувчи хусусиятларни жамлашга ҳаракат қилган.

«Тизимдаги ҳар бир элементнинг ўз ўрни бор. Бу мижозларга мазали ва ёқимли лаҳзаларни улашишда McDonald’s брендининг фаолиятига ёрдам беради», — деди Мэтт Сиа.

McDonald’s менюсининг глобал стратегияси бўйича бош директори Барбара Елингнинг айтишича, қадоқларнинг ўзгариши бренднинг замонавийликка интилаётганидан дарак беради. «Pearlfisher редизайн орқали брендимизни модернизация қилишга ёрдам берди, менюнинг алоҳида хусусиятларини кўрсатди ва сифатга бўлган садоқатимизни намойиш қилди», — деди у.

McDonald’s тармоғида аввалги ребрендинг 2016 йил бўлиб ўтган. Ўшанда компания иллюстрациялардан воз кечиш эвазига қадоқлардаги ёзувларни катталаштирган. Унгача эса маҳсулот қадоғи 2013 йилда алмашган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » McDonald’s беш йил ичида биринча марта қадоқлар дизайнини ўзгартиради