20:15 / 28.08.2021
3 390

АҚШ разведкасининг коронавирус келиб чиқиши ҳақидаги ҳисоботи эълон қилинди

АҚШ разведкасининг коронавирус келиб чиқиши ҳақидаги ҳисоботи эълон қилинди
Фото: Yandex
Америка разведка ҳамжамияти COVID-19 нинг келиб чиқиши ҳақида ягона хулосага кела олмади. Разведка ҳисоботининг оммага эълон қилинган версияси шундан далолат бермоқда.

АҚШ разведка ҳамжамиятининг хулосасига кўра, афтидан, коронавирус биологик қурол сифатида яратилмаган, Хитой ҳукумати вирус 2019 йилнинг охирида Уханда авж олишидан олдин у ҳақида билмаган.

Шу билан бирга, коронавирус келиб чиқишининг иккала асосий версияси — унинг одамга ҳайвондан юққани ва Ухань вирусология институти лабораториясидан сизиб чиққани — тахминлар орасидан ҳали чиқариб ташланмаган.

Агентликларнинг аксарияти «паст ишонч билан» таъкидлашича, коронавирус «генетик жиҳатдан ўзгартирилмаган бўлиши мумкин», аммо бошқа икки агентлик бундай хулосалар чиқариш учун етарли маълумот йўқлигини айтмоқда.

Ҳужжатда айтилишича, Америка разведка ҳамжамияти коронавируснинг келиб чиқиши борасида «икки тараф» бўлиб қолмоқда. Бироқ барча агентликлар инфекцияланган ҳайвон билан беихтиёр алоқа ва вируснинг лабораториядан сизиб чиқиши ҳақидаги назариялар ишончли эканига қўшилади.

Хулоса сифатида ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, коронавирус келиб чиқишининг аниқ манбасини топиш учун Хитойдан ҳамкорлик талаб этилади.

Ҳисобот эълон қилинганидан сўнг АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар инфекция манбасини қидиришда давом этишини маълум қилди.

«Биз бутун дунё бўйлаб жуда кўп оғриқ ва ўлимга сабаб бўлган ушбу эпидемиянинг келиб чиқишини аниқлаш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз, аниқлаш орқали биз бундай ҳодисалар такрорланмаслиги учун барча эҳтиёт чораларини кўришимиз мумкин», — деди Байден.

Унинг таъкидлашича, Хитойда вирус манбаи ҳақида асосий маълумотлар бор, лекин Пекин ҳалиям COVID-19 келиб чиқиши ҳақидаги маълумотларни яширмоқда ва пандемия қурбонлари сонининг кўпайиши фонида халқаро текширувга тўсқинлик қилмоқда.

«Пандемия эндигина бошланган пайтда бизга Хитой қўлидаги ушбу маълумотлар зарур эди. Дунё жавобларга муҳтож ва мен уларни қабул қилмагунча тин олмайман. Пандемия давлатлар орасида чегара билмайди. Келгуси пандемиянинг олдини олиш мақсадида ҳаммамиз COVID-19 қандай пайдо бўлганини тушунишимиз керак», — дейилади Байденнинг баёнотида.

Байденнинг қўшимча қилишича, Хитой зарур маълумотларни тақдим этиши ва COVID-19 ни келтириб чиқарган сабабларни аниқлашда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига ёрдам бериши учун АҚШ ўз иттифоқчилари билан унга босим ўтказишда давом этади.

«Биз Хитой илмий меъёрлар ва стандартларни, хусусан, пандемиянинг дастлабки кунларидаги маълумотлар ва ахборот алмашинувини, шунингдек, биохавфсизлик билан боғлиқ протоколларни қабул қилиши учун унга босим ўтказишда давом этамиз. Биз ушбу жаҳон фожиасини тўлиқ ва аниқ баҳолашимиз керак», — деди Байден.

25 август куни АҚШ разведкаси Байденга коронавирус келиб чиқиши тўғрисидаги ҳисоботни топширганди. The Washington Post манбаларидан бирининг айтишича, разведка хизмати «бу масалани ҳал қилиш учун яхши тайёргарликка эга бўлмаган», вируснинг келиб чиқишини биринчи навбатда разведка ходимлари эмас, балки олимлар аниқлаши керак.

Байден май ойининг охирида АҚШ разведка ҳамжамияти COVID-19 қандай тарқала бошлагани тўғрисида етарлича аниқ маълумотга эга эмаслигини айтган. У разведка хизматларига 90 кун ичида барча мавжуд маълумотларни ўрганиш ва унга янги ҳисобот тайёрлаш бўйича саъй-ҳаракатларни икки баравар оширишни буюрганди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ разведкасининг коронавирус келиб чиқиши ҳақидаги ҳисоботи эълон қилинди