02:36 / 16.08.2021
4 269

АҚШ Афғонистондан чиқиб кетаётганида Байден нима деганди? Аслида нима бўлгани ҳаммага аён

АҚШ Афғонистондан чиқиб кетаётганида Байден нима деганди? Аслида нима бўлгани ҳаммага аён
АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишга киришиши билан, «Толибон» дарҳол босқинни бошлаган эди. Улар 15 август, якшанба куни Кобулга етиб келиб, кўп ўтмай бутун мамлакат устидан назоратни ўрнатганликларини эълон қилди. Америкаликлар ўз элчихонаси ва шаҳар аэропорти хавфсизлигини таъминлаш учун Афғонистон пойтахтига қўшимча куч юборишни ваъда қилиб, ўз дипломатларини Кобулдан эвакуация қила бошлади.

Бир ой аввал, 8 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ президенти Жо Байден журналистларга «Толибон» бутун Афғонистонни эгаллай олмаслигини айтган эди. Meduza ўша матбуот анжуманидаги эътиборга молик жиҳатларни ёдга олди.

— Афғонистоннинг энди «Толибон» томонидан эгалланиши аниқ бўлиб қолди, шундай эмасми?
— Йўқ.

— Нима учун?
— Чунки афғон қуролли кучлари ихтиёрида — тахминан, 75 минг нафар толибга қарши — дунёнинг исталган армияси каби яхши таъминланган 300 минг нафар аскар ва ҳарбий-ҳаво кучлари бор. Шундай экан, «Толибон» бутун Афғонистонни эгаллаб олиши аниқ бўлиб қолгани йўқ.

— Сиз толибларга ишонасизми, жаноб президент?
— Бу жиддий саволми?

— Бу мутлақ жиддий савол. Сиз толибларга ишонасизми?
— Йўқ, ишонмайман.

— Сиз мамлакатнинг толибларга топширилишига ишонасизми?
— Йўқ, мен «Толибон»га ишонмайман.

— Нега толибларга ишонмайсиз?
— Бу аҳмоқона савол. Толибларга ишонаманми? Йўқ. Аммо мен яхшироқ ўқитилган, яхшироқ таъминланган ва уруш олиб бориш нуқтаи назаридан нисбатан мақбул бўлган афғон қуролли кучларига ишонаман.
[…]
— Америка разведкаси маълумотларига кўра, афғон ҳукумати, катта эҳтимол билан, қулайди.
— Бу ёлғон.

— Разведкачилар айтган нарсани тушунтириб бера олмайсизми — афғон ҳукумати қулайдими ё йўқ?
— Бу ёлғон. Разведкачилар бундай хулосага келмаган.

— Афғонистонда ҳукумат таслим бўлмаслигига разведканинг ишончи қанчалик комил?
— Афғонистон ҳукумати ўзини қўлга олиши керак. Уларда ўз ҳолатини сақлаб қолиш учун яққол имконият бор. Масала уларда имконият бор-йўқлигида эмас, балки улар бирлашишнинг уддасидан чиқа оладими-йўқми, шунда. Уларда имкониятлар бор. Уларда куч бор. Уларда ускуналар бор. Масала улар бундан фойдалана оладими-йўқми, шунда.
[…]
— Вьетнамдаги ҳодисаларни ёдга соладиган ўхшашликларни кўрмаяпсизми?
— Йўқ, ҳеч қандай. Унда душман бутун бошли бригадалар билан элчихонамиз дарвозасини бузиб киришга уринган эди. Адашмасам, олтита бригада. «Толибон» эса Шимолий Вьетнам армияси эмас. Улар ҳатто бунга яқин ҳам кела олмайди. Сиз АҚШнинг Афғонистондаги элчихонаси томидан одамларни олиб кетишаётганига ўхшаш манзараларни кўрмайсиз. Бу иккиси мутлақо таққослаб бўлмайдиган вазиятлар.

Изоҳ: Бунда гап «Шиддатли шамол» операцияси ҳақида бормоқда — АҚШ 1975 йили Вьетнамдан ўз қўшинларини олиб чиқиб бўлгач, Сайгондан ўз фуқароларини эвакуация қилган. 2021 йил августида — Афғонистондан Америка қўшинлари чиқиб кетгач — Қўшма Штатлар Байденнинг тахминларига қарши ўлароқ, ўз фуқароларини Кобулдаги элчихона орқали эвакуация қилишга мажбур бўлди ва энди кўпчилик ушбу воқеалар қофияланаётганига эътиборни қаратмоқда.
[…]
— Жаноб президент, ушбу мамлакатдаги миссиянинг муваффақиятсизликка учрашида афғон ҳукуматидаги коррупциянинг ўрни қанчалик аҳамиятли бўлди?
— Энди, биринчидан, миссия ҳали барбод бўлганича йўқ. Бундан ташқари, Афғонистонда барча томонлар коррупцияга чалинган. Масала шундаки, ягона мақсад йўлида бирлашиш мумкинми? Вазифа қандай? Масалан, «Толибон», Афғонистон мудофаа ва хавфсизлик кучлари ва афғон ҳукумати ўртасида музокаралар бўлиб ўтиши керак эди. Аммо бўлмади. Энди улар нима қилиши керак? Ечим ҳали ҳам йўқ. Лекин «Толибон» бутун мамлакатни эгаллаб олиши эҳтимоли жуда паст.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Афғонистондан чиқиб кетаётганида Байден нима деганди? Аслида нима бўлгани ҳаммага аён