16:00 / 10.01.2022
1 386

Жанаўзен – норозилик рамзига айланган шаҳар

Жанаўзен – норозилик рамзига айланган шаҳар
2 январь куни тонгда Қозоғистоннинг 100 минг одам яшайдиган Жанаўзен шаҳрида суюлтирилган газ нархи бирданига икки баравар кўтарилганидан норози бўлган одамлар намойишга чиқди. Эртасига эса намойиш бутун мамлакатга тарқалди. Манғистау вилояти маркази бўлган Жанаўзен биринчи марта халқаро хабарлар марказига тушаётгани йўқ. Жанаўзенни Қозоғистонда одамлар ҳукуматдан норозилигининг рамзи деб аташади.

Нефтчилар шаҳри
Жанаўзен янги шаҳар дейиш мумкин. Шаҳар 1964 йилда барпо этилган. 1968 йилдан 1993 йилгача шаҳарни «Янги Ўзан» деб аташган. Каспий денгизи бўйидаги Манғистау вилояти маркази бўлган Жанаўзен нефтчилар шаҳри ҳисобланади. Шаҳар гербида ҳам нефть минораси, ёниб турган газ ва кимёвий қайта ишлаш ҳудуди эканини англатувчи пробирка тасвирланган.

Жанаўзен шаҳри ва унга туташ шаҳарчаларда 150 минг одам яшайди. Ҳудудда учта йирик нефть қазиб олувчи завод бор, лекин аҳолисининг аксар қисми камбағалликда яшайди. Озиқ-овқат нархи қиммат, чунки деярли ҳамма нарсани бошқа ҳудудлардан олиб келишади. Шаҳарда ишсизлик даражаси юқори, уй-жой масаласи ҳам муаммоли.

Шаҳар аҳолисининг 98 фоизини қозоқлар ташкил этади. Иқлими кескин ўзгарувчан: ёзда 50 даража иссиқ бўлади, қиш ҳам аёзли келади. Маҳаллий аҳоли ўз ҳудудида жойлашган нефтни қазиб олувчи заводларда ишлаш учун бир неча йилдан буён хитойликлар билан рақобатлашишига тўғри келмоқда.

Шаҳардаги ижтимоий-сиёсий ҳолат Қозоғистоннинг бошқа тинч ҳудудларидан кескин фарқ қилади. Бу ҳудуд кўпчилик қозоғистонликларнинг фикрича, ҳукумат фуқароларга нисбатан адолат қилмаётганининг рамзига айланган. Собиқ иттифоқ вақтида ҳам, Назарбоев бошқарувидаги Қозоғистонда ҳам шундай бўлиб келган. Кўриниб турибдики, бундай муносабат Тўқаев келгач ҳам ўзгармаган.

Ижтимоий талаблар ортидан этник тўқнашувлар
1989 йил Жанаўзенда қозоқлар ва кавказликлар ўртасида тўқнашув содир бўлади. Ўша йили ҳудудда қозоқлар илк марта аҳолининг 50 фоизини ташкил этганди. Унгача қозоқлар озчилик бўлган. Кейинроқ ижтимоий ҳаётни, шаҳар инфратузилмасини яхшилашни талаб қилган одамлар норозилик намойишлари ташкил этади. Уларда 25-30 минг атрофида одам қатнашади. Бу ўша вақтда ҳудудда яшаган ёши катта аҳолининг деярли ярми эди.

Жанаўзендаги намойишларни бостириш учун СССР раҳбарияти «Витязь» махсус ҳарбий гуруҳини жалб қилади. Милиция ҳамда ҳарбийлар зирҳли техникалар, танк ва ҳарбий вертолётларда ҳаракатлана бошлайди. Тўқнашувлар оқибатида расман 16 киши ҳалок бўлгани, 100дан ортиқ одам яралангани айтилган. Шаҳарда бир ой давомида комендантлик соати жорий этилганди.

Жанаўзен номини эшитган Нурсултон Назарбоев доим бир сесканиб тушса керак. Ахир исёнкор ҳудуддаги намойишларнинг аёвсиз бостирилиши Назарбоев президентлигининг илк кунларига тўғри келади. Назарбоевнинг марҳум куёви Роҳат Алиев интервьюларидан бирида қайнотаси Жанаўзен намойишларини бостириш бўйича барча архив ҳужжатларини йўқ қилдирганини айтганди.

Маош сабаб отишма
2011 йил замонавий Қозоғистон тарихидаги (2022 йил 2 январга қадар) энг йирик намойишлар ўтказилади. Яна Жанаўзенда. Биринчи ярим йилликда нефтчилар иш ташлаш ўтказади. Кейинроқ уларга яна 15 минг ишчи қўшилади.

2011 йил 16 декабрда кучишлатар тузилмалар Жанаўзен бош майдонида йиғилган нефтчиларга ўт очганди / TASS
Гап шундаки, давлатга қарашли «КазМунайГаз» нефть қазиб олувчи компания ишчилари уларга бухгалтерия ҳисоботларида ойига 400 минг тенге маош ёзилаётганини билиб қолади. Аслида эса уларга 150 минг тенге миқдорида маош тўланган.

7 ой давом этган намойишларга қарамай, ишчиларнинг дарди эшитилмайди. Намойишчиларнинг ёнини олган ҳуқуқшунос Наталья Соколова 6 йилга қамалади. Иш ташлаш етакчиларидан бўлган Жакшилик Тубаевни ишчилар вагонида номаълум шахслар уриб ўлдиради.

Терговдан кейин 5 нафар полиция ходими мансаб ваколати чегарасидан чиққани учун қамалади. Намойишчилардан 37 нафари 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

2011 йилги намойишларда Жанаўзен ҳокимлиги биносига ўт қўйилганди / TASS
2012 йилда одамлар яна намойишга чиқиб, ишчилар орасида қисқартиришларни бас қилиб, қўлга олинганларни қўйиб юборишни талаб қилишади. Аммо ҳарбийлар бу гал намойишларни тезда тинчитади. 2016 йил бутун мамлакатда бўлгани каби Жанаўзенда ҳам халқ янги Ер кодексига қарши намойишга чиқади. Унга кўра, халқ эндиликда ерни давлатдан фақат сотиб олиши, ижарага ололмаслиги белгиланган эди. Шунингдек, янги кодекс ерни хорижликларга сотиш ҳуқуқини берарди. Ҳукумат одамлар пул учун намойишга чиқди деган иддао билан намойишларни бостиради.

2021 йилда ҳам Манғистаудагилар тинч туришмайди. Ҳуқуқ фаолларининг ҳисоблашича, вилоятда одамлар камида 10 марта иш шароити ва ҳаёт тарзини яхшилашни талаб қилиб митингга чиққан.

2022 йил 2 январда Жанаўзенда суюлтирилган газ нархи ошиши сабаб бошланган намойишлар эса мамлакат тарихидаги кўз кўриб қулоқ эшитмаган воқеаларга сабаб бўлди. Бутун мамлакатга тарқалган намойишлар ортидан Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раислигидан кетди, бутун бошли ҳукумат истеъфога чиқарилди, Назарбоевнинг ишонган одамларидан бўлган Карим Масимов аввалига Хавфсизлик қўмитаси раҳбарлигидан кетди, кўп ўтмай давлатга хиёнат бўйича айблов билан қўлга олинди, Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ҳарбийлари Қозоғистонга кирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Жанаўзен – норозилик рамзига айланган шаҳар