21:48 / 13.08.2021
1 992

ЖССТ коронавирус келиб чиқишини ўрганиш учун янги гуруҳ тузади

ЖССТ коронавирус келиб чиқишини ўрганиш учун янги гуруҳ тузади
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) янги вирусларни, жумладан, SARS-CoV-2 ни ўрганиш учун янги маслаҳат гуруҳини тузмоқда. Бу ҳақда ташкилотга таяниб, «РБК» хабар берди.

«Янги патогенларнинг келиб чиқиши бўйича халқаро илмий маслаҳат гуруҳи (SAGO) ЖССТ учун янги маслаҳат гуруҳи бўлади. У ЖССТга пандемия салоҳиятига эга янги патогенлар пайдо бўлишини тизимли текшириш учун глобал асосни ишлаб чиқиш бўйича маслаҳат беришга масъуллик қилади. SARS-CoV-2 га келсак, бу 2021 йил март ойидаги ҳисоботда тавсия этилган тезкор тадқиқотларни осонлаштиради»,— дейилади ЖССТ баёнотида.

Ташкилот SAGO’да иштирок этиш учун очиқ танлов эълон қилди ва аъзо давлатларнинг барчаси унга жавоб беришига умид қилмоқда. ЖССТ Хитойда SARS-CoV-2 нинг келиб чиқишини текшириш бўйича аввалги миссияларини давом эттириш, шунингдек, SARS-CoV, MERS-CoV, парранда гриппи, Ласса ва Эбола қўзғатувчиларининг келиб чиқишини текширувчи бошқа миссияларни давом эттириш ниятида.

ЖССТ коронавируснинг келиб чиқиши бўйича тадқиқотларнинг биринчи босқичи тўғрисидаги ҳисоботда ҳар қандай гипотезани рад этиш учун етарли илмий маълумотлар йўқлиги айтилганини эслади.

«Хусусан,‘лаборатория гипотезаси’ни кўриб чиқиш учун барча маълумотларга эга бўлиш, энг яхши илмий амалиётни ҳисобга олиш ва ЖССТда мавжуд бўлган механизмларни ўрганиш жуда муҳим», — дея таъкидланди ташкилотда.

12 август куни ЖССТнинг Хитойдаги миссиясини бошқарган мутахассиси Питер Эмбарек Уханда COVID-19 билан касалланган «дастлабки бемор» — тадқиқот ўтказган лаборатория ходими бўлиши мумкинлигини тан олди. Бу ҳақда Эмбарек Даниянинг ТV2 телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган.

«Зарарланган майдондан намуна олиш пайтида инфекция юқтирган лаборатория ходими эҳтимолий фаразлардан бирига киради. Бу ҳолатда вирус одамга кўршапалакдан юққан бўлиши мумкин. Бунда гап кўршапалаклар билан мунтазам алоқада бўлган қишлоқ аҳолиси ёки бошқа одам ҳақида эмас, айнан лаборатория ходими ҳақида кетмоқда», — дея тушунтирди у.

Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, ЖССТ экспертлари коронавируснинг тарқалиши Ухандаги лабораторияларда кўршапалаклар устида олиб борилган тадқиқотлар билан боғлиқлигига бевосита далил топмаган.

Июнь ойида ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус ташкилот COVID-19 келиб чиқиши бўйича текширувнинг иккинчи босқичига тайёргарлик кўраётганини маълум қилганди. Гебрейесус бунинг учун Хитойдан ошкоралик ва ҳамкорлик талаб этилишини айтган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ЖССТ коронавирус келиб чиқишини ўрганиш учун янги гуруҳ тузади