07:30 / 21.09.2021
661

Ноябрдан АҚШга кирувчи хорижликлардан тўлиқ эмланганлик талаб қилинади

Ноябрдан АҚШга кирувчи хорижликлардан тўлиқ эмланганлик талаб қилинади
Фото: AP
АҚШ ҳукумати ноябрдан бошлаб мамлакатга кирувчи барча хорижликлардан коронавирусга қарши тўлиқ эмланганликни ва сафаргача 3 кундан ошмаган вақт ичида топширилган манфий тестни талаб қилади. Бу ҳақда Оқ уйнинг коронавирусга қарши кураш бўйича координатори Жефф Зинтс журналистларга маълум қилган.

Унинг таъкидлашича, йўловчилар АҚШга учаётган самолётга ўтириш вақтида эмланганлик ҳақидаги маълумотномани тақдим қилишлари керак бўлади. Associated Press ахборот агентлигининг хабар беришича, халқаро рейсларнинг тўлиқ эмланган йўловчиларидан АҚШга келгандан кейин карантиндан ўтиш талаб қилинмайди. Хориждан келадиган америкаликлар коронавирусга қарши эмланмаган бўлса, унда сафардан бир кун олдин ҳамда АҚШга келгандан кейин коронавирусга тест топширишлари керак бўлади.

Айни вақтда АҚШ раҳбарияти коронавирус тарқалиши олдини олиш учун мамлакатга охирги 2 ҳафта бир қатор давлатларда, жумладан, Британия, Шенген ҳудуди давлатлари, Ирландия, Хитой, Ҳиндистон, ЖАР, Эрон ва Бразилияда бўлган хорижликларга мамлакатга киришни тақиқлаб қўйган. Бундай чоралар илк бор АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ҳокимияти вақтида эълон қилинган эди. CNBC телеканалининг хабар беришича, ушбу талаблар амалдаги чекловларни юмшатишга қаратилган.

Аввалроқ АҚШнинг бош инфекционисти Энтони Фаучи кўпроқ америкаликлар эмланса, унда АҚШда вирус қурбонлари 1 млнга етмаслигини айтган.

АҚШда пандемия бошидан то ҳозирги кунгача коронавирусдан 692 минг ўлим қайд қилинган. Фаучининг таъкидлашича, 70 млнга яқин америкалик ҳамон вирусга қарши вакцина олмаган.

Шунингдек, америкалик мутахассислар коронавируснинг “мю” штамми муайян антитаначалар шакллантирадиган ҳимояни четлаб ўтишга қодир деб ҳисоблашмоқда. Улар ҳозирда айни штаммнинг АҚШда қанчалик тарқалиши мумкинлигини текширишмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Ноябрдан АҚШга кирувчи хорижликлардан тўлиқ эмланганлик талаб қилинади
[/banner_pushhouse