Фото: Getty Images
Украина президенти Владимир Зеленский баъзи Ғарб давлатларининг эҳтимолий Россия босқини туфайли Украинадан дипломатлари ва уларнинг оилаларини эвакуация қилишни бошлаш тўғрисидаги қарорини хато деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Зеленский хорижий ОАВ вакиллари билан учрашувда маълум қилди, деб ёзмоқда «Украинская правда».
«Ҳа, буни хато бўлди деб, ҳисоблайман. Очиғини айтаман. Бу ҳурматли давлатлар ҳукуматларининг хатоси, дейишга ҳаққим йўқ. Фикримча, бу биз учун, Украина учун хато. Дипломатлардан эвакуация қилинганлар биринчи даражали ходимлар эмас, қабилида сигнал олдик. Мен бундай деб ўйламайман. Бундай вазиятда ҳамма биринчи даражали. Ҳамма ўз жойида бўлиши керак», — дейди Украина раҳбари.
Зеленский элчихона ходимларининг эвакуация қилинишини «муҳим сигнал» деб атади.
«Ҳамма шунга қарамоқда, Европа Иттифоқининг қайси давлатлари, Британия ва АҚШ қандай муносабат билдираётганини ҳамма тушуниб турибди. Менимча, элчихона ходимлари ва дипломатлар шу ерда бўлиши керак. Улар дипломатия капитанлари. Улар давлатларининг вакиллари ва биламизки, капитанлар кемани энг охирида тарк этади. Биз ‘Титаник’ эмасмиз. Украина олдинга интилмоқда», — дея таъкидлади Зеленский.
«UNIAN» хабарига кўра, Зеленский Россиянинг Украинага бостириб кириши эҳтимоли юқори эканига ишонишини айтди, аммо ваҳима қўзғатмасликка яна бир бор чақирди. Унга кўра, Россиянинг эҳтимолий ҳужуми ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлгач, Украина иқтисодиётидан 12,5 миллиард доллар бой берилган.
Бу каби қийинчиликларга давлатимизнинг ёлғиз ўзи дош беролмайди. Давлат захираларидан миллий валютамизни барқарорлаштиряпмиз, шу сабабли бу Украинага жуда қимматга тушади, бу бироз мувозанатсиз ахборот сиёсати.
Ҳатто давлатларнинг ҳурматли раҳбарларидан ҳам сигналлар келди, улар дипломатик тилда ҳам эмас, очиқчасига «Эртага уруш бўлади» дейишди. Бу — ваҳима. Бозорларда ваҳима, молиявий секторда ваҳима. Бу бизнинг давлатимизга қанчага тушади?
24 январь куни АҚШ Давлат департаменти Американинг Киевдаги элчихонаси ходимларининг бир қисмини, оилаларини эса тўлиқ эвакуация қилмоқчилигини маълум қилди. Бундан ташқари, Давлат департаменти АҚШ фуқароларини Украинани тарк этишга чақирди. Буюк Британия ва Австралия ҳам Киевдаги дипломатларининг оилаларини эвакуация қилишни бошлади.
Владимир Зеленский аввал ҳам икки марта украиналикларга Россия босқинининг эҳтимоли юзасидан мурожаат қилган. У халқини ваҳимага берилмасликка чақирган.
27 январь куни Россия Ташқи ишлар вазирлигида Москва «ҳатто рус ва украин халқи ўртасида уруш бўлиши ҳақидаги ғояни номақбул деб ҳисоблаши» маълум қилинди. 28 январь куни Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин «Россия Украина билан урушмайди», бироқ бу «давлатларимизни бир-бирига қарши қайраш учун ҳамма ишни қилаётган Вашингтонни қаноатлантирмайди» деди. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда