10:30 / 22.02.2022
1 140

Байден Донецк ва Луганскка қарши санкциялар қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади

Байден Донецк ва Луганскка қарши санкциялар қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади
Фото: Reuters
АҚШ президенти Жо Байден Донецк ҳамда Луганск халқ республикаларига нисбатан санкцияларни қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй сайтида эълон қилинди. 21 февраль куни Россия президенти Владимир Путин ДХР ва ЛХРнинг мустақиллигини тан олганди.

Ҳужжат билан АҚШ фуқароларига ДХР ва ЛХР иқтисодиётига ҳар қандай инвестицияларни киритиш, Қўшма Штатларга тўғридан-тўғри ёки билвосита республикалардан ҳар қандай товарлар ва технологияларни олиб кириш, АҚШдан ДХР ва ЛХРга ҳар қандай товарларни экспорт қилишни тақиқланди.

Фармонда таъкидланишича, Москва томонидан республикаларнинг тан олиниши «Россиянинг Минск келишувларида белгиланган мажбуриятларига» мос келмайди, шунингдек, Украина суверенитети, барқарорлиги ва тинчлигига таҳдид уйғотади. Шу билан бирга, у «АҚШ миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсатига ноодатий ҳамда фавқулодда таҳдидни ифодалайди», дейилади ҳужжатда.

Оқ уй олдинроқ мазкур фармон тайёрланаётганини эълон қилганди. Баёнотда, шунингдек, Вашингтон «Россия ўзининг халқаро мажбуриятларини бузгани сабабли қўшимча чоралар»ни эълон қилмоқчилиги айтилган эди. «Аниқлик учун: ушбу чора-тадбирлар алоҳида бўлиб, Россия Украинага бостириб кирган тақдирда иттифоқдошларимиз ва ҳамкорларимиз билан биргаликда тайёрлаётган жадал ва қаттиқ иқтисодий чораларни тўлдиради», дейилади баёнотда.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, ДХР ва ЛХРга инвестициялар киритилишини тақиқлаш Россияга республикаларни тан олишдан фойда кўришига халақит беришдан иборат. Санкциялар Украина ёки унинг халқига қаратилмаган.

Блинкен, шунингдек, АҚШ Москванинг қарорини кескин қоралашини қайд этиб, бу каби қадам Россиянинг Минск келишувларидаги мажбуриятларидан «тўлиқ воз кечганини» англатади деб ҳисоблайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байден Донецк ва Луганскка қарши санкциялар қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади