19:45 / 25.12.2021
1 442

Трампни улуғлаган фитна назарияси тарафдорлари ва вакциналарга қарши чиқувчилар энди уни сотқин дейишмоқда

Трампни улуғлаган фитна назарияси тарафдорлари ва вакциналарга қарши чиқувчилар энди уни сотқин дейишмоқда
Фото: Getty Images
Дональд Трампнинг кўплаб тарафдорлари, хусусан, QAnon ва бошқа фитна назарияси вакиллари ортиқ уни қўллаб-қувватламаяпти ва АҚШ собиқ президентининг бустер вакцинаси билан эмланганини билганларида кейин уни кескин танқид қилишга ўтди. Бу ҳақда Rolling Stone нашри маълумот берган.

Трамп илк бор АҚШ президенти сифатида ишлаётган даврида коронавирусга қарши эмланган, бироқ ҳозирги давлат раҳбари Жо Байдендан фарқли равишда вакцинани омма олдида қабул қилмаган ва вакцинацияга қарши бўлганлар ишончини йўқотмаслик учун эмланганлиги ҳақида гапирмаган. Шунга қарамай Трамп ҳар сафар вакциналарнинг ишлаб чиқилишида ҳиссаси борлиги, препаратлар айнан у АҚШ президенти бўлган вақтда тайёрланганини таъкидлаган, администрацияси жараёнда бевосита иштирок этгани ҳақида кўп марта мақтанган.

Август ойида Трамп бустер вакциналаридан фойдаланиш ғоясини танқид қилган ва мазкур операция Pfizer учун пул ишлаш имконини бериши ҳақида гапирганди. Сентябрда унинг бу борадаги серсаволлиги камайди ва у бустерларга қарши эмаслиги, бироқ ўзи бундай тартибда эмланмаслигини айтган. Аммо 21 декабрда Трамп Далласда ўз тарафдорлари билан учрашувда бустер вакцинасини қабул қилганини билдирган.

Оломон Трампнинг сўзларини ёқимсиз шовқин билан қаршилаган. Собиқ президент бунга қўл силтаган ва мазкур норозилик ҳайқириқлари ҳамманинг эмас, балки залнинг чап томонидаги жуда кичик бир гуруҳ одамлардан чиққанини айтган. Шунингдек, у ўз сўзларини такрорлаб, АҚШ президенти бўлган вақтида вакцина яратилиб, бутун дунёда миллионлаб одамлар ҳаётини сақлаб қолинганини таъкидлаган. Бир неча кундан кейин Трампнинг гапирган гапи Далласдаги жумласидан ҳам ошиб тушди, у COVID-19 га қарши вакцинани инсоният тарихидаги энг буюк кашфиётлардан бири деб атади.

Rolling Stone нашрининг ёзишича Трампнинг сўзлари ижтимоий тармоқларда консерватив кайфиятдаги ултраўнгларнинг кескин норозилигига сабаб бўлган. Уларнинг кўпчилиги вакциналарнинг заҳар эканлиги ва улар орқали фармасевтик компаниялар одамларни заҳарлаб пул топиши ҳақидаги фитна назариясига ишонади. Омма орасида айнан шу назарияга ишонувчи одамлар Трампни қўллаб-қувватлашарди, QAnon назариясига ишонувчилар учун АҚШ собиқ президенти дунёни зўравонлар лоббисидан қутқарган қаҳрамон эди.

Энди айрим изоҳ қолдирувчилар мазкур гаплардан кейин Трамп ҳамда унинг Республикачилар партияси «маънавий устунлигига» ва уларга нисбатан халқнинг ишончига путур етказиши, одамлар энди уларга Жо Байден ҳамда демократларга ишонганчалик ҳам ишонмаслиги ҳақида фикр билдирган. Шунингдек, Трамп тарафдорлари унинг бошқаруви даврида COVID-19 билан боғлиқ фалокат саҳналаштирилгани ва оммалаштирилганини қайд этган. Вакциналарга қарши бўлган фойдаланувчиларнинг жамиятларида Нью-Йоркдаги Trump Tower биносида жойлашган Trump Grill ресторанига коронавирусга қарши эмланмаганликлари учун киритилмаётгани ҳақидаги видеолар тарқалган. Мазкур ҳаракат ҳам улар учун собиқ президентни сотқинга айлантирди.

COVID-19 вакциналарига қарши чиқадиган таниқли фаоллардан бири, Infowars лойиҳаси муаллифи Алекс Жонс Трампнинг ўзининг душманлари рўйхатига киритгани ҳақида очиқ ёзган.

«Биз бу ерда Билл Гейтс, Фаучи ва Жо Байден билан жанг қиляпмиз, энди уларнинг жамоасига Трамп ҳам қўшилди», – деб ёзган Жонс.

QAnon лойиҳаси асосчиларидан бири Рон Уоткинс гарчи Трампни тўғридан-тўғри танқид қилмаган бўлса ҳам Дональднинг бустер ҳақидаги гапларидан кейин вакциналарга қарши чиқувчиларни дадил бўлишга, қўрқмасликка ва ҳеч кимга бўйсунмасликка чақирган.

Умуман олганда, фитна назариясига ишонадиган барча Трамп тарафдорларининг бустер вакцинаси ҳақидаги баёнотдан кейин ҳафсаласи пир бўлди деб айтиш қийин, дея қайд этган Rolling Stone. 2020 йилдаги сайловлардаги натижаларни бекор қилиш учун курашган кампаниянинг марказий иштирокчиларидан бири бўлган адвокат Лин Вуд собиқ президентни ушбу гаплари учун танқид қилмасликни сўраган.

«Мен президентнинг ғалабага эришиш учун ишлаб чиққан стратегияси ва услуби борасида бир тўхтамга келишдан олдин барча фактлар маълум бўлмагунигача кутишимиз керак, деб ҳисоблайман», — деб ёзган Вуд Telegram’да.

QAnon лойиҳасининг мухлислари Трампнинг бу каби шов-шувли баёнотларидан кейин кўпинча бундай гаплар узоқни кўзлаб тайёрланган режанинг бир қисми экани, мантиқ маълум вақт ўтганидан сўнг ошкор бўлишини тахмин қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампни улуғлаган фитна назарияси тарафдорлари ва вакциналарга қарши чиқувчилар энди уни сотқин дейишмоқда