12:15 / 05.09.2021
1 778

«Толиблар бизни ўлдиришади» – Термизда жон сақлаётган афғон учувчилари уйга қайтарилишларидан қўрқмоқда

«Толиблар бизни ўлдиришади» – Термизда жон сақлаётган афғон учувчилари уйга қайтарилишларидан қўрқмоқда
«Толибон» Афғонистонни эгаллагач, кўплаб ҳарбийлар Ўзбекистонга қочишга ва шу орқали жон сақлашга уринди. Август ойи ўрталарида афғон армиясининг ҳарбий учувчилари Ўзбекистон ҳудудига ўтиб, Сурхондарёдаги пахта майдонига қўнгани акс этган видео интернетда тарқалди. Хўш, ўша учувчиларнинг ҳоли не кечди? Улар қанча эди ўзи? Reuters ахборот агентлиги учувчилар билан телефон орқали гаплашиб, бу борада суриштирув тайёрлади.

Уч ҳафтадан буён Термизда қолаётган ҳарбий учувчилар АҚШ уларни эвакуация қилишини интизор бўлиб кутмоқда. Аскарлар уларга етарлича тиббий хизмат тақдим этилмаётганини айтиб ўтишган. Шунингдек, улар фақат эгнидаги кийим-бош билан қолиб кетган. «Агар бизни Афғонистонга қайтаришса, улар (толиблар) бизни ўлдириши 100 фоиз аниқ», дейди учувчилардан бири Reuters билан суҳбатда.

Маълум бўлишича, Термиздаги аввал коронавирус беморларини даволаш учун қурилган лагерда 465 нафар афғонистонлик бор.

«Толибон» босими
Афғон армияси учувчиларининг Термизда эвакуацияни кутиб ётгани АҚШ президенти Жо Байденни танқид қилиш учун яна бир асос бўлади. У шундоғам армияни олиб чиқиб кетиши ва тартибсиз эвакуация сабаб кўп танқидларга учради. АҚШ ҳукуматининг собиқ ва ҳозирги вакиллари ҳукумат Термиздаги учувчилар эвакуациясини пайсалга солаётганини танқид қилишмоқда. Уларнинг фикрича, «Толибон»нинг қочоқларни қайтариш борасида сўрови сабаб икки ўртада Ўзбекистон ноқулай аҳволда қолмоқда.

АҚШ сенатининг Қуролли кучлар қўмитасини бошқарувчи демократлар вакили бўлган сенатор Жек Рид Термизда қолаётган афғон учувчилари тақдиридан хавотирда эканини маълум қилган: «Бу учувчилар толиблар қўлига тушмагани яхши бўлди. Биринчидан, уларнинг хавфсизлиги учун. Иккинчидан, бу инсонлар махсус ўргатилган ҳарбий маҳоратга эга», дейди сенатор Рид Reuters билан суҳбатда.

АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Ҳербстнинг фикрича, учувчиларнинг Термизда қолаётгани сабаб Ўзбекистон толиблар босимига учраб, ноқулай ҳолатда қолади. «Ўзбекистон толиблар билан яхши муносабат ўрнатишга уринаётган вақтда шу муаммо сабаб улар билан тескари бўлиб қолишни истамайди. Ўз навбатида, улар биз билан ҳам муносабатлар ёмонлашишини хоҳламаяпти», деган айни вақтда сиёсий таҳлилчи бўлиб ишлаётган жаноб Ҳербст. Унинг фикрича, бу вазиятда мамлакатлар мувозанатни сақловчи ҳаракатни амалга ошириши керак.

Америкалик генерал Дэвид Ҳикс 2016-17-йилларда Афғонистон ҳаво кучларини бошқарган. Унинг фикрича, Давлат департаменти қийин аҳволда қолган афғон учувчилари ҳақида маълумот олгандан кейин тезда ҳаракатни бошламаган. «Тўғриси, улар бу борада нимадир қилаётганига ҳам ишонмайман», дейди генерал.

Reuters бу масалада АҚШ Давлат департаментидан муносабат олган. Департаментга кўра, АҚШ бу борада Ўзбекистон билан алоқага чиққач, учувчилар ва ҳарбий самолётлар хавфсиз жойда эканига амин бўлган. Шунингдек, Давлат департаменти Афғонистонга қўшни мамлакатлардан афғон қочоқларини қабул қилишни ва уларни ўлим хавфи кутиб турган ватанига қайтишга ундамасликни сўраган.


Улар нега қочганди?
Толиблар Афғонистонни эгаллашидан аввал ҳам АҚШда ўқиб келган ва инглизча гапирадиган афғон учувчиларини ўзининг асосий нишонларидан бири деб қараган. «Толибон» ҳукуматни эгаллагач, бундай учувчилардан бир неча нафарини топиб ўлдирган ҳам. Толиблар пойтахтни эгаллашидан бироз олдин 46та самолёт ва вертолётда афғон учувчилари мамлакатдан чиқиб кетган. Ўшанда учиши мумкин бўлган 160та ҳарбий учоқ бор эди ва уларнинг чорак қисми учиб қочган.

Термизга келган учувчиларнинг аксари Кобулдан учиб келган, лекин шундоққина чегара яқинидаги Мозори Шарифдаги базадан ўтиб қолганлар ҳам бор. Улардан бири Ўзбекистон ҳарбий самолёти билан тўқнашиб, ерга қулади ҳам. Учувчилар эса катапулта ёрдамида омон қолишган.

Reuters билан суҳбатлашган учувчининг айтишича, 15 нафар учувчи A-29 Super Tucano самолётини, 11 нафари UH-60 Black Hawk вертолётини, 12 нафари MD-530 вертолётини, қолган учувчилар эса Mi-17 вертолётини бошқарган. Термизга келганлар ичида Афғонистон ҳарбий ҳаво кучларига техник хизмат кўрсатувчи ходимлар ва махфий хизмат вакиллари ҳам бор. Баъзи ҳарбийлар самолётларга оила аъзоларини ҳам олиб чиққан, лекин аксар учувчилар чегара ортида қолган оила аъзоларининг ҳоли нима кечганидан бехабар.

«Биз охиригача курашдик, лекин қуруқлик аскарлари қолмаганди», дейди учувчилардан бири.

АҚШ ҳарбий мулозимларидан бири исми сир қолишини сўраган ҳолда вазиятга муносабат билдирган. У самолётларнинг толиблар қўлида қолишидан асраб қолган учувчиларга раҳмат айтиш баробарида улар Америкага ишониб шундай ишга қўл урганини таъкидлаган. Яъни улар тезда Америка томонидан эвакуация қилинишини кутган.

Reuters билан суҳбатлашишга рози бўлган «Толибон» вакилининг айтишича, ҳаракат Кобулни эгаллагач, у ерда бўлган барча дрон ва вертолётларни назоратга олган. «Иншааллоҳ биз қолган вертолётларни ҳам ихтиёримизга қайтарамиз», деган Reuters суҳбатдоши.

Толиблар мамлакатни ҳаво кучларисиз эгаллади. Эндиликда эса афғон армиясидаги ҳаво кучлари ҳам толиблар қўлига ўтган. «Толибон» ҳарбий авиация соҳасига афғон армиясида фаолият юритган учувчиларни жалб қилишини, улар таъқиб қилинмаслигини маълум қилганди, бироқ учувчилар бунга ишонишмаяпти.

Биотекширув
Reuters билан суҳбатлашган учувчилардан бирининг айтишича, чоршанба куни АҚШ ҳукумати вакиллари Термиздаги лагерга бориб, афғон учувчилардан бармоқ излари олишган. Шунингдек, ID-карталари ҳам текширилган. Давлат департаменти эса бу борада изоҳ беришни истамаган. Бу текширув эвакуация мақсадида ўтказилганини тахмин қилган учувчиларнинг кайфияти яхшиланган, лекин шундан кейин амалий ишлар қилинмаган.

Учувчилар «Толибон» ва Ўзбекистоннинг ҳукумат даражасидаги яқинлашуви уларнинг аҳволини ёмонлаштириши мумкинлигидан хавотир олмоқда. Улар ортга қайтиш ўлим билан баробар деб ҳисоблашмоқда. АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси жаноб Ҳербст эса Ўзбекистон «Толибон» билан яхши муносабат ўрнатиши табиий эканини айтди.

«Афғон ҳаво кучларининг аксар учувчилари Америкада ўқиган. Биз учун эса Афғонистонга қайтиш ҳам, кейинчалик «Толибон» билан илиқ муносабатда бўладиган давлатларда қолиш ҳам хавфли», дейди Reuters билан суҳбатлашган учувчи.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толиблар бизни ўлдиришади» – Термизда жон сақлаётган афғон учувчилари уйга қайтарилишларидан қўрқмоқда