16:56 / 22.04.2021
1 574

«Парда ортида ёмон ният бор» – TikTok Буюк Британияда судга берилди

«Парда ортида ёмон ният бор» – TikTok Буюк Британияда судга берилди

Фото: Getty Images

Буюк Британия Болалар комиссиясининг собиқ аъзоси Анне Лонгфилд TikTok’га қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди. Мазкур даъвода TikTok илова орқали болаларнинг телефон рақамлари, видеолари, жойлашуви ва биометрик маълумотлари каби ахборотларни «етарли даражадаги огоҳлантиришсиз» тўплагани иддао қилинмоқда.

TikTok ушбу маълумотларни тўплаш пайтида шаффоф ҳаракат қилмаганликда, қонунда белгиланган рухсатларни олмаганликда ва ушбу маълумотлардан қандай фойдаланиш борасида ота-оналар ҳамда болаларга етарли даражада маълумот бермаганликда айбланмоқда.

Агар TikTok Буюк Британия ва Европа Иттифоқидаги даъволарда айбдор деб топилса, видео алмашиш дастуридан фойдаланган ва компаниядан зарар кўрган ҳар бир бола номидан товон пули талаб қилиниши мумкин.

TikTok: Айбловлар асоссиз
TikTok эса ушбу айбловлар «асоссиз» эканини таъкидлаб, суд идоралари олдида бунга қарши туришини билдирди.
«Махфийлик ва хавфсизлик – TikTok’нинг устувор вазифаларидир. Биз барча фойдаланувчиларимизни ва айниқса ёш фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида ўз сиёсатимиз ва технологияларимизни кучайтирдик», дейди TikTok маъмурияти шикоятларга жавобан баёнот берар экан.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, TikTok дунё бўйлаб 800 миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга. ByteDance компаниясига тегишли илова ўтган йили рекламадан 37 миллиард доллар фойда кўрганини маълум қилди.

«Парда ортида ёмон ният бор»
2018 йил 25 майдан бери ушбу иловадан фойдаланиб келаётган болалар номидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган Лонгфилд асосан TikTok’га эътибор қаратишини айтди, чунки дастур «ҳаддан ташқари» маълумот тўплаш сиёсатига эга: «TikTok– оғир кечган йилда болаларга ўз дўстлари билан боғланишда ёрдам берган, жуда кенг тарқалган ижтимоий медиа платформасидир. Аммо комик қўшиқлар ёки рақсларнинг парда ортида жуда кўп ёмон ниятлар бор».

Лонгфилднинг таъкидлашича, ушбу илова «ота-оналарни қасддан ва муваффақиятли тарзда алдай олган». Оилалар эса қандай маълумотлар йиғилаётганлигини билиш ҳуқуқига эга.

Даъво бўйича адвокатлик ишини юритаётган Scott and Scott номли адвокатлик фирмаси мутахассиси Том Саутвелл эса TikTok’нинг маълумот йиғиш жараёнлари Буюк Британия ва Европа Иттифоқининг маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларига жиддий тарзда зид келади, деган фикрда: «TikTok ва ByteDance’нинг реклама даромади ўз фойдаланувчиларидан йиғиладиган шахсий маълумотларга асосланади. Улар орасида болаларга оид ахборотлар ҳам бор. Улар қонуний мажбуриятларга ва болаларни ҳимоя қилиш бўйича ўзларининг ахлоқий жавобгарлигига риоя қилмай туриб, ушбу маълумотдан фойда олишлари эса қабул қилиниши мумкин бўлмаган ҳолдир».

Олдин ҳам худди шундай айблов билан TikTok’га қарши суд даъвоси очилган эди. 2019 йилда АҚШ Федерал савдо комиссияси болаларнинг маълумотларини йиғиш жараёни сабаб компанияни 5,7 миллион доллар миқдорида жаримага тортганди. TikTok худди шу айблов билан Жанубий Корея ва Буюк Британияда ҳам жазоланган эди.

Британиянинг Ofcom оммавий ахборот воситаларини назорат қилиш агентлигининг таъкидлашича, 13 ёшдан кичикларнинг фойдаланиши мумкин эмаслиги айтилган TikTok’дан Буюк Британиядаги 8-12 ёшдаги болаларнинг 44 фоизи фойдаланмоқда. Чунки болалар ўз ёшлари тўғрисидаги маълумотни нотўғри кўрсатиш орқали иловага аъзо бўлишлари мумкин.

2019 йилда BBC томонидан ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, TikTok’даги болалар иловадаги таниқли шахслардан у ёки бу нарсани пул эвазига сотиб олиш босими остида қолишган. Таниқли шахслар эса бунинг эвазига болаларга ўз телефон рақамларини беришга ёки уларга шахсий хабар юборишга ваъда беришган.

BBC’нинг бу борадаги хабарларидан сўнг пул жўнатиш имконияти катталар билан чекланган эди. 

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » «Парда ортида ёмон ният бор» – TikTok Буюк Британияда судга берилди