08:30 / 21.04.2021
2 831

Россия кемалар ва самолётлар гуруҳини Қримда тўплаган. Ҳудудда нималар бўляпти?


Фото: VITALY NEVAR/TASS
Бу ҳудудга ҳарбийлар жойлаштирилиши Россия ва Украина чегарасида юзага келган кескинлик фонида кузатилмоқда, бу ерга сўнгги ҳафта давомида каттагина қўшин олиб келинган. Вазият Ғарб давлатларида ташвиш уйғотмоқда - хусусан, АҚШ, Европа Иттифоқи ва НАТО Россияни ҳудуддаги ҳарбий кучларини оширишни тўхтатишга чақирган.

Кемалар ва ҳарбийларни кўчириш бўйича сўнгги ҳаракатлар Россия мудофаа вазирлиги томонидан ҳам тасдиқланган. Вазирлик буни режалаштирилган ҳарбий-ўқув машғулотлари ўтказилиши билан изоҳлаган.

Сешанба куни тонгда Россия 20 апрелдан 24 апрелгача Қрим ва Қора денгиз ҳудудининг бир қисми устидан парвоз қилиш чекланишини маълум қилди. Бу ҳудуд самолётлар парвози учун хавфли экани билан изоҳланди. Бундай чоралар одатда ҳарбийлар хатолик билан фуқаролик самолётларини уриб туширмаслиги учун ўқув машғулотлари чоғида ҳам қабул қилинади.

Экспертлар ҳозирги машғулотлар аннексия қилинган Қримда советлардан кейинги даврда ўтказилаётган энг йирик машғулотлар эканини айтишмоқда. Улар Қримда жамланган ҳарбий гуруҳлар Украинага қарши қўлланишини эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблашмоқда, аммо Москва ўз ҳаракатлари билан Киевга сиёсий сигнал юбораётганини истисно қилишмаяпти.

Қрим яримороли Россия томонидан 2014 йил баҳорида эгаллаб олинганди. Шундан сўнг Ғарб мамлакатлари Россияга қарши санкциялар жорий этган, Украина яриморолни қайтариб олиш ниятидан қайтмай келади.

Россия самолётлари пастроқдан туриб кемаларга ҳужум қилишни машқ қилмоқда
Душанба куни Россия Жанубий ҳарбий округи матбуот хизмати Қримда авиация машғулотлари ўтказилаётгани ва унга ҳарбий-космик кучлар авиацияси, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ва Қора денгиз флотининг 50та самолёти жалб этилгани ҳақида хабар қилди. Машғулотларда қирувчи самолётлар, бомбардимончилар ва штурмовиклар иштирок этган.

SERGEI MALGAVKO/TASS
Хабарда аниқлик киритилишича, самолётлар ракетналар учириш ва денгиздаги нишонларни бомбалаш, мураккаб об-ҳаво шароитларида парвозларни амалга ошириш ҳамда сув устида паст баландликда парвоз қилиш каби машқларни амалга оширишган.

Шунингдек, учувчилар кемаларнинг зарбдор гуруҳларига ҳамроҳлик қилиш ҳамда «Қора денгиз сувларида хавфсизликни таъминлаш пайтида разведка гуруҳлари» таркибида ҳаракатланишни ўрганишган.

Бундан ташқари, россиялик штурмовиклар самолётларни Қримдаги ва унинг ташқарисидаги аэродромларга тезкорлик билан кўчириш амалиётини машқ қилишган.

Хабарда қайд этилишича, бу машқларнинг барчаси барча ҳарбий округ тузилмалари, Қора денгиз флоти ва Каспий флотилиясининг 2021 йилга режалаштирилган машғулотлари доирасида амалга оширилган.
Шу билан бирга, машғулотлар «мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда масъулият чегарасида» ўтказилгани қайд этилган.

Қора денгизга қўшимча кемалар ташланган
Турли кузатувчилар сўнгги ҳафталарда Россиянинг Украина билан чегара ҳудудида ва Қримда турли армия тузилмалари тўпланаётгани ҳақида хабарлар бериб келишмоқда.
Айниқса Россия ҳарбий-денгиз флоти кемалари Қора денгизда фаоллашган - ўтган ҳафта ичида у ерда йирик кемалар гуруҳи тўпланган.

Хусусан, бошқа флотлардан кемалар Қора денгиз флотига келиб қўшилган. Кемаларнинг кўпчилиги денгиздан десант туширишга мўлжалланган воситалар билан жиҳозланган.

17 апрел куни Қора денгиз ҳудудига Керчен бўғози орқали Каспий флотилияси кемалари отряди кирди. Бу гуруҳ Қора денгиў флоти қўмондонлиги бўйсунивига ўтди.

Кемалар дарё ва Волга-Дон канали бўйлаб 100 километр масофани босиб ўтишган. Отряд таркибида - учта артиллерия ва саккизта десант катерлари, шунингдек, таъминот кемалари мавжуд.

18 апрел куни Қора денгиз акваториясига Босфор бўғози орқали иккита катта десант кемаси - «Калининград» ва «Королев» кирди. Улар Болтиқ флоти таркибида. Бунгача шу куни Қора денгизга Россия Шимолий флотининг «Александр Отраковский» ва «Кондопога» десант кемалари кирганди.

14 апрел куни Қора денгиздаги базадан катта десант кемаларини ўз ичига олган кемалар гуруҳи очиқ денгизга чиққан, бу гуруҳ таркибида қанча миқдорда ва қандай десант кемалари ҳаракатлангани ҳақида батафсил маълумот берилмаган.

Бу гуруҳ таркибида «Адмирал Макаров» фрегати, «Грайворон» ва «Вышний Волочек» кичик ракета кемалари, «Самум» ракета кемаси, денгизни миналардан тозаловчи «Иван Голубец» тралчи кемаси бўлган. Жанубий ҳарбий округ матбуот хизмати хабарига кўра, улар миналаштирилган ҳудуддан ўтиш машқларини бажаришган.

Қрим шарқида ҳарбий лагерь пайдо бўлди
Ўтган ҳафтада Германиянинг Spiegel нашри Қрим яримороли шарқида каттагина армия лагери пайдо бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Нашр сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларни келтирган. Бу маълумотларга кўра, лагерь яриморол шарқидаги Марфовка аҳоли яшаш пунктидан 30 километр масофада барпо этилган.

16 апрел куни Жанубий ҳарбий округ матбуот хизмати 58-армия қисмлари Қримда машғулотлар ўтказгани ҳақида хабар берди. Хабарда 58-армия бўлинмалари машғулотни Жанубий ҳарбий округнинг Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг 4-армияси, Қора денгиз флоти ва Каспий флотилияси билан ҳамкорликда ўтказгани, бу режалаштирлган машғулот бўлиб, унда Жанубий ҳарбий округ ҳарбийларининг қишки даврдаги таълими якунлари текширувдан ўтказилгани қайд этилган.

Икки армияни кўчириш
Апрел ойи бошидан буён АҚШ ва Европа мамлакатлари россиялик ҳарбийлар Украина билан чегаралар яқинига келтирилаётганидан хавотирларини билдириб келмоқда. Аммо Россия ўз ҳарбийларини чегара томон сураётгани ҳақидаги хабарлар март ойи охиридаёқ ижтимоий тармоқларда пайдо бўлганди.

30 март куни New York Times Украина шарқида вазият кескин ёмонлашгани, минглаб рус ҳарбийлари Украина чегараларига, хусусан, Ростов, Брянск, Воронеж областлари ва Қримга юборилгани ҳақида хабар берди.

8 апрел куни Conflict Intelligence Team (CIT) суриштирув гуруҳи ҳам ҳарбий қисмлар Ростовга юборилиши тўғрисида хабар берган, гуруҳ маълумотларига кўра, баъзи транспорт воситаларининг рақамлари берк бўлган. CIT тадқиқотида россиялик ҳарбийлар «Воронеждан жанубдаги полигонда ташкил этилган дала лагерида тўплангани, бу ерга камида иккита темир йўл станциясидан техникалар ташиб келинаётгани» ҳақида ҳам айтилган.

CIT ўз тадқиқотлари учун фақат очиқ манбалардан фойдалангани, булар муаллифлар томонидан интернетга жойлаштирилган мобил телефонлар ва видеорегистраторлардаги ёзувлар эканини айтиб ўтган.

Тадқиқот муаллифларининг тасдиқлашича, Воронеж областига келтирилган ҳарбий техникаларнинг катта қисми Марказий ҳарбий округга тегишли бўлиб, техникалар юзлаб ва минглаб километр масофалардан олиб келинган.

13 апрель куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Россиянинг «ғарбий чегаралари»га иккита армия ва ҳаво-десант қўшинларининг учта бирлашмаси жойлаштирилганини тан олди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар «қўшинларнинг назорат текшируви»да қатнашяпти. Шунингдек, Шойгунинг таъкидлашича, Россия НАТОнинг «таҳдид солувчи ҳарбий ҳаракатлари»га жавобан «чоралар кўрмоқда». Вазир бу машғулотлар икки ҳафта ичида якунланишига ваъда берган.

Машғулотми ёки бостириб киришга тайёргарлик?
Халқаро масалалар бўйича Россия кенгаши эксперти Илья Крамник BBC рус хизматига берган интервьюсида Қора денгизда ўтказилаётган машғулотлар собиқ иттифоқ парчаланганидан кейинги даврда кузатилган энг йирик ҳарбий машғулотлар бўлаётганини қайд этган.

Ғарбдагилар россиялик ҳарбийларнинг бу тариқа ҳаракатланишини жуда жиддий қабул қилган. Шу билан бирга, америкаликлар ва британияликларнинг русларнинг Қора денгиз флоти ҳаракатларига реакцияси турлича бўлди.

Ўтган ҳафтада АҚШ Россия ва Украина ўртасидаги кескинлик авж олишига сабаб бўлмаслик учун иккита эсминецини Қора денгизга юбориш режасидан воз кечди. Бу ҳақда Politico нашри ўз манбаларига таяниб хабар тарқатди. Қайд этилишича, бу кемалар россияликлар флотининг ҳаракатларига жавобан эмас, олдиндан қилинган режа бўйича Қора денгизга кириши керак бўлганди.

Якшанба куни Буюк Британия Украина билан бирдамлик рамзи сифатида Қора денгизга иккита ҳарбий кема юбориши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Унга кўра, Қора денгизга эскадра мина ташувчиси ва фрегат (ҳарбий кема) Ўрта Ер денгиздаги Қироллик Ҳарбий-денгиз кучлари зарбдор гуруҳидан ажралиб чиқиб, Босфор бўғози орқали Қора денгизга йўл олиши режалаштирилган. Хабарларда бортида Россия кемаларидан таҳдид бўлган тақдирда, ёрдамга келувчи F-35 қирувчи самолётлари ва Мерлин вертолётлари жойлашган ҲМС Queen Элизабетҳ самолёт ташувчи кемаси уларни кузатиб бориши айтилди.

Ҳарбий шарҳловчи Александр Гольц эса, Россиянинг ҳаракатларига Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўриш деб баҳо бермаслик кераклигини айтмоқда.

У Қора денгизга Россиянинг бир неча флотларидан, шу жумладан, Каспий флотилиясидан кемалар жалб қилинган бўлса-да, бу кучлар десант тушириб, Украина қирғоқларини эгаллаш ёки плацдармни ушлаб туриш учун қодир бўлмаслигини таъкидлаб ўтган.
Экспертнинг фикрича, барча десант воситалари жами бўлиб кўпи билан иккита денгиз пиёдалари батальонини қирғоққа туширишга қодир бўлиб, бу кучлар эса ҳужум операцияси ўтказиш учун етарли бўлмайди.

Унинг сўзларига кўра, Қора денгизда кемалар фаоллиги, биринчи навбатда, расмий баёнотларда айтилганидек, ҳарбийларни ўқитишга қаратилган. Шу билан бирга, эксперт бунинг ортида сиёсий мақсадлар ҳам бўлиши мумкинлигини истисно қилмайди.

«Агар мамлакатда денгиз пиёдалари бўлса, улар қаердадир машғулот ўташи ва жойлаштирилиши керак. Ҳозирги ҳолатда, сиёсий вазият туфайли, уруш рўй берган ҳолда, қўшинларни Қримга, Қора денгизга туташган давлатларга туширишга қодирликларини намойиш этишди», дейди Гольц. Иш кучларни намойиш этишдан нарига ўтмаслигига унинг ишончи комил.

BBC рус хизмати Россия мудофаа вазирлигига машғулотлар нега айнан ҳозир ўтказилаётганини сўраб мурожаат қилган ва жавоб кутмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия кемалар ва самолётлар гуруҳини Қримда тўплаган. Ҳудудда нималар бўляпти?