10:31 / 10.01.2022
1 914

Қозоғистонда нима гап? Ташқи ишлар вазирлиги долзарб саволларга ойдинлик киритди

Қозоғистонда нима гап? Ташқи ишлар вазирлиги долзарб саволларга ойдинлик киритди
Қозоғистондаги беқарор вазиятни изга солишда кўмак учун киритилган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) тинчликпарвар қўшини мезбон давлат мурожаат қилган заҳоти мамлакатни тарк этади. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида сўз боради.

Ташқи сиёсат маҳкамаси фавқулодда вазият тартиби жорий этилгач, мамлакатдаги ҳодисалар халқаро матбуотда бир томонлама ва юзаки ёритилаётганини қайд этган.

ТИВга кўра, Манғистов вилояти ҳамда бошқа шаҳарлардаги тинч намойишчиларнинг барча талаблари қондирилган, аммо вазиятдан террорчи ва жиноий гуруҳлар фойдаланиб, зўравонлик ва тангликни юзага келтирган. Пировардида мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

«Олмаота шаҳри ва мамлакатнинг қатор ҳудудларидаги ҳодисалар Қозоғистон хорижда тайёргарликдан ўтган, фаолияти пухта мувофиқлаштирилган террорчи гуруҳлар тажовузига нишон бўлганини кўрсатди. Дастлабки маълумотларга қараганда, ҳужумларни амалга оширганлар орасида мутаассиб гуруҳлар таркибида «қайноқ нуқта»ларда жанг тажрибасини орттирган шахслар мавжуд. Айни пайтда Қозоғистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Қуролли кучлари айрим хориж ОАВда хато талқин этилаётганидек, «тинч намойишчилар» эмас, балки террорчиларга қарши курашмоқда», – дейилади баёнотда.

Маълум қилинишича, юзага келган вазият туфайли Қозоғистон КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлган. Ташкилот томонидан юборилган 2500 кишили тинчликпарвар қўшин стратегик объектларни қўриқлаш ҳамда маҳаллий кучларга кўмакда қатнашмоқда.

«Таъкидлаш жоизки, террорчи гуруҳларга қарши жанговар ҳаракатлар Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда Қуролли кучлари томонидан амалга оширилмоқда. КХШТ тинчликпарвар қўшини Қозоғистонда вақтинча бўлиб турибди ва вазият барқарорлашиб, Қозоғистон томони мурожаат қилган заҳоти мамлакатни тарк этади», – дейилади баёнотда.

Алоҳида қайд этилишича, айни пайтда тинч намойишчилар таъқиб қилинаётгани йўқ. Ҳуқуқ идораларига эса вазият бўйича кенг кўламли тергов ўтказиш топширилган. Натижалар юзасидан халқаро ҳамжамиятга маълумот берилади.

«Қозоғистон халқи президент Қ.Тўқаевнинг тинч ҳаётни тиклаш бўйича қарорларини якдиллик билан қўллаб-қувватлаётганини таъкидлаш лозим. Қозоғистон демократия ва Конституцияни мутаассиблар ҳамда террорчилардан ҳимоя қилиш борасида қатъий иродага эга», – дейилади ТИВ баёнотида.

Афсуски, тўқнашувлар оқибатида ҳуқуқ идоралари ҳамда тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлмоқда. Шу муносабат билан мамлакатда 10 январь миллий мотам куни деб эълон қилинган.

ТИВ 6 январь куни берган баёнотида ҳам чет элда тайёргарликдан ўтган террорчи гуруҳларга урғу берган, Қозоғистон давлати миллати ва эътиқодидан қатъи назар барча аҳоли вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга шайлигини билдирган эди.

7 январь куни миллатга мурожаат қилган президент Қосим-Жўмарт Тўқаев эса фуқароларининг тинч шаклда билдирган барча талаблари тингланиши, аммо жангариларга шафқат қилинмаслигидан огоҳлантирган.

С.Салим

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонда нима гап? Ташқи ишлар вазирлиги долзарб саволларга ойдинлик киритди