20:15 / 09.09.2021
2 671

«Толибон» янги ҳукуматда аёллар учун лавозимлар бўлишини ваъда қилди

«Толибон» янги ҳукуматда аёллар учун лавозимлар бўлишини ваъда қилди
Фото: Reuters
«Толибон» Афғонистоннинг янги ҳукуматида аёллар учун лавозимлар бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда ҳаракат расмий вакили Забиҳулла Мужоҳидга таяниб, BFMTV хабар берди.

«Бизда аёллар учун шариат қонунларига мувофиқ лавозимлар бўлади. Улар ҳукумат таркибида ишлай олади», — деди у. Мужоҳиднинг аниқлик киритишича, аввалроқ эълон қилинган ҳукумат таркиби (унда аёллар йўқ) вақтинчалик.

Шунингдек, Афғонистоннинг янги ҳукумати раҳбари мулла Муҳаммад Ҳасан Оҳунд 8 сентябрь куни Афғонистоннинг собиқ амалдорларига ватанига қайтишни сўраб мурожаат қилди ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашга ваъда берди.

«Биз собиқ амалдорларни мамлакатга қайтишга чақирамиз, уларнинг хавфсизлигига кафолат берамиз», — деди Оҳунд Al-Jazeera телеканали эфирида.

7 сентябрь куни Мужоҳид Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари рўйхатини оммага тақдим қилганди, унинг ўзи ҳукуматда маданият ва ахборот вазири лавозимини эгаллайди.

Маълумотларга кўра, Муҳаммад Ҳасан Оҳунд «Толибон» тузган янги ҳукуматнинг раҳбари бўлади. Оҳунд «Толибон» етакчиларининг раҳбари ҳисобланарди ва аввалги АҚШ ҳомийлигидаги ҳукумат қўшинига қарши урушда гуруҳни бошқарган. Қандаҳорлик етакчи «Толибон» асосчиларидан бири ҳисобланади.

«Ҳаққоний тармоғи» гуруҳи асосчисининг ўғли Сирожуддин Ҳаққоний ички ишлар вазири лавозимини эгаллайди. «Толибон» асосчиларидан бирининг ўғли Умар Ёқуб мудофаа вазири бўлади. Ташқи сиёсий идора (Ташқи ишлар вазирлиги) раҳбарлиги Амир Хон Муттақийга ишониб топширилади. Разведка вазирлигига Абдул Ҳақ Восиқ раҳбарлик қилади. У 2002—2014 йилларда АҚШда асирда бўлиб қайтган ва Гуантанамо қамоқхонасида жазо муддатини ўтаган. Кейинчалик Абдул Ҳақ Восиқни «Ҳаққоний тармоғи» гуруҳи асирга олган АҚШ ҳарбийсига алмаштиришган.

4 сентябрь куни Кобулда бир гуруҳ афғон аёллари ва фуқаролик жамияти фаоллари томонидан митинг ўтказилган. Иштирокчилар аёлларни бўлажак Афғонистон ҳукуматига киритишни талаб қилган. Намойишчилар кўзни ёшлатувчи газ ёрдамида тарқатилган. «Толибон» мамлакатда яна ҳокимият тепасига келган август ойида ҳаракат матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид аёлларга «ислом қонунлари доирасида» ишлаш, ўқиш ва жамият бошқарувида иштирок этишга рухсат берилишини айтган. Шу билан бирга, толибларнинг шартларига кўра, Афғонистонда аёлларнинг барчаси ҳижоб (паранжи) кийиши керак бўлади.

Кейинчалик Мужоҳид Афғонистондаги ишлайдиган аёлларни ўз хавфсизлиги учун уйдан чиқмасликка чақирган. Шунингдек, «Толибон» вакили Шермуҳаммад Аббос Станикзай аёллар вазир ва ундан юқори лавозимларни эгаллай олмаслигини маълум қилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» янги ҳукуматда аёллар учун лавозимлар бўлишини ваъда қилди