19:20 / 03.05.2021
1 646

Тожикистон Бош прокуратураси қирғизистонлик ҳарбийларга қарши жиноий иш очди

Тожикистон Бош прокуратураси қирғизистонлик ҳарбийларга қарши жиноий иш очди

Фото: «РИА Новости»
Тожикистон Бош прокуратураси икки мамлакат чегарасидаги можаро туфайли Қирғизистоннинг 200 нафар фуқаро ва ҳарбий хизматчиларига қарши жиноий иш қўзғади. Бу ҳақда прокуратура веб-сайтига таяниб, «РБК» хабар берди.

Иш республика Жиноят кодексининг 2-қисми 395-моддаси (агрессив уруш бошлаш ёки олиб бориш) ва Жиноят кодексининг 2-қисми 104-моддаси (икки ёки ундан ортиқ кишини, ўз расмий фаолиятини амалга ошириш мобайнида ўлдириш; техникалардан одамлар ҳаёти учун хавфли тарзда фойдаланиш; уюшган гуруҳ; ғаразли ниятларда, шунингдек, талончилик ёки бандитизм билан баравар; миллий, ирқий, диний, минтақавий нафрат ёки адоват ёки қонли жанжаллар асосида ҳаракат олиб бориш) бўйича қўзғатилган.

Тожикистон Бош прокуратурасининг пресс-релизида айтилишича, можаронинг бошланишига қирғиз ҳарбийларининг Тожикистон билан чегарадош Исфара шаҳридаги Чоркух жамоасига ҳужуми сабаб бўлган. Идора маълумотларига кўра, қирғиз ҳарбийлари «аввалдан ўзаро келишувга кўра видеокамераларни ўрнатаётган» тожик муҳандисларига ҳужум қилган. Тожикистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра ҳарбий хизматчилар Қирғизистон «расмий органларининг бевосита хабардорлиги ва иштирокида» ҳаракат қилган.

«Бир давлат томонидан бошқа давлатнинг суверенитети, ҳудудий дахлсизлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши ёки бирон-бир тарзда БМТ низомига ёки бошқа халқаро шартномаларга зид бўлган тарзда қуролли куч ишлатилиши тажовуз сифатида қабул қилинади. Бошқа давлатга қарши қуролли куч ишлатиш ҳаракатларини амалга оширадиган қуролли уюшма ёки гуруҳларнинг давлат томонидан жўнатилиши ҳам тажовуз деб ҳисобланади», — дейилади идора пресс-релизда.

Ўз навбатида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ҳам Тожикистон билан чегарадаги қуролли низодан кейин 11 та жиноят ишини қўзғаган эди. Маълумотларга кўра, жиноят ишлари қотиллик, оммавий тартибсизликлар, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, безорилик ва тинчликка қарши қаратилган жиноят моддалари бўйича очилган. Жами 11 та жиноят иши қўзғатилди, улар бўйича ҳозир текширув олиб борилмоқда.

Шунингдек, Қирғизистон Тожикистон билан можаро туфайли ҳалок бўлган қирғизлар сони 36 кишига етганини маълум қилди: беш ёшли боланинг жасади топилган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, чегарада снарядлар отилаётган пайтда бола қишлоқдан оиласи билан қочиб чиқиб, каналга тушиб кетган.

«29 апрель куни Лайлак туманининг Арка қишлоғида можаро пайтида қочган икки болали она канални кесиб ўтаётганда болалардан бири каналга тушиб кетган, уни Тожикистон билан деярли чегарада топишди. Тез тиббий ёрдам шифокорлари болани қутқара олмади», — деди вазирлик матбуот котиби Жилдиз Айгерчинова «Интерфакс»га.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги низо 28 апрель куни маҳаллий аҳоли ўртасидаги жанжал билан бошланган эди. У эса тожикистонлик ҳарбийлар баҳсли ҳудудда жойлашган «Головной» сув тақсимлаш пункти яқинидаги электр устунига видеокузатув камераларини ўрнатганидан кейин келиб чиққан. Қирғизистон чегара хизматининг ахбороти бўйича 29 апрелда икки давлат ҳарбийлари ўртасида отишма содир бўлган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Тожикистон Бош прокуратураси қирғизистонлик ҳарбийларга қарши жиноий иш очди