14:15 / 04.09.2021
2 438

Тошкентда фуқаро ички ишлар ходимига «калла қўйди»

Тошкентда фуқаро ички ишлар ходимига «калла қўйди»
Интернет тармоғида фуқаролар ва ички ишлар органлари ходимлари иштирокидаги ҳолат видеоси тарқалди. Бу бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати маълумот берди.

Маълум қилинишича, 28 август куни Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ патруль–пост хизмати ходимлари сафдор Ҳ.И. ва Ф.Х. Янгиҳаёт тумани Спутник 15 массивидаги 12-сон автобус парки яқинида тунги вақтдаги пиёда патруллаш давомида хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган икки нафар фуқаро – 27 ёшли Т.Н. ва 30 ёшли У.Г.ни кўриб қолади.

Ходимлар фуқароларнинг ёнига келиб, ўзларини таништиргач, жамоат жойида ниқобсиз юриш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши ҳақида огоҳлантиради.

Сўнг фуқароларнинг шахсларини аниқлаш мақсадида улар туман ИИО ФМБ ички ишлар бўлимига таклиф қилинади. Аммо йигитлар бу илтимосга жавобан қўпол тарзда қаршилик кўрсатиб, ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмайди ва Т.Н. боши билан сафдор Ҳ.И.нинг бурун қисмига зарба бериб, унга бадан шикасти етказади.

Т.Н. ва У.Г.нинг воқеа жойига етиб келган патруль-пост хизмати ходимлари томонидан қўлга олиниш жараёни видеога тушиб қолган. Ҳуқуқбузарлар ИИБга, жабрланувчи эса – тиббиёт муассасасига етказилди.

Мазкур факт бўйича тўпланган ҳужжатлар Янгиҳаёт тумани прокуратурасига йўналтирилди. Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан Т.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг