20:20 / 28.09.2021
2 373

Кўргазмага ташриф буюрган Франция президентига тухум улоқтиришди

Кўргазмага ташриф буюрган Франция президентига тухум улоқтиришди
Фото: Reuters
Франция президенти Эммануэль Макроннинг Лион шаҳридаги Eurexpo кўргазмасига ташрифи чоғида, номаълум киши унга тухум улоқтирди. Lyonmag нашри хабар беришича, ҳужумчи тухумни отишдан олдин «Яшасин инқилоб» деб бақирган.

Тухум Макроннинг елкасига урилган, аммо синмаган. Кейинроқ воқеа жойидан олинган тасвирларда полда ётган тухум парчалари кўринади. Уни улоқтирган 20 ёшли йигит соқчилар томонидан зудлик билан ушланиб, қўлларига кишан солинган. Макрон унинг нима сабабдан бундай қилганини аниқлаш учун ҳужумчи билан шахсан гаплашиш истагини билдирган, деб ёзади Lyonmag.

Ушбу воқеа Макрон умумий овқатланиш ва меҳмонхона бизнесининг қайта тикланишини қўллаб-қувватловчи бир қанча баёнотлар берганидан кейин рўй берган. У ўз нутқини меҳмонхона, ресторанлар фаолияти ва озиқ-овқат таъминоти кўргазмасида сўзлаган эди.

Аввалроқ 8 июнь куни Эммануэль Макронга фуқаролардан бири тарсаки туширган эди. Ҳодиса Франция жануби-шарқидаги Дром департаментининг Тен-Л’Эрмитаж коммунасида ўтказилган аҳоли билан учрашувда содир бўлган.

Давлат раҳбари панжара ортида кутиб турган маҳаллий аҳоли ёнига бориб, унга қўл узатган фуқаролардан бири билан саломлашиш учун қўл чўзган. Аммо фуқаро «Йўқолсин Макрон Францияси» («à bas la Macronie») дея бақирганча унинг юзига зарб билан тарсаки туширган.

Ҳужумчи воқеа жойида қўлга олиниб, полицияга топширилган. Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари яна бир кишини ҳибсга олган. У тарсаки туширган одам билан бирга келган ва воқеани видеога олган.

Кейинроқ Франция республика прокурори Макронга тарсаки туширган 28 ёшли Дамен Тарелга тўрт ойлик қамоқ жазоси берилганини маълум қилди. Тарел жами 18 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ мазкур муддатнинг 14 ойида кечиктирувчи сабаблар мавжудлиги айтилган. Агар у қамоқхонада муддатни ўтаб бўлганидан кейин ишласа ёки ўқиса, психолог кузатуви остида юрса ва янги қоидабузарликлар содир этмаса, қамоқхонага қайтарилмайди.

Франция президентининг ўзи ҳолат бўйича судга шикоят қилмаган ва ҳодисага ортиқча эътибор қаратмасликка қарор қилган.

Кейинчалик у мазкур ҳужумни аҳмоқона ва зўравонларча қилинган ҳаракат деб атаб, тарсакида тажовузкорлик кўрмагани ҳақида гапирди. Шунингдек, Макрон ушбу ҳодисада ижобий ўзгариш, яъни мамлакатнинг локдаунлардан кейин одатий ҳаёт тарзига қайтаётганининг белгисини кўриш кераклигини таъкидлаб ўтди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кўргазмага ташриф буюрган Франция президентига тухум улоқтиришди