08:00 / 16.05.2021
1 199

Хитой марсоходи илк бор Марсга қўнди (видео)

Хитой марсоходи илк бор Марсга қўнди (видео)

Фото: imago images
Хитойнинг «Чжунчжун» марсоходи «Тянвен-1» космик аппарати билан 15 май куни эрталаб Марсга муваффақиятли қўнди. Бу ҳақда Хитой миллий космик бошқармасига асосланиб, «Интерфакс» хабар берди.

Бу Хитойнинг бошқа бир сайёрага қўнган биринчи марсоходи. «Тянвен-1» 2020 йил 23 июлда Хитой жанубидаги Венчан космодромидан учирилган эди.

Космик аппарат қарийб етти ойлик парвоздан сўнг февраль ойида Марс орбитасига кирган ва икки ойдан кўпроқ вақт давомида потенциал қўниш жойини қидирган.

Ровер фаолиятининг режалаштирилган умри — Марс куни бўйича 90 кун, бу Ер кунларидан 2,7 фоиз кўпроқ. У тўртта қуёш батареяси билан ишлайди. Хитой роверининг ҳаракат тезлиги соатига 200 метрга етади.

Хитой роверида навигация ва топографик геодезия учун мултиспектрал камералар, Марснинг 10 метр чуқурликкача бўлган геологик тузилишини ўрганиш учун ерости товушли радарлари, тупроқнинг кимёвий таркибини таҳлил қилиш ва биомолекулаларни қидириш учун асбоб, шунингдек, магнит билан жиҳозланган дала детекторлари ва об-ҳаво станцияси мавжуд.

Кутилганидек, марсоход сайёрани ўрганиш бўйича дастлабки маълумотларни жорий йилдаёқ узатиши мумкин.
Хитой совет иттифоқи ва АҚШдан сўнг қизил сайёрага ўз марсоходини қўндирган учинчи мамлакат бўлди.
Хитой президенти Си Цзиньпин Хитой аэрокосмик саноати вакилларини «Тянвен-1» космик аппаратининг Марсга муваффақиятли қўнгани билан табриклади.

«Хитой Коммунистик партиясининг юз йиллигида ‘Тянвен-1’ миссияси Марсга муваффақиятли қўнди. Шу муносабат билан партия Марказий қўмитаси, Давлат кенгаши ва ХХР Марказий ҳарбий комиссияси номидан мен сизни самимий табриклайман», —  дейилади президентнинг телеграммасида.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, қурилманинг Марсга муваффақиятли қўниши ХХР сайёралараро тадқиқотида янги босқични бошлаб берди.

«Хитой биринчи маротаба Марсда ўз изини қолдирди, бу миллий аэрокосмик дастурни ишлаб чиқишда муҳим ва қимматли янги босқичга айланди. Сиз ушбу қийинчиликларни жасорат билан қабул қилдингиз, ўзингизни аямадингиз ва мамлакатимизни космик тадқиқотлар бўйича дунёда етакчига айлантирдингиз. Ватанингиз ва халқингиз сизнинг бу хизматингизни абадий ёдда сақлайди», — деди Си Цзиньпин.

Давлат ва партия раҳбари аэрокосмик саноат вакиллари бундан буён ҳам космик тадқиқотлар соҳасида астойдил ҳаракат қилишига ва бундан кейин ҳам инсоният тараққиётига ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Хитой марсоходи илк бор Марсга қўнди (видео)