18:28 / 05.09.2021
3 348

АҚШ генерали «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олиши сабабини маълум қилди

АҚШ генерали «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олиши сабабини маълум қилди
Фото: EPA
«Толибон» ҳаракати Афғонистондаги коррупция ҳамда фуқароларнинг ҳукуматга ишончи йўқлиги туфайли мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олишга муваффақ бўлган. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари Штаб бошлиқлари қўмитаси раҳбари генерал Марк Милли Fox News телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«Менинг фикримча, асосий муаммолардан бири — бу ҳукуматдаги коррупция… Ҳукуматнинг ўзи халқ кўз ўнгида қонунийликка эга эмас. Охирида нима бўлганини кўрдингиз. Олий ҳукумат элитаси, уларнинг барчаси том маънода сафдан чиқиб кетди», — деди Милли.

Унинг сўзларига кўра, афғон ҳукуматининг қулаши расмий шахслар кутганидан анча эртароқ юз берган, ҳолбуки АҚШ ўз қўшинларини олиб кетиш борасида пухта режалар тузган эди. «Афғон армиясининг парчаланиши анча тез содир бўлди ва деярли ҳамма учун тўсатдан бўлди. Шу билан бирга афғон ҳукуматининг қулаши ҳам», — дея қўшиб қўйди генерал.

АҚШ ва унинг иттифоқдошлари Афғонистонда ўз қўшинларини олиб кетишни бошлаганидан кейин 15 август куни «Толибон» мамлакатнинг катта қисмини босиб олди. Ўша куни президент Ашраф Ғани Афғонистонда қочиб, БААга учиб кетди. 34 та вилоятдан фақат Панжшер қаршилик кўрсатишда даавом этмоқда.

3 сентябрь куни Туркиянинг «Ени Шафак» нашри ҳамда «РИА Новости» ва Reuters «Толибон» Панжшерни ўз назорати остига олганини маълум қилди, аммо қаршилик кучлари бу маълумотни рад этди. Кейинроқ Al Jazeera телеканали «Толибон» ҳужумига вилоят пойтахтига олиб борадиган йўлга мина жойлаштирилгани халал бераётганини маълум қилди. Икки кун ўтиб, India Today телеканали ўз манбаларига таяниб, «Толибон» вилоят маркази Базарак шаҳрига кириб, губернатор идорасига ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди. Бироқ «ТАСС» манбалари идоранинг ҳужумга учрагани ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.

Аввалроқ The Washington Post АҚШ ва Афғонистондаги манбаларига таяниб, «Толибон» афғонистонлик амалдорларга қурол эвазига пора берганини хабар қилганди. 2020 йил бошидан буён томонлар битим тузиб келади, Афғонистон расмий вакиллари уни «ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги битимлар» деб атайди. WP маълумотларига кўра, аслида, келишувлар пул эвазига толибларга қурол-яроғ топшириш ҳақида бўлган. «Толибон»нинг мамлакатни эгаллашига айнан шу битимлар сабаб бўлди, деб ёзади нашр.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ генерали «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олиши сабабини маълум қилди