10:25 / 19.03.2021
2 278

Тажриба учун 15 киши ғорда 40 кун давомида изоляция қилинди

Тажриба учун 15 киши ғорда 40 кун давомида изоляция қилинди
Фото: «Daily Mail
Бир-бирини танимайдиган 15 кишилик жамоа 40 кунга уяли телефон ва соатларсиз ғорга кириб кетди. Буларнинг барчаси инсон ўзини ташқи дунёдан бутунлай ажратилганини ва қуёш нурисиз қолишини ҳис қилиши учун қилинди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.

Deep Time деб номланган бу тажриба 14 март куни бошланди, режага кўра, 22 апрель куни ниҳоясига етади. Тажриба раҳбари Кристиан Клот COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган бутун дунё бўйлаб изоляциядан кейин шундай саргузаштни синаб кўришга қарор қилди.

Жамоа 27 ёшдан 59 ёшгача бўлган француз кўнгиллилардан иборат. Иштирокчилар орасида биолог, математика ўқитувчиси, заргар, ҳамшира ва гид бор.

Изоляция учун Арежьедаги Ломбривс ғори танланди. Бу Европадаги энг катта ғор ҳисобланади. 40 кун давомида жамоа нафақат қуёш нурини кўрмайди, балки 12 градусдан юқори бўлмаган ҳаво ҳароратига ва 95 фоиз намликка кўникиши керак бўлади.

«Ғор учта алоҳида қисмга ажратилган — ухлаш учун, яшаш учун ва ғорнинг топографик тадқиқотлари учун жой, шунингдек, флора ва фауна», — деди Кристиан Клот.

Жамоа ўзи билан тўрт тонна захира, сув ва электр энергиясини ишлаб чиқариш учун педалли машина-динамо олиб кирди. Таъкидланишича, тажриба 1,2 миллион евро миқдоридаги маблағ билан молиялаштирилган, лекин кўнгиллилар бунда бутунлай бепул иштирок этяпти.

«Бу дунёдаги биринчи шундай тажриба. Ҳозиргача ушбу турдаги барча тажрибалар тананинг физиологик ритмларини ўрганишга қаратилган, лекин изоляциянинг когнитив ва ҳиссий функцияларга таъсири билан ҳеч қачон шуғулланилмаган», — деди нейробиолог Этьен Кехлин.

Бу каби тажриба 1972 йилда франциялик геолог Мишель Сифра томонидан ўтказилган. У ғорга кириб, олти ой изоляцияда яшаган. Тадқиқотчининг аниқлашича, агар у табиий ёруғлик стимулларига боғланмаган бўлса, кун ва туннинг алмашишига инсон организмининг таъсири фарқ қилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тажриба учун 15 киши ғорда 40 кун давомида изоляция қилинди