14:32 / 06.01.2022
3 430

«Зўравонлар хорижда тайёргарликдан ўтгани аниқланди» – Қозоғистон ТИВ

«Зўравонлар хорижда тайёргарликдан ўтгани аниқланди» – Қозоғистон ТИВ
Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги мамлакатда 3 январда бошланган ва кейинроқ зўравонлик ҳаракатига айланиб кетган оммавий намойишлар юзасидан баёнот берди.

«Олмаота шаҳридаги ҳодисалар – маъмурий ва ҳарбий объектларга ҳамлалар, аэропортнинг босиб олиниши ва хориж фуқаро ва юк самолётларининг эгалланиши ҳужумларни амалга оширган шахсларнинг юқори даражадаги тайёргарлиги ва ҳаракатларнинг мувофиқлаштирилганидан далолат беради. Таҳлиллар Қозоғистон чет элда тайёргарликдан ўтган террорчи гуруҳларнинг хуружига нишон бўлганини кўрсатмоқда», – дейилади ТИВ баёнотида.

Қайд этилишича, Манғистов вилоятида бошланган намойиш қатнашчилари суюлтирилган газ нархини пасайтиришни талаб қилган. Бунга жавобан газ ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик маҳсулотлар, коммунал хизматлар нархи назоратга олинган. Намойишнинг илк кунида қўлга олинган барча фуқаролар озод этилган. Лекин намойишлар давом этган ва маҳаллий ҳокимият идораларига ҳужумга уланиб кетган. Бунинг ортидан 5 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат тартибини жорий қилди.

«Вазият кескин ёмонлашуви муносабати билан президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини ҳам бажаришга киришди ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) давлатларига аксилтеррор операцияларини амалга оширишда ҳарбий кўмак кўрсатишларини сўраб мурожаат қилди. Фавқулодда ҳолат тартиби жамоат тартиби ва қонун устуворлигини муҳофаза этишга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олади. Қозоғистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Қуролли кучлари ҳар қандай ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга ваколатли», – дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, Қозоғистон давлати миллати ва эътиқодидан қатъи назар барча аҳоли вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, чет эл фуқаролари, жумладан, дипломатлар, журналистлар, хориж ширкатлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича изчил чоралар кўради. Баёнотда Қозоғистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажаришга содиқ эканига урғу берилган.

Қозоғистондаги беқарор вазият бўйича аввалроқ Европа Иттифоқи ҳам баёнот берганди. Расмий Брюссель Қозоғистонни муҳим ҳамкор деб атар экан, масалани тинч йўл билан ҳал этишга чақирган. ЕИ фуқароларнинг тинч йўл билан норозилик намойиши ўтказиш ҳуқуқини эътироф этган ҳолда, зўравонликдан қайтарган.

Маълум бўлишича, Қозоғистондаги вазиятни АҚШ ҳам диққат билан кузатиб бормоқда.

«Биз зўравонлик ҳаракатларини ҳамда мулкларнинг вайрон этилишини қоралаймиз. Ҳам ҳокимият, ҳам намойишчиларни вазминликка чақирамиз. Биз барча қозоғистонликлардан конституциявий тузилмалар, инсон ҳуқуқлари ва ОАВ эркинлигини ҳурмат қилиш ва муҳофаза этишларини сўраймиз», – дейилади Давлат департаменти баёнотида.

Россия ташқи ишлар вазирлиги эса ҳолатни расман изоҳлар экан, президент Қосим-Жўмарт Тўқаевни қўллаб-қувватлагани ҳолда, намойишчиларнинг айрим талабларини қонуний деб баҳолаган.

«Барча муаммоларни кўча тартибсизликлари ва қонунларни бузиш орқали эмас, балки конституция-ҳуқуқ ва мулоқот доирасида тинч йўл билан ҳал этишга даъват этамиз», – дейилади расмий Москва баёнотида.

Аввал хабар берганимиздек, қардош ўлкада кечаётган хавотирли ҳодисалар юзасидан Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам расмий муносабат билдирди.

«Ишончимиз комил, донишманд Қозоғистон халқи мамлакатда беқарорлик авж олишининг олдини олишга, зўравонлик ва инсонлар орасида қурбонлар юзага келишига йўл қўймасликнинг уддасидан чиқади... Ўзбекистон Қозоғистон халқи ва раҳбариятининг мамлакат барқарорлиги ҳамда равнақи, миллат фаровонлигини таъминлаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини чексиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлайди», дейилади мамлакатимиз ташқи сиёсат маҳкамаси баёнотида.

С.Салим

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Зўравонлар хорижда тайёргарликдан ўтгани аниқланди» – Қозоғистон ТИВ