12:39 / 24.08.2021
4 428

Аҳмад-Шоҳ Масъуднинг ўғли «Толибон»га қарши кураш кучларини тузди

Аҳмад-Шоҳ Масъуднинг ўғли «Толибон»га қарши кураш кучларини тузди
Панжшер водийсидаги Аҳмад Масъуд гуруҳининг вакиллари, 2021 йил 21 август
Фото: Саҳел Арман / AFP / Scanpix / LETA

Толиблар Панжшер водийсига ҳужум қилди — бу улар Афғонистонда эгаллаб олмаган ягона ҳудуд. Водийда «Толибон»га рақиб сифатида Миллий қаршилик фронти тузилди. Мазкур тузилманинг вакили Али Назарий «Толибон»нинг 23 август куни Панжшерга ҳужум қилишга урингани, аммо мағлуб бўлиб, ортга чекинганини маълум қилган.

Бир кун аввал, 22 августда «Толибон» ушбу мухолиф гуруҳга қуролларни ташлаш ва таслим бўлиш учун тўрт соат вақт берган, акс ҳолда уларни оғир жазолаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. Meduza’нинг материалида «Толибон» ва Миллий қаршилик фронти тўқнашувларининг якуни нима билан тугаши мумкинлиги тахмин қилинган.

Панжшер водийси аввал ҳам қарама-қаршилик марказига айланган. У ерда таниқли афғон қўмондони Аҳмад-Шоҳ Масъуд жанг қилган. Водий Кобулдан 150 километр узоқликда жойлашган. Панжшер Афғонистон шимолини жануб билан боғлаб турувчи йўллар ўтган муҳим стратегик ҳудуд ҳисобланади. 1980–1990 йилларда дастлаб Совет Иттифоқи қўшинларига, кейинчалик толибларга муносиб қаршилик кўрсатган энг асосий ҳудудлардан бири бўлган. Аҳмад-Шоҳ Масъуд АҚШда 11 сентябрь терактлари содир бўлишидан маълум вақт аввал «Толибон» ҳамда «Ал-Қоида» томонидан ўлдирилган.

«Толибон»га қарши турувчи янги гуруҳга Аҳмад-Шоҳ Масъуднинг ўғли, Буюк Британияда таълим олган 32 ёшли Аҳмад Масъуд раҳбарлик қилмоқда. У отасининг ғояларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Афғонистондек кўп миллатли мамлакатда марказлашмаган сиёсий тизим зарур деб ҳисоблайди. Аҳмад Масъуд толибларни марказлашмаган ҳукумат тузишга ва унга мамлакатдаги барча кучларнинг вакилларини киритишга чақирган. У «Толибон» ушбу таклифни рад этадиган бўлса, ўзи раҳбарлик қилаётган гуруҳлар билан биргаликда толибларга қарши қурол кўтаришга тайёрлигини билдирган.

Аҳмад Масъуд Ғарбдан ўз гуруҳларига кўмак беришни сўраб The Washington Post газетасида мақола чоп эттирган. «Миллионлаб афғонлар сиз билан ўз қадриятларини бўлишишини биласиз. Биз узоқ вақт давомида қизлар шифокор бўла оладиган, матбуот эркин фаолият олиб борадиган, ёшлар рақсга тушиб, мусиқа тинглайдиган, стадионларда футбол учрашувларини томоша қиладиган очиқ жамият учун курашдик. Толиблар бир вақтлар ўша стадионлардан қатлни амалга ошириш жойи сифатида фойдаланишган ва бу яна такрорланиши мумкин», — дея ёзган у ўз мақоласида.

Шунингдек, Масъуд АҚШ ҳамда унинг иттифоқчилари жанг майдонини тарк этган бўлиши мумкинлиги, лекин Америка бир вақтлар Франклин Рузвельт айтганидек, яна «демократия учун қурол-яроғ» бўла олишини қайд этган.

Панжшерда ўзини янги давлат раҳбари деб эълон қилган Афғонистон вице-президенти Амрилло Солиҳ яшириниб олган. Афғонистон президенти Ашраф Ғани БААда эканлигини эълон қилгач, Солиҳ мамлакат конституциясига мувофиқ вице-президентга давлат раҳбари вазифасини бажариш юкланишини эслатган. У Афғонистон ҳудудида қолаётганини айтган ва афғонларни толибларга қарши кураш олиб боришга даъват этган.

Солиҳнинг Панжшер водийсида эканлигини Миллий фронт вакили Али Назарий ҳам тасдиқлаган. Бироқ у вице-президентнинг толибларга қарши турган гуруҳларга алоқаси йўқлигини таъкидлаган: «Жаноб Солиҳ ‘Толибон’ ва Покистонга қарши чиқади. Бироқ бу у толибларга қарши турувчи ҳаракатнинг бир қисми эмаслигини англатади. У Панжшерда ва Амрилло Солиҳни ҳурмат қилишади», – деган Назарий. Аммо матбуотда Солиҳ ҳамда Масъуднинг ўзаро иттифоқчи эканлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалган, сабаб — вице-президент бир вақтлар Аҳмад-Шоҳ Масъуд раҳбарлигидаги гуруҳ таркибида «Толибон»га қарши жанг қилган.

Қаршилик ҳаракати вакилларининг «Толибон» билан муносиб курашиш ёки аксинча кураша олмаслиги номаълум. Масъуд гуруҳлари Афғонистон ичида толибларга қарши курашга тайёр ва улар билан рақобатлаша оладиган ягона куч бўлиб қолмоқда. Миллий қаршилик фронти Панжшерда Афғонистон ҳукумат қўшини ва фуқаролар урушга тайёрлиги ҳамда умумий қўшин сони ўн минг нафарга етганлигини таъкидлаган. Бироқ экспертлар Масъуднинг «Толибон» учун жиддий муаммо бўлиши мумкинлигига шубҳа билан қарамоқда, чунки 32 ёшли қўмондоннинг Афғонистон ичида иттифоқчилари кам, бошқа хориж давлатлари эса унинг ҳаракатини ривожлантириш ва Миллий фронтга кўмак беришга шошилаётгани йўқ.

Кремль Афғонистондаги қарама-қаршиликларга аралашмаслигини билдирган. «Бугун бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик келишувига аъзо давлатларнинг навбатдан ташқари мажлисида Афғонистондаги воқеалар ривожи, мамлакатда навбатдаги фуқаролар уруши бошланишининг эҳтимоли қўшимча хавф ҳамда таҳдидлар уйғотиши эслатиб ўтилди. Албатта, ҳеч ким бу каби ишларга аралашмоқчи эмас», — деган Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Аҳмад-Шоҳ Масъуднинг ўғли «Толибон»га қарши кураш кучларини тузди