08:30 / 07.04.2021
707

Иорданияда тўнтарувга уринишда гумон қилинаётган шаҳзода подшоҳни қўллаб-қувватлашини билдирди

Иорданияда тўнтарувга уринишда гумон қилинаётган шаҳзода подшоҳни қўллаб-қувватлашини билдирди
Ҳамза ибн Ҳусайн / Фото: Reuters
Иорданиянинг собиқ валиаҳд шаҳзодаси, давлат тўнтарувига уринишда гумон қилиниб уй қамоғига олинган Ҳамза ибн Ҳусайн акаси – Иордания подшоҳи Абдулла IIни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги мактубни эълон қилди.

Иордания пойтахти Аммонда 4 апрелга ўтар кечаси давлат тўнтарувига уринишнинг олди олингани маълум қилинганди. Ушбу воқеалар юзасидан подшоҳлик оиласи аъзоси Шариф Ҳасан бин Зайд ва подшоҳ Абдулла IIнинг собиқ маслаҳатчиси Бассам Авадалла ҳамда бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ҳибсга олинган. Шунингдек, подшоҳнинг укаси Ҳамза ибн Ҳусайн уй қамоғига олингани маълум қилганди. Кейинроқ у аудиоёзувда армиянинг сукут сақлаш ҳақидаги буйруғига бўйсунмаслигини айтган.

9News нашрининг хабар беришича, подшоҳлик саройи Twitter-аккаунтида шаҳзоданинг подшоҳ атрофида бирлашишга чақирувчи мактуби эълон қилинган.

Охирги 2 кунда юз берган воқеалар ортида мен ўзимни олий ҳазратлари қўлига топшираман ва аждодларимиз ўгити, уларнинг меросига ҳамиша содиқ бўлиб қоламан. Мен Иордания Ҳошимийлар подшоҳлиги конституциясига содиқ қоламан ва ҳамиша подшоҳ ҳазратларини қўллаб-қувватлайман”, деб ёзган шаҳзода ўз мактубида.

Шаҳзода мактубнинг чап пастки бурчагида ҳозирда ўз амакиси – шаҳзода Ҳасан уйида эканини ёзган.

Миллий манфаатлар ҳамма нарсадан устун бўлиши керак ва барчамиз подшоҳ ҳазратларининг Иордания ва унинг манфаатларини ҳимоялашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашимиз ҳамда Иордания халқи учун энг яхши нарсаларни таъминлашимиз лозим”, деб қўшимча қилган шаҳзода.

Подшоҳ Абдулла II шаҳзода Ҳамзани 2004 йилда валиаҳд шаҳзода мақомидан маҳрум этиб, ушбу мақомни ҳозирда 26 ёшда бўлган ўғли Ҳусайнга берган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Иорданияда тўнтарувга уринишда гумон қилинаётган шаҳзода подшоҳни қўллаб-қувватлашини билдирди