15:16 / 26.01.2022
1 158

Қозоғистонда экология вазири ўринбосари ва Алия Назарбоевага алоқадор компания раҳбари қўлга олинди

Қозоғистонда экология вазири ўринбосари ва Алия Назарбоевага алоқадор компания раҳбари қўлга олинди
Фото: Сергей Юрьев / АиФ
Қозоғистон коррупцияга қарши идораси мамлакат экология вазири ўринбосари Аҳмаджон Примқулов ва «Оператор РОП» раҳбари Медет Қумаргалиевнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади. Бу ҳақда Vlast.kz хабар бермоқда.

«Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Аҳмаджон Примқулов ва «Оператор РОП» бошқаруви раиси Медет Қумаргалиевнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади», — дейилади хабарда.

Улар «коррупция жиноятларини содир этишда» гумон қилинмоқда, иккаласи ҳам мамлакат пойтахтидаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.

Илгарироқ «Оператор РОП»нинг қайта ишлаш (утилизация) йиғими ҳисобига яратилган активлари давлат мулкига ўтказилгани хабар қилинган. Баъзи маълумотларга кўра, «Оператор РОП»нинг биринчи таъсисчиси Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия ҳисобланади.

Аввалроқ президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистонда утилизация йиғимини тўхтатиш ҳақида кўрсатма берган эди.

«Тадбиркорлар ва умуман жамиятда «Оператор РОП»деб номланган компания фаолияти кўплаб саволлар туғдирмоқда. Шу даражага етдики, бу хусусий ширкатга қарши қандайдир жамоат ҳаракати ташкил қилинган. Ҳукуматга «Оператор РОП» томонидан утилизация йиғими ундирилишини тугатиш чораларини кўришни топшираман. Буни хорижий давлатларда бўлгани каби давлат ташкилоти қилиши керак», — деди Тўқаев парламент мажлисида.

Утилизация йиғими тўланган «Оператор РОП» компанияси 2015 йилда пайдо бўлган. Хусусий компания томонидан қайта ишлаш учун олинадиган йиғим миқдори 1 мингдан 9 минг долларгача бўлган. Расмий маълумотларга кўра, «Оператор РОП» олинган маблағларни чиқиндиларни йиғиш, қайта ишлаш ва йўқ қилиш учун зарур бўлган инфратузилмани яратишга йўналтиради.

Алия Назарбоева монополист компания томонидан олинадиган қайта ишлаш йиғимига алоқадорлиги ҳақидаги хабарларга очиқ изоҳ бермаган, бироқ ОАВ «Оператор РОП» компанияси Қозоғистон собиқ президентининг кенжа қизи билан боғлиқлиги ҳақида ёзган.

2020 йил бошидаги ҳолатга кўра, уч йил давомида «Оператор РОП» ҳисоб рақамларига 220 миллиард тенге келиб тушган. Харажатларнинг энг катта банди - «автосаноатни рағбатлантириш» бўлиб, унга 75 миллиард тенге йўналтирилган. Олти йил давомида кўплаб автомобиль эгалари жорий қилинган утилизация йиғимига қарши чиққан ва 2021 йилда #НетУтильсбору ҳаракати бошланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонда экология вазири ўринбосари ва Алия Назарбоевага алоқадор компания раҳбари қўлга олинди