11:04 / 16.08.2021
6 329

АҚШ ҳукумати Афғонистондаги уруш ҳақида ҳақиқатни яширмоқда

АҚШ ҳукумати Афғонистондаги уруш ҳақида ҳақиқатни яширмоқда
Фото: Anadolu Agency
АҚШ ҳукумати сўнгги 20 йил мобайнида Афғонистондаги операциялари ҳақида жамоатчиликка нотўғри ахборот бериб келган. Бу ҳақда Washington Post «Афғонистон тўпламлари» китобининг тақдимоти ҳақидаги мақоласида ёзади.

Мақола Афғонистондаги АҚШ кампаниясининг «қоронғи томонларини» ёритиб беради. Унда таъкидланишича, Америка армиясининг муваффақиятлари бўрттириб кўрсатилган ва Вашингтон маъмуриятининг бу мамлакатдаги вазиятга ёндашувлари нотўғри.

Нашрнинг ёзишича, Жорж Буш президентлиги давридан буён Афғонистонда ҳарбий операциялар ва барқарорликни таъминлаш муваффақиятли ўтаётгани ҳақидаги даъволар жамоатчиликда мунтазам равишда нотўғри фикр ҳосил қилмоқда.

Бушдан кейин президент бўлган демократ Барак Обама Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқишга ваъда берган, лекин қўллаган усуллар охир-оқибат вазиятни янада ёмонлаштирди, дея таъкидлайди Washington Post.

Нашрда АҚШнинг собиқ вице-президенти Дик Чейнининг 2007 йилда Афғонистондаги Баграм ҳарбий базасига яширин ташрифи ҳақида ҳам маълумотлар бор. Унинг ташрифи оммавий ахборот воситаларида тарқалган ва Чейни «Толибон» ҳужумидан зўрға қутулиб қолган.

«‘Толибон’ Баграм базасига ҳужум қилиб, Афғонистоннинг жануби ва шарқидаги ўз қароргоҳларидан узоқда ҳам кенг кўламли қуролли ҳужумларни уюштириш қобилиятини намойиш этган», — дейилади мақолада.

БМТ маълумотларига кўра, 2021 йилнинг биринчи ярмида Афғонистонда «Толибон»нинг жанговор ҳаракатлари оқибатида 1659 тинч фуқаро ҳалок бўлган ва бу кўрсаткич ўтган ойда 1000 дан ошган.

БМТ, шунингдек, бугунги кунда 18 миллион афғонистонлик фавқулодда гуманитар ёрдамга муҳтожлигини таъкидламоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг