13:33 / 09.07.2021
2 672

«Толибон» Москвадаги музокараларда Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмасликка ваъда берди


Фото: «ТАСС»
«Толибон» ҳаракати Россия дипломатларини Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузиш нияти йўқлигига ишонтирди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, «РБК» хабар бермоқда.

Москвага музокаралар ўтказиш учун «Толибон»нинг Қатар идораси делегацияси етиб келди, унга шайх Шаҳобиддин Диловар раҳбарлик қилди. «Толибон»нинг Қатардаги ваколатхонаси бир неча йиллар давомида гуруҳнинг АҚШ ва Афғонистон ҳукумати билан музокаралар ўтказадиган майдони бўлиб хизмат қилган.

«Толибон» вакиллари билан музокараларни Москвада президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили ва ушбу мамлакатдаги собиқ элчи Замир Кабулов олиб борди.

«Россия томони Афғонистон шимолий туманларида кескинликнинг ошиши юзасидан хавотир билдирди ва унинг мамлакат чегараларидан ташқарига чиқишига йўл қўймасликка чақирди. «Толибон» эса Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмасликка ваъда берди ҳамда Афғонистон ҳудудидаги деипломатик ва консуллик миссиялари хавфсизлигини кафолатлади», — дейилади ТИВ хабарида.

Қўшимча қилинишича, «Толибон» бошқа бир террорчилик гуруҳи — ИШИД томонидан келадиган хавфга қарши курашга ва «мамлакат ҳудудида наркотиклар ишлаб чиқаришни таг-туби билан йўқ қилишга» қатъий киришишга сўз берди.

«Толибон» вакиллари Москвага Афғонистонда улар томонидан ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумлар бошланган бир пайтда етиб келди. Афғонистондан АҚШ ўз қўшинларини чиқариб кетишни бошлагач, «Толибон» ўз жанговар ҳаракатларини фаоллаштирди.

Ҳукумат кучларининг ҳарбий хизматчилари, хусусан, Тожикистон ҳудудига чекинмоқда, у ерда Россиянинг ўз ҳудудидан ташқаридаги энг йирик ҳарбий объекти — 201-ҳарбий базаси жойлашган. 5 июль куни Россия президенти Владимир Путин Афғонистон билан чегарада вазият кескинлашгани муносабати билан Тожикистонга ёрдам беришни ваъда қилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» Москвадаги музокараларда Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмасликка ваъда берди