15:45 / 10.05.2021
6 393

АҚШ Афғонистондаги қўшинларини Марказий Осиё давлатларига жойлаштирмоқчи


Фото: Reuters
Вашингтон Афғонистондан олиб чиқиб кетадиган қўшинларини жойлаштириш учун вариантларни кўриб чиқмоқда, рўйхатда энг биринчи бўлиб Ўзбекистон ва Тожикистон турибди. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбалари асосида хабар бермоқда, деб ёзади «РБК».

Қўшинларини ушбу мамлакатларга жойлаштириш орқали АҚШ Афғонистонда юз бераётган воқеаларга тезкор жавоб қайтариш имкониятига эга бўлади, чунки улар Афғонистон билан чегарадош. Аммо Россиянинг минтақадаги кучли иштироки, Хитойнинг у ердаги ўсиб бораётган иштироки ҳамда АҚШнинг ушбу мамлакатлар билан кескин муносабатлари у ерга ўз базаларини жойлаштириш режаларини мураккаблаштириши мумкин. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Тожикистонга ҳозирча ҳеч қандай расмий сўров юборилмаган. Ҳозирча бу вариант АҚШ Мудофаа вазирлиги, Давлат департаменти ва Оқ уй томонидан кўриб чиқилмоқда.

Америка ҳарбий қўмондонлиги қўшинлар, дронлар, бомбардимончи самолётлар ва артиллерияни жойлаштириш режалаштирилаётган базалар Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашини ва «Толибон» ҳаракати учун тийиб турувчи омил бўлиб хизмат қилишини хоҳламоқда, деб ёзади газета. Қўшинлар, масалан, Кобулдаги Америка элчихонасига уюштирилган ҳужумга жавоб кўрсатиш учун Афғонистонга яқин жойлашиши керак, дея аниқлик киритади у.

Базаларни жойлаштириш учун вариантлар сифатида, шунингдек, араб мамлакатлари ва денгиздаги ҳарбий-денгиз кучлари кемалари ҳам кўриб чиқилмоқда. Агар Афғонистон билан қўшни мамлакатларга қўшин жойлаштириш имконсиз бўлиб чиқса, у ҳолда ушбу вариантлар ўрганиб чиқилади.

WSJ эслатишича, май ойида АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзад Ўзбекистон ва Тожикистонга ташриф буюрган эди. Нашр маълумотларига кўра, у Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилган. Газета манбаси айтишича, Ўзбекистон ва Тожикистон минтақада зўравонлик тарқалиши эҳтимолидан хавотирда.

Афғонистонда юз бераётган урушдаги иштирокининг бошида АҚШ Ўрта Осиёда ўз базаларига эга эди. Улардан бири Ўзбекистонда, иккинчиси эса Қирғизистонда жойлашган эди. Аммо 2005 йилда америкаликлар Ўзбекистонни тарк этди, қарийб ўн йилдан кейин Қирғизистондан ҳам кетди.

Вашингтон Афғонистондан ўзининг 2001 йилдан буён бўлиб турган қўшинларини олиб чиқиб кетишга бир неча марта ваъда берган. Апрелда Жо Байден буни 2001 йил 11 сентябрь терактларига 20 йил тўладиган санагача амалга оширишни ваъда қилганди.

АҚШ 2011 йилдан буён Афғонистондаги ҳарбий контингентини аста-секинлик билан камайтиришни бошлади ва 2014 йилда асосий жанговар кучларни чиқариб кетди.

Мамлакатни НАТО кучлари ҳам тарк этиши керак, улар Афғонистонда ҳарбий бўлмаган миссия доирасида бўлиб турибди. Ўтган ҳафта Европадаги иттифоқдошлари АҚШдан НАТО кучларига Афғонистонни тарк этиш учун вақт бериш мақсадида ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни кечиктиришни сўради.

Маълумот учун, Ўзбекистон Мудофаа доктринасининг 10-бандида «Ўзбекистоннинг мудофаа соҳасидаги сиёсати қуйидаги принципларга асосланган: ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик; Қуролли Кучларнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операцияларда ва ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги», — дейилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Афғонистондаги қўшинларини Марказий Осиё давлатларига жойлаштирмоқчи