10:36 / 10.06.2021
852

Боливия парламенти депутатлари ўртасида оммавий жанжал юзага келди (видео)

Боливия парламенти депутатлари ўртасида оммавий жанжал юзага келди (видео)

Фото: Скриншот
Боливия парламентида Ички ишлар вазирлиги раҳбари Эдуардо Дель Кастильонинг 2019 йилдаги давлат тўнтариши бўйича қилган ҳисоботи вақтида депутатларнинг оммавий муштлашуви юз берди, деб ёзмоқда Tengrinews.

Вазирнинг сўзлари ва видеоёзувлар мухолифат депутатларнинг норозилигига сабаб бўлди, улар амалдорлардан норози эканини ифодалаб шовқин кўтара бошлади. Ҳукумат қошидаги «Социализм сари» (MAS) ҳаракати вазирни қўллаб-қувватлади.

Тартибсизликлар Creemos («Биз ишонамиз») альянси сенатори Энри Монтеро ва MAS депутати Антонио Колкенинг жанжалига айланиб кетди. Видеоёзувда парламентчиларнинг қандай қилиб муштлашганини ва жанжал иштирокчиларининг ерга йиқилганини кўриш мумкин.

Бир вақтнинг ўзида бир нечта одам уларни ажратишга ҳаракат қилган. Лекин ажратишга уринганлар орасида ҳам низо келиб чиқди: аёл депутатлар Татьяна Аньес ва Мария Аланока бир-бирларининг сочларидан чангаллаб, жанжал бошлади.

Парламент сессияси тўхтатилди. Монтеро ва Колке кейинроқ журналистлардан узр сўради. Ички ишлар вазири эса қисқа танаффусдан сўнг ўз ҳисоботини якунлади.

Боливияда 2019 йилнинг 20 октябрь куни президентлик сайловлари бўлиб ўтган. Олий сайлов судининг маълумотларига кўра, ўша пайтда амалдаги давлат раҳбари Моралес кўпчилик овоз билан ғолиб бўлган. Унинг асосий рақиби Карлос Меса биринчи даврада рақибининг ғалабасини тан олмаслигини таъкидлаган.

Уч ҳафта давом этган норозилик намойишларидан сўнг Боливия Қуролли Кучлари расмийлари Моралесдан истеъфога чиқишини сўради ва у вазиятни давлат тўнтариши деб баҳолаган ҳолда лавозимини тарк этди ва мамлакатдан чиқиб кетди.

Маълумот учун, Боливия прокуратураси собиқ президент Эво Моралесни расмий равишда терроризмда айблаган эди. Прокуратура маълумотларига кўра, собиқ президент 2019 йил ноябрь ойидаги норозилик намойишлари пайтида озиқ-овқат блокадаси ва шаҳарларни қамал қилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Боливия парламенти депутатлари ўртасида оммавий жанжал юзага келди (видео)