10:24 / 01.11.2021
3 514

Исломга қарши курашчи, ирқчи ва аёлларга суяксиз. «Франциялик Трамп» ҳақида нималар маълум?

Исломга қарши курашчи, ирқчи ва аёлларга суяксиз. «Франциялик Трамп» ҳақида нималар маълум?
Президент Макрон ўз лавозимини сақлаб қолиш учун Ле Пен (чапда) ва Земмур (ўнгда) каби зиддиятли сиёсатчиларни енгиши лозим бўлади. Фото: Reuters
Францияда аксилисломий ва ирқчилик руҳидаги чиқишлари билан тилга тушган ёзувчи ва сиёсий шарҳловчи Эрик Земмур 2022 йил апрель ойида ўтадиган президентлик сайловида амалдаги раҳбар Эммануэль Макронга асосий рақиб бўлиши мумкин.

Сўнгги ижтимоий сўровларга қараганда, 17 фоиз сайловчилар унинг номзодини қўллаб-қувватлаш истагини билдирган. Бу – Э.Макрондан кейинги кўрсаткичдир. Амалдаги президентга 24 фоиз электорат ишонч билдирмоқда.

Аксар таҳлилчилар Э.Земмурни франциялик Трамп деб атаётгани бежиз эмас. Зеро, француз сиёсатчисининг фикр-қарашлари кўп жиҳатдан АҚШнинг собиқ президенти билан ҳамоҳангдир.

63 ёшли Э.Земмур Д.Трамп каби мигрантларга қарши муросасиз позицияда. Қизиқ жиҳати, муҳожирларни «иккинчи сорт» деб билган сиёсатчининг ўзи жазоирлик яҳудийлар оиласида туғилган. 2011 йили у «аксар наркотужжорлар қора танлилар ҳамда араблардир» деган баҳсли фикри учун маҳкамага тортилган. 2019 йилда франциялик мусулмонларни мустамлакачилар деб атагани учун такрор суд қаршисида жавоб беришига тўғри келган. Яқинда эса у Муҳаммад каби хорижий исмларни тақиқлаш ва соф французча исмларга қайтишни таклиф этган.

Аёлларга суяги йўқ деб таърифланадиган сиёсатчи шилқимлик, тегажоқликни у қадар жиддий жиноят деб билмайди. Дарвоқе, бир неча аёл, жумладан, ҳудудий депутатлардан бири Э.Земмурни жинсий тегажоқликда айблаб чиққан. Аммо айбловлар судга қадар етиб бормаган.

Э.Земмур кейинги йилларда Франциянинг «CNews» телеканали орқали (мазкур канал кўп жиҳатдан Трамп эътимод қўйган Fox News телеканалини ёдга солади) ўнг ва ўта ўнг йўналишдаги қарашларини тарғиб этиб келган. У Иккинчи жаҳон уруши даврида нацистлар Германияси билан ҳамкорлик қилган француз ҳукуматини оқлашга урингани ортидан ҳам жиддий танқидларга учраган. Эътиборга молик нуқта шундаки, сиёсатчи мунозарали руҳдаги фикрлари учун одатда узр сўрашни эп кўрмайди.

«Трампнинг издоши» Европа Иттифоқи сиёсатини кескин танқид қилади, «Brexit” борасида расмий Лондонга очиқ хайрихоҳлик билдиради. НАТОни эса бутун дунё ишига бурун суқадиган Ғарб полицияси деб атайди ва Франция мазкур тузилмадан чиқиши кераклигини таъкидлайди.

Европалик аксар сиёсатдонлардан фарқли ўлароқ Земмур Россия президенти Владимир Путинни очиқ қўллаб-қувватлайди ва расмий Москва билан яқин алоқалар ўрнатиш лозим деб ҳисоблайди. 2018 йили телеэфирда Путинни ўз мамлакати манфаатларини муносиб ҳимоя қилаётган етакчи деб атаган.

Аввал хабар берганимиздек, аксар таҳлилчилар келгуси йилги сайловда Э.Макронга «Миллий якдиллик» ҳаракати раҳбари Марин Ле Пен асосий рақиб бўлишини тахмин қилаётган эди.

Миллатчи деб тан олинган арбоб аёлнинг рейтинги шиддат билан ўсаётгани шундай хулосага ундаган эди. Аммо сўнгги тадқиқотлар муросасиз Э.Земмур кўп жиҳатдан маслакдош бўлган Марин Ле Пенни ҳам ортда қолдираётганини кўрсатмоқда.

Хўш, турли даъвою иддаолар билан чиқаётган жазоир насабли сиёсатчининг бу қадар шуҳрат қозонаётгани сири нимада? Таҳлилчиларга кўра, сиёсатчиларнинг анъанавий чиқишларидан безган француз жамиятига Земмур қолипларни дадил бузаётгани билан манзур бўлмоқда. Лондондаги нуфузли коллеж профессори, француз сиёсати бўйича мутахассис Филипп Марльер эса бунда оммавий ахборот воситаларининг ҳам айби борлигини айтади.

«Земмурнинг машҳур бўлиб бораётгани учун оммавий ахборот воситалари ҳам масъулдир. Уни телеэфирларга таклиф этишяпти. Чунки у кўрсатув рейтингини кўтариб беради. Бу Трамп феноменининг шаклланишини ёдга солади. У қанча кўп эфирга таклиф этилар экан, кўпроқ одамларда унга нисбатан қизиқиш уйғонмоқда», – дейди профессор Марльер.

Агар тарих чархпалаги терс айланиб, ирқий, диний нафрат қўзғашга уринаётган Э.Земмур ёки М.Ле Пен давлат тепасига келгудек бўлса, бу нафақат Франция, бутун дунёда сиёсий зилзилаларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳар не бўлганда ҳам соғлом тафаккур ғалаба қилишига умид қилгимиз келади...

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исломга қарши курашчи, ирқчи ва аёлларга суяксиз. «Франциялик Трамп» ҳақида нималар маълум?