18:24 / 01.06.2021
3 078

Олимлар: COVID-19 одамлар томонидан яратилганига оид далиллар бор


Фото: Reuters
COVID-19 лабораторияда яратилган, шундан сўнг хитойлик олимлар «изларни яшириш учун» вируснинг кўршапалаклардан келиб чиққани тўғрисидаги версияни илгари сурган. Бу ҳақда британиялик ва норвегиялик олимлар Ангус Далглиш ва Биргер Сёренсеннинг Quarterly Reviews of Biophysics журналида чоп этиладиган янги тадқиқотида айтилган, деб ёзади «РБК».

Далглиш ва Сёренсен вирусдан «ноёб бармоқ излари»ни ҳамда унинг бирор ишончли манбаси йўқлигига оид далилни топган.
Шундан келиб чиқиб, олимларнинг фикрига кўра, вирус фақат лабораторияда олиб борилган ишлар натижасида яратилган бўлиши мумкин. Олимлар илгари ўз тадқиқотлари натижаларини нашр этишга урингани, аммо улар вируснинг табиий келиб чиқишига ишонган илмий журналлар томонидан рад этилганини айтди.

Ҳозирда бир қатор мамлакатларда COVID-19 пайдо бўлишининг версияларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳақида баҳс кетмоқда.
Тадқиқотчилар 2002 йилдан 2019 йилгача Ухань шаҳридаги лабораторияда ўтказилган тажрибаларга эътибор қаратган ва баъзилари Америка университетлари билан ҳамкорликда иш олиб борадиган хитойлик олимлар вирусни унинг юқумлилик даражасини оширадиган тарзда ўзгартириш бўйича тадқиқотлар олиб борганини аниқлаган.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, Хитой ғорларидаги кўршапалаклардан топилган коронавирусдан олинган «асос»га янги «қисм» қўшилган, натижада юқумлироқ ва ўлимга олиб келувчи SARS-CoV-2 пайдо бўлган.

Далглиш ва Сёренсен томонидан аниқланган мусбат зарядга эга тўртта аминокислоталар занжири вирусга ўзгартириш киритилган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Бу вирусга «магнит каби одам ҳужайраларининг манфий зарядланган қисмларига маҳкам ёпишиб олиши ва шу билан янада юқумлироқ бўлишига имкон беради», — дея тушунтирди норвегиялик олим.

«Аммо магнитлар сингари мусбат зарядланган аминокислоталар бир-биридан итарилади, шунинг учун табиий равишда учрайдиган вирусларда ҳатто учта аминокислота занжири ҳам камдан кам учрайди. Тўртталик занжирнинг бўлиши эса эҳтимолдан йироқ», — деди у.
Олимларнинг хулосаларини шарҳлар экан, юқумли касалликлар бўйича россиялик мутахассис, тиббиёт фанлари доктори Николай Малишев жуда кўплаб вируслар мавжудлигини, улар, шу жумладан, нам ва илиқ иқлимга эга Жануби-Шарқий Осиёда ҳам учрашини айтди.

«Бундай об-ҳаво шароитда вирус РНК ва ДНКъсидаги турли хил ўзгаришлар фаол равишда юз бериши мумкин, бу эса баъзи янги қўзғатувчилар пайдо бўлишига олиб келади», — деб изоҳлади у. Олимнинг сўзларига кўра, SARS-CoV-2 табиий равишда келиб чиққан.

«Ҳамма нарса одамлар томонидан бирон бир мақсад билан яратилган деб ишонадиганлар бор. Аммо вируснинг келиб чиқиши табиий бўлган, деб ўйлайман. Инсоният яратилганидан бери мавжуд эпидемияларнинг барчасини: ўлат, вабо ва бошқа касалликлар атайин яратилгани ҳақидаги тахминларни илгари сурадиган одамлар ҳар доим бўлган», — деди у.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олимлар: COVID-19 одамлар томонидан яратилганига оид далиллар бор