date

Қозоғистон тухум импортига олти ойлик тақиқ киритди

Қозоғистон тухум импортига олти ойлик тақиқ киритди

Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мамлакат ҳудудига янги товуқ тухумларини олиб киришга вақтинчалик чеклов жорий этилди. Тегишли буйруққа кўра, импорт тақиқи олти ой давом этади. Бу ҳақда Zakon.kz хабар берди.

Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур қарор “Қозоғистон Республикаси ҳудудига янги товуқ тухумларини олиб киришни тақиқлаш тўғрисида”ги буйруқ асосида қабул қилинган. Унга кўра, учинчи давлатлардан ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо мамлакатлардан барча турдаги транспорт воситалари орқали янги тухумларни олиб кириш вақтинча тўхтатилади.

Шу билан бирга, транзит ташувлар учун истисно белгиланган. Яъни тухум маҳсулотларининг ЕОИИ давлатлари ўртасида Қозоғистон ҳудуди орқали ўтиши чекловга киритилмаган.

Мазкур қарор 21 апрель куни расман кучга кирган бўлиб, олти ой давомида амалда бўлади.

Мутахассислар ва парранда саноати вакилларининг таъкидлашича, Қозоғистонда тухум нархлари йил давомида бир неча бор ўзгариб туради. Одатда ёз мавсумида талаб камайгани сабабли нархлар пасаяди, чунки истеъмолчилар тухум ўрнига сабзавот ва меваларга кўпроқ мурожаат қилади. Куз ойларида эса ишлаб чиқарувчилар ёзги йўқотишларни қоплаш мақсадида нархларни бироз оширишга мажбур бўлишади.

Мазкур чеклов ички бозорда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва нарх барқарорлигини сақлашга қаратилгани тахмин қилинмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон тухум импортига олти ойлик тақиқ киритди