17:30 / 27.07.2021
1 874

АҚШ жангарилар ҳаракатлари туфайли Афғонистон осмонидан ўтадиган парвозларни чеклади


Фото: Reuters
АҚШ Фуқаролик авиацияси бошқармаси Америка авиакомпанияларига 8 километрдан кам баландликда Афғонистон осмонидан учиб ўтишни тақиқлади, деб ёзади «РБК».

Ҳужжатда айтилишича, ташувчилар «экстремистлар/ҳарбий фаоллик томонидан яратилаётган хавф ҳамда ушбу хавфни камайтириш бўйича чекланган имкониятлар» туфайли Кобул ҳаво ҳудудида (у қарийб бутун Афғонистонни қамраб олади) 26 минг фут (тахминан 7,9 км)дан кам баландликда парвозларни амалга оширмаслиги керак.

Бу Ҳамид Карзай номли халқаро аэропортдан учиб кетиш ва учиб келишларга тегишли эмас. Шунингдек, зудлик билан қарор қабул қилишни талаб этадиган фавқулодда вазиятда кема командири бу кўрсатмага амал қилмаслиги мумкин, дейилади ҳужжатда.
Аввалроқ «Толибон» ҳужумларни тўхтатмаса, АҚШ уларга авиазарбалар беришда давом этишини маълум қилган эди.

Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқила бошлангандан сўнг, «Толибон» Кобул, Қандаҳор, Мозори-Шариф каби шаҳарларга қатор йирик ҳужумлар уюштирди, аммо уларни қўлга кирита олмади. Ўтган ҳафта ҳаракат вакиллари мамлакат чегараларининг 90 фоизини назорат қилаётганини маълум қилди. БМТнинг таъкидлашича, «Толибон» сўнгги 20 йил ичидаги энг кўп ҳудудларни ўз назоратига олган.

Тўқнашувлар натижасида нафақат қочқинлар, балки чекинаётган ҳукумат қўшинлари ва жангарилар ҳам оммавий равишда қўшни Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон ҳудудларига кириб кела бошлади. Ушбу давлатларнинг расмийлари чегараларни мустаҳкамлади. Халқаро ҳамжамият Афғонистондаги зиддиятнинг авж олишини кескин қоралади ва томонларни музокаралар ўтказишга чақирди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ жангарилар ҳаракатлари туфайли Афғонистон осмонидан ўтадиган парвозларни чеклади