
Фото: VIRGIN GALACTIC
Парвоз АҚШнинг Нью-Мехико штатидан амалга оширилди. У маҳаллий вақт билан эрталаб соат 08:30 да бошланиб, бир соат давом этди. Парвоз Virgin Galactik компанияси томонидан жонли трансляция қилинди ва унда миллиардер Ернинг жуда гўзаллиги ҳақида гапириб, ҳамкасбларига космик аппаратни қурганлари учун миннатдорчилик билдиришга ҳам улгурди.
Брэнсон Ерга қайтгач, журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, коинотдан сайёрани томоша қилиш жуда ажойиб ҳиссиётлар тақдим этишини айтди. У қувончи ичига сиғмай, Unity'нинг илк тижорий парвози учун иккита ўринни ўзига хос викторина тарзида ғолибларга бепул тақдим этишини маълум қилди. Брэнсонга 5 нафар фазогирлар ҳамроҳлик қилишди. Virgin Galactic компанияси аллақачон сайёҳларни космосга олиб учиш бўйича ҳаракатни бошлаб юборган ва илк тижорий парвоз кейинги йилдан амалга оширилади. Компаниянинг самолёт-ракетаси сайёҳларни олиб учишидан аввал миллиардер шахсан ўзи унда парвоз қилишга қарор қилди.

«Мен коинотга учишни болалигимдан орзу қиламан. Умид қиламанки, яқин 100 йил ичида бундай имкониятни юз минглаб одамларга тақдим эта оламан. Нега одамлар коинотга учмаслиги керак? Менинг истагим шуки, улар ажойиб сайёрамизга юқоридан қараб, Ерга қайтгач, уни асраш учун қўлларидан келганича ҳаракат қилишсин», деган эди ВВС билан суҳбатда Брэнсон.

Virgin Galactic / Reuters / Scanpix / LETA

Безоснинг учоғи 100 км баландликка кўтарилишни мақсад қилган. Яъни унинг парвози Брэнсонникидан баландроқ бўлади. Дунёнинг энг бой одамига парвоз давомида акаси Марк, парвоз учун 28 миллион доллар тўлаган ва кимлиги номаълум йўловчи, шунингдек, 82 ёшли фазогир Уолли Фанк ҳамроҳлик қилади.
Брэнсоннинг айтишича, Virgin Galactic билан коинотга учишни аллақачон 600 киши кутиб турибди. Улар чипта учун олдиндан қисман тўлов ҳам қилиб бўлишган. Бироқ Безос бу борада режаларини маълум қилганича йўқ. Икки миллиардер ўртасида жиддий бизнес рақобат кетаётган бўлса-да, улар телефон орқали бир бирининг ишларига ривож тилашган.
Коинотга хусусий парвозлар «пойга»сига олдинроқ дунёнинг яна бир энг бой инсонларидан Илон Маск қўшилганди. Унинг Space X компанияси аллақачон коинотга фазогирларни олиб учди ва уларни муваффақиятли қўндирди. Унинг кемалари халқаро космик станцияга юклар етказиб берди ва юзлаб сунъий йўлдошларни Ер орбитаси бўйлаб жойлаштириб чиқди. Чунки Маск ўзининг сунъий йўлдошли интернет тармоғини ташкил қилишни режалаштирган.
Маълумот учун, 2020 йилгача америкалик космонавтлар фақат Россия ҳаво кемалари орқали коинотга чиқишган. Чунки уларнинг олдинги бир нечта парвози муваффақиятсиз чиққан ва одамлар ҳалок бўлган. Илон Маскнинг хусусий космик компанияси коинотга парвозларни давлатларнинг иштирокисиз ва анча арзонга амалга ошириш мумкинлигини кўрсатиб берди. АҚШ хусусий компанияларининг охирги йиллардаги муваффақиятли фаолияти Америка фазогирлиги сезиларли ўсишга эришганини таъминлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар