13:10 / 14.09.2021
2 987

«Толибон» Афғонистон собиқ вице-президентининг олтинларини олиб қўйди ва одамларни қатл қилишни бошлади

«Толибон» Афғонистон собиқ вице-президентининг олтинларини олиб қўйди ва одамларни қатл қилишни бошлади
Фото: Reuters
«Толибон» ҳаракати жангарилари Афғонистон собиқ вице-президенти Амрулла Солиҳнинг уйидан 6,5 миллион доллар пул ва олтин ёмбиларни топди. Бу ҳақда афғонистонлик фаол Муҳаммад Жалол ўз Twitter’ида маълум қилган.

Солиҳнинг уйидаги тинтувлар «Толибон» раҳбарлигидаги Афғонистон хавфсизлик кучлари операцияси доирасида бўлиб ўтган. Топилган қимматбаҳо буюмларнинг барчаси ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мусодара қилинган.

Аввалроқ Афғонистон собиқ вице-президенти Тожикистонга қочиб кетгани маълум бўлган эди. Собиқ сиёсатчи Миллий қаршилик фронти етакчилари ҳамроҳлигида қўшни мамлакатга жўнаб кетган.

Амрулла Солиҳ президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этганидан кейин август ўрталарида Афғонистон конституциясига асосланган ҳолда ўзини муваққат давлат раҳбари деб эълон қилган ва «Толибон» ҳаракатига қарши курашга чақирган эди.

Солиҳ ўша вақтда «Толибон» назорати остига ўтмаган ягона вилоят — Панжшерда жангариларга қаршилик армиясини тўплашни бошлади. Аммо сентябрь бошида толиблар Панжшер тўлиқ уларнинг қўли остига ўтганини эълон қилди.

«Толибон» Афғонистонда одамларни қатл қилишни бошлади
«Толибон» хавфсизлик хизмати Мозори Шариф шаҳрида болалар ўғрилари гуруҳини қатл қилиб, тўрт нафар ёш болани озод этганини эълон қилди. Бу ҳақда Ааmaj News агентлиги хабар берган.

Фото: EPA
«Махсус операция» 13 сентябрь, душанбага ўтар кечаси олиб борилган. Бола ўғрилари гўёки тўрт нафар афғон эркак ва бир нафар ўзбек аёлдан иборат бўлган. Уларнинг барчаси тутиб олинган жойида отиб ташланган.

Ўз навбатида, бир қатор афғон ОАВлари Мозори Шарифдаги йирик тўқнашув ҳақида хабар берди. Журналистлар тахмин қилишича, бу «Толибон» ва бошқа жангарилар ўртасидаги жанг ёки толибларнинг ўзаро қуролли жанжали бўлган бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, афғонистонликлар ижтимоий тармоқларга жойлаётган видеоларда мамлакатнинг турли ҳудудларида одамларнинг ўғирлаб кетилиши ва жазоланиши ҳолатларини кўриш мумкин. Аёлларни омма олдида дўппослаш ҳолатлари ҳам бошлангани айтилмоқда. Аммо ушбу воқеаларни изоҳловчи расмий хабарлар берилмаяпти.

«Афғон аёллари эркаклар билан бирга ишламаслиги керак»
Афғонистонлик аёллар эркаклар билан бирга ишламаслиги керак, деди «Толибон» ҳаракатининг юқори мансабли вакили Воҳидулла Ҳошимий Reuters агентлигига берган интервьюсида.

Фото: Reuters
Унинг айтишича, халқаро ҳамжамият томонидан бўлаётган босимга қарамасдан, толиблар «ислом ҳуқуқи бўйича ўз версияси»ни амалга оширмоқда.

«Биз Афғонистонда шариат тизимини жорий қилиш учун қарийб 40 йил курашдик. Шариатга кўра, эркаклар ва аёллар бир жойга тўпланиши, битта том остида ўтириши мумкин эмас. Улар бирга ишлай олмайди. Бу аниқ-равшан. Аёлларга бизнинг идораларимизга келиш, бизнинг вазирликларимизда ишлашга рухсат берилмайди» — деди Ҳошимий.

Кобулга «Толибон» истилосидан кейинги биринчи тижорат авиарейси амалга оширилди
«Покистон ҳаво йўллари» халқаро авиакомпанияси Афғонистонга ҳокимият тепасига «Толибон» келганидан кейин биринчи тижорат рейсини амалга оширди.

Фото: Anadolu Agency
Чартер тижорат рейси билан Исломободдан Кобулга журналистлар гуруҳи ҳам етказилган.

Афғонистон пойтахтидан Исломободга қайтишда самолёт Жаҳон банки, халқаро ОАВлар ходимларини, шунингдек, мамлакатни тарк этиш истагидаги қарийб 80 нафар фуқарони олиб кетган.

«Толибон» 15 август куни Кобул устидан назорат ўрнатгач, Афғонистонга халқаро тижорат рейсларини тўхтатган эди.

Шунингдек, август ўрталарида «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан буён Афғонистонда камида 153 та ОАВ ўз фаолиятини тўхтатди. Бунга молиявий муаммолар ва толиблар томонидан киритилаётган чекловлар асосий сабаб бўлди. Ўтган ҳафта эса афғон ОАВлари журналистларга норозилик акцияларини ёритиш тақиқланганини хабар қилди. Шу билан бирга, «Толибон» вакили Суҳайл Шоҳин ОАВнинг ҳукуматга нисбатан танқидларини мақбул деб атаган эди.

Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси АҚШни «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан кейин музлатиб қўйилган маблағларни «очиб юбориш»га чақирди. Бу мамлакатда иқтисодиёт қулашининг олдини олиш учун зарурлиги айтилмоқда. 18 август куни АҚШ Афғонистон Марказий банкига тегишли қарийб 9,5 миллиард долларни музлатиб қўйиб, мамлакатга нақд пул етказилишини тўхтатган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» Афғонистон собиқ вице-президентининг олтинларини олиб қўйди ва одамларни қатл қилишни бошлади