21:10 / 26.03.2021
2 549

Узоқ йиллик ҳукмронликнинг бошланиши. Владимир Путиннинг сайловдаги илк ғалабаси тарихи

Узоқ йиллик ҳукмронликнинг бошланиши. Владимир Путиннинг сайловдаги илк ғалабаси тарихи
1999 йил охирида Борис Елсиннинг истеъфога чиқиши 2000 йил 26 мартда Россия Федерацияси президентлиги учун навбатдан ташқари сайловлар ўтказилишига сабаб бўлди. Бу сайловларда мамлакатнинг ҳозирги пайтдаги президенти Владимир Путин ғалаба қозонди ва илк бор Россия президенти этиб сайланди. «Дарё» ушбу воқеалар тарихидан ҳикоя қилади.

Илк ғалаба
Сиёсий таҳлилчилар, социологик хизматлар ва оммавий ахборот воситаларининг фикрига кўра, 1999 йилда бош вазир ва президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Владимир Путин ғалаба қозонишга энг яқин номзодлардан эди. Асосий савол Путин биринчи турдаёқ ғалаба қозонадими ёки иккинчи тур, яъни қайта овоз беришга тўғри келадими, шунда эди.

«Россия Федерацияси Президенти сайловлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ сайлов куни Россия Федерацияси Президентининг конституциявий ваколат муддати тугаганидан кейинги биринчи якшанбага белгиланиши керак эди. Яъни, агар Борис Елсин ўз президентлик муддатини охиригача ўтаганида навбатдаги сайловлар 2000 йил 9 июлга тўғри келарди. Аммо у 1999 йил 31 декабрда «Президент сайловлари тўғрисида»ги қонунни имзолади ва шу куни истеъфо берди. Қонунга мувофиқ муддатидан олдинги президент сайловлари уч ой ичида ўтказилиши керак эди.

Сайловлар учун Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси томонидан 12 номзод рўйхатдан ўтказилди. Улар:

1. Говорухин Станислав Сергеевич
2. Жабраилов Умар Алиевич
3. Жириновский Владимир Вольфович
4. Зюганов Геннадий Андреевич
5. Памфилова Элла Александровна
6. Алексей Подберезкин
7. Путин Владимир Владимирович
8. Савостянов Эвгений Вадимович
9. Скуратов Юрий Илйич
10. Титов Константин Алексеевич
11. Тулеев Аман-гелди Молдагазевич
12. Явлинский Григорий Алексеевич

Рўйхатга киритилган сайловчилар сони 109 372 046 нафар эди. Сайловлар якунида 74 369 773 та бюллетен ҳақиқий деб топилди. Путиннинг сайловолди штаби раҳбари Дмитрий Медведев Россия президентлиги сайловларидаги дастлабки натижаларини «мутлақо демократик» деб атайди.

Россия Федерацияси Коммунистик партияси Марказий қўмитаси раиси Геннадий Зюганов овоз бериш пайтида қонунбузарликлар рўй берганлиги эҳтимоли билан боғлиқ айбловлар ҳақида гапирганда Дмитрий Медведев Путиннинг сайлов штаб-квартирасида жиддий қонунбузарликлар тўғрисида далиллар мавжуд эмаслигини таъкидлайди. Бу баёнотларни «мағлуб бўлган томоннинг баёнотлари» деб таърифлайди у.

Путин ким?

Тўрт марта Россия «тахт»ига ўтирган Владимир Владимирович Путин 1952 йил 7-октябрда Ленинградда таваллуд топган. Ленинград давлат университети (ЛДУ) юридик факультетини тамомлаган Путин СССР КГБ Ленинград бошқармаси тергов бўлимида разведка линиясида ишлаган. 1991 йил 20 августда у КГБдан подполковник унвони билан истеъфога чиққан. 1999 йил август ойида Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати бошлиғи этиб тайинланган.

1999 йил 31 декабрда Россия президенти Борис Елсиннинг қарори билан Россия Федерацияси Президенти вазифасини бажарувчи этиб тайинланганидан сўнг Путин давлатнинг биринчи шахсига айланди. Шу тариқа Путин 2000, 2004, 2012 ва 2018 йилларда давлат раҳбари лавозимига сайланган. Мамлакат конституцияга киритилган айрим ўзгартиришлардан сўнг Путин 2024 йил март ойида бўлиб ўтадиган янги президент сайловларида ҳам қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Путиннинг оиласи
Путин 1983 йил 28 июлда 30 ёшида 25 ёшли Людмила Александровна Шкребневага уйланди. 2013 йил 6 июнь куни «Россия 24» телеканалига берган интервьюларида улар ораларидаги никоҳ ўзаро келишув асосида якунланганлигини эълон қилдилар. Ушбу никоҳдан президентнинг икки нафар қиз фарзанди бор.

Россиянинг тўрт карра президенти Путин номи бутун дунёда машҳур. Унинг шарафига юзлаб қўшиқ, фильм, суратлар – санъат асарлари яратилган. Бундан ташқари у юзлаб мукофот ва орден медаллар билан тақдирланган.

Дилбар Исматуллаева тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Узоқ йиллик ҳукмронликнинг бошланиши. Владимир Путиннинг сайловдаги илк ғалабаси тарихи