22:09 / 12.09.2021
2 128

Кобулда аёллар «Толибон»ни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказди (фото)

Кобулда аёллар «Толибон»ни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказди (фото)
Кобулда «Толибон»ни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган аёллар марши, 2021 йил 11 сентябрь
Фото: Аамир Қуреши / AFP / Scanpix / LETA

11 сентябрь куни Афғонистонда мамлакатда август ойи ўрталарида ҳокимият тепасига келган «Толибон» ҳаракатини қўллаб-қувватлаш мақсадида аёллар намойиши ўтказилди. Намойишчилар гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини чекламаслик бўйича сиёсат юритишни ваъда қилаётган толибларни олқишлаган. Meduza ушбу тадбир ҳақидаги маълумотларни тўплаган.

AFP агентлиги хабарига кўра, намойишда 300 га яқин хотин-қиз иштирок этган. «Толибон» ўрнатган тартибга кўра, уларнинг ҳаммаси танани тўлиқ ёпиб турадиган ва фақат кўз қисми очиқ бўлган қора ниқоб ёки аёлларнинг кўзини фақат тўр билан ёпадиган мовий бурқада кўчага чиққан. Намойишчиларнинг аксарияти қўлига қўлқоп ҳам кийган.

Акцияда иштирок этганлар ҳукуматдан бу борада рухсат олган, дея AFP’га маълум қилган Афғонистон маориф вазирлиги вакил Довуд Ҳаққоний. Ташкилотчилар акция иштирокчиларининг талабалар эканини айтган, бироқ AFP’нинг қайд этишича уларнинг айримлари университетда ўқиш учун жуда ёшлик қилади, баъзи аёллар эса қўлида чақалоғи билан намойишда қатнашган.

Намойиш Кобул университети олдидаги чиқишлар билан бошланган. Нотиқлар ҳам, уларни тинглаётганлар ҳам аёллар эди.

«Кўчаларда биз аёлларнинг номидан норозилик намойишлари ўтказаётган бошқа аёлларга қаршимиз. Аввалги ҳукумат аёллардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланарди. Улар аёлларни ташқи кўриниши учун ишга ёллаган», — дея нутқ сўзлаган афғонистонлик аёллардан бири.

Фото: Аамир Қуреши / AFP / Scanpix / LETA
AFP’га ўзини талаба деб таништирган акциянинг яна бир иштирокчиси Шабона Омарий аёллар юзини беркитиб юришини мажбурий қилиб қўйган «Толибон» сиёсатини қўллаб-қувватлашини айтган.

«Ҳижоб киймаганлар ҳаммамизга зарар келтиради», — деган у.

Сомайя исмли бошқа бир намойишчи аёл юзини беркитиб юрган хотин-қизлар аввало ўз хавфсизлигини таъминлаши ҳақида гапирган.

Етакчилар нутқ сўзлаганидан кейин намойишчилар гуруҳларга бўлинган ва қўлларида шиорларни (инглиз тилида ёзилган лозунглар ҳам бор) кўтариб, Кобул кўчалари бўйлаб марш ўтказишган. Лозунгларнинг бирида «Афғонистонни тарк этган аёллар бизнинг вакилларимиз эмас» деб, яна бирида эса «Биз эркаклар ва аёллар бирга таълим олишига қаршимиз» («We don’t want co-education») сўзлари ёзилган. Иштирокчиларни «Толибон» ҳаракатининг қуролланган вакиллари қўриқлаган.

Фото: Аамир Қуреши / AFP / Scanpix / LETA

Фото: Аамир Қуреши / AFP / Scanpix / LETA

Фото: Аамир Қуреши / AFP / Scanpix / LETA
«Толибон»нинг Афғонистондаги биринчи бошқарув даврида яъни 1996–2001 йилларда аёллар деярли барча ҳуқуқларидан маҳрум бўлганди, уларнинг ўқиши ва ишлаши тақиқлаб қўйилганди. Толиблар 2021 йил августда яна мамлакатда ҳукумат тепасига келгач, аёлларнинг ўқиши ва ишлашига шароит яратилишини ваъда қилган. Бироқ улар аёлларнинг спорт билан шуғулланишини тақиқлаган, шунингдек ОАВда тарқалган хабарларга кўра Кобул кўчаларидаги аёллар норозилик намойишларини тарқатиш учун дубинка ҳамда кўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланган. Бундан ташқари «Толибон» 7-сентабда эълон қилган янги ҳукумат таркибига бирорта ҳам аёл вакилни киритмаган, шу билан бирга, аёллар ишлари бўйича вазирлик фаолиятини ҳам тугатган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кобулда аёллар «Толибон»ни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказди (фото)