10:35 / 02.03.2021
2 280

Иш ҳафтаси энг қисқа мамлакат номи эълон қилинди

Иш ҳафтаси энг қисқа мамлакат номи эълон қилинди
Фото: European Commission
Нидерландия иш ҳафтаси энг қисқа бўлган давлат сифатида эътироф этилди. Бу ҳақда LADbible хабар берди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) статистикаси Нидерландияда энг қисқа иш ҳафтаси жорий қилинганини кўрсатди. Нашрнинг маълумотларига кўра, мамлакатда аёллар бир ҳафтада ўртача 25 соат, эркаклар эса 34 соат ишлайди. Яъни маҳаллий аҳоли ҳафтасига ўртача 29 соат меҳнат қилади, бу эса тўрт иш кунига тўғри келади.

Бундан ташқари, Нидерландиянинг бандлик кўрсаткичлари 76 фоизни ташкил этади, шунинг учун, бу мамалакатда осонлик билан иш топиш мумкин. Маълумот учун, OECD статистикаси 35 та давлат маълумотларига таяниб чиқарилди.

Статистикага кўра, бандликнинг энг юқори кўрсаткичи 86 фоиз натижа билан Исландияга тегишли, лекин ҳафталик иш вақти 39 соатни ташкил қилади. Жанубий Африкада бандлик даражаси 43 фоизни ташкил қилади, аҳоли ҳафтасига ўртача 43 соат меҳнат қилади. Туркия ва Колумбияда энг узун иш соатлари қайд этилган, бу давлатларда аҳоли ҳафтасига ўртача 48 соат ишлайди.

Таъкидланишича, Европа аҳолиси бошқа қитъалар аҳолисига нисбатан камроқ ишлайди. Чунки иш ҳафтасининг давомийлиги ўртачадан пастроқ бўлган 16 мамлакатнинг 15 таси Европа давлатлари ҳисобланади.

Аввалроқ Буюк Британия, Испания, Германия ва бошқа Европа давлатларининг сўл партия коалицияси ва касаба уюшмалари коронавирус таъсиридан тезроқ ўнгланиш учун тўрт кунлик иш ҳафтаси жорий этилишини таклиф қилган эди. Коалициянинг таъкидлашича, инқироз ва иқтисодий таназзул даврида иш вақтининг қисқариши бутун тарих давомида ўз самарасини кўрсатган.

Маълумот учун, Испания — бундай иш режимини жорий қилишга қарор қилган Европадаги биринчи давлатлардан бири. Мамлакат ҳукумати миллий кўламдаги тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий этадиган тажриба лойиҳасини маъқуллади. Ҳукумат иш ҳақини сақлаб, иш вақтини 40 соатдан 32 соатгача қисқартирадиган компанияларни молиявий қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Иш ҳафтаси энг қисқа мамлакат номи эълон қилинди