16:53 / 24.09.2021
2 166

Қирғизистон «Толибон» билан алоқаларни йўлга қўймоқда

Қирғизистон «Толибон» билан алоқаларни йўлга қўймоқда
Талатбек Масадиков ва Амир Хон Муттакий
Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Талатбек Масадиков толиблар томонидан тайинланган Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттакий билан учрашди. Бу ҳақда «Толибон» ҳукумати матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид ўз Twitter’ида маълум қилди, деб ёзади Kloop.

Учрашув Кобулда 23 сентябрь куни бўлиб ўтди. Унда Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими раҳбари Жеенбек Кулубаев ҳам қатнашган.

Кейинроқ маълум бўлишича, Масадиков Афғонистонга президент Садир Жапаровнинг топшириғи билан етиб келган. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Қирғизистон делегацияси «Кобулга Қирғизистон халқи номидан Афғонистон халқига гуманитар ёрдам етказган».

«Гуманитар юк расман бош вазир биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи мулла Абдулғани Бародарга топширилди», — дейилади хабарда.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати, шунингдек, Масадиков «Толибон» сиёсий қаноти етакчиси, дала қўмондони мулла Абдулғани Бародар билан суҳбатлашганини хабар қилди.

«Томонлар Афғонистондаги сиёсий вазиятни муҳокама қилиб, мамлакатдаги ва умуман минтақадаги хавфсизлик масалалари юзасидан фикр алмашди», — дейилади хабарда.

Қирғиз томони маълумотларига кўра, Абдулғани Бародар Жапаровга ва Қирғизистон халқига тақдим этилган гуманитар ёрдам учун миннатдорлик билдирган.

«У Афғонистоннинг эҳтиёжларини алоҳида қайд этди, чунки халқаро ҳамжамият томонидан ваъда қилинган гуманитар ёрдам келиб тушганича йўқ, Афғонистон молиявий ҳисоблари эса ҳамон музлатилган ҳолатда турибди», — дейилади хабарда.

Қирғизистон президенти матбуот хизматига кўра, Абдулғани Бародар қўшни мамлакатлар билан ишончни мустаҳкамлаш заруриятини қайд этган, «Толибон» учун мамлакатда тинчлик ўрнатиб, аҳоли ҳаётини яхшилаш учун иқтисодиёт билан шуғулланиш муҳимлигини таъкидлаган.

Қирғизистон Марказий Осиёда «Толибон» томонидан тайинланган ҳукумат билан бундай даражада учрашув ўтказган биринчи мамлакатга айланди.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат Афғонистоннинг «ички ишларига аралашмаслик» ва бу мамлакат билан «дўстона алоқаларни сақлаш» тарафдори эканини айтганди. Шунингдек, у мамлакатда вазият тезроқ барқарорлашиши учун Афғонистон янги ҳукумати вакиллари билан турли масалалар бўйича ҳамкорликнинг эҳтимолий вариантлари ҳақида мулоқот олиб бориш заруриятини қайд этганди.

«Биз Афғонистондаги вазият тезда барқарорлашиб, ушбу мамлакат халқи учун мақбул бўлган давлат тузумига эга янги инклюзив ҳукумат шакллантирилишига умид қиламиз», — деган эди у.

«Толибон» ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин, Афғонистон билан алоқалар ўрнатишга аввалроқ Ўзбекистон ҳам ҳаракат қилиб кўрганди. 14 сентябрь куни Ўзбекистон Афғонистонга ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур товарлар, дори-дармонлар, кийим-кечак ва пойабзаллардан иборат мазкур инсонпарварлик ёрдамини юборди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистон «Толибон» билан алоқаларни йўлга қўймоқда